АсосийJamiyat

Халқ банки ходими нега банк тўғрисида туҳмат ва бўҳтонлар тарқатяпти?

'Халқ банки ходими нега банк тўғрисида туҳмат ва бўҳтонлар тарқатяпти?'ning rasmi

Ижтимоий тармоқнинг “sizdantelegram” каналида АТ Халқ банки Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар филиали ходими Дилдора Исмоилованинг филиалда ишловчи аёллар номидан йўллаган видеомурожаати тарқалди. Унда банкнинг Термиз шаҳар филиали амалиёт бўлими бошқарувчиси Парда Тоиров фаолиятидан норозилик билдирилган. Ушбу ҳолат АТ Халқ банки марказий аппарати масъул ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилиб, мазкур филиалда хизмат текшируви ўтказилди. Бу ҳақда Халқ банки матбуот котиби маълум қилди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Дилдора Исмоилова видеомурожаатда келтириб ўтган эътирозларининг бирортаси ҳам ўз тасдиғини топмади. 

Хўш, аслида нима бўлганди? 

АТ “Халқ банки” Бошқарувининг тегишли қарорига кўра Д. Исмоилова ишлаган Сурхондарё вилояти филиали Амалиёт бўлимига қарашли 3-сонли махсус касса самарасиз фаолият юритаётганлиги сабабли штат бирлиги ёпилиши белгиланган. 

Меҳнат кодексининг 92-моддаси талабларига асосан Д. Исмоиловага АТ Халқ банки Сурхондарё вилояти филиали томонидан банкнинг Амалиёт бўлимидаги мавжуд бўш иш ўринлари таклиф этилган. Бироқ у барча таклифларни рад этади.

Шундай бўлсада, Амалиёт бўлими томонидан Д. Исмоиловага таклиф қилинган штат бирлиги, яъни бўш иш ўрни сақлаб келинган. 2019 йил 9 август санасидан ҳозирги кунга қадар касса амалиётлар бўлими кассири лавозимида ишлаб келмоқда. 

Д. Исмоилова Амалиёт бўлими томонидан таклиф қилинган жойларга ўтиб ишламаган ҳамда ўз айби билан ишга сабабсиз келмаган даврлари учун иш ҳақи ундириш мақсадида судга мурожаат қилган. Д. Исмоилова АТ Халқ банки Сурхондарё вилояти филиали ҳисобидан 6.460.616 сўм иш ҳақи ундириш бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди қарорини чиқаришга эришган. 

Бироқ Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди апелляция инстанцияси судлов ҳайьатининг 2019 йил 26 ноябрдаги ажрими билан Д. Исмоилованинг АТ Халқ банки Сурхондарё вилояти филиалига нисбатан “иш ҳақини ундириш” ҳақидаги даъво аризасини рад қилиш тўғрисида янги ажрим чиқарилган.

Айни пайтда Д. Исмоилованинг мазкур амалиёт бўлими ҳисобидан ундириб олинган 6.460.616 сўмни банк филиалига қайтариш чоралари кўрилмоқда. 

Табиийки, бу Д. Исмоиловага ёқмаяпти ва белгиланган пулни қайтармаслик мақсадида Халқ банки тўғрисида ижтимоий тармоқларда турли туҳмат ва бўҳтонлар тарқатишга уринмоқда.

Текширувларда яна бир ҳақиқат маълум бўлдики, Д.Исмоилова 2019 йил 10 декабрдан 2020 йил 6 январгача бўлган 18 иш кунида 2 кун ҳеч бир сабабсиз ишга келмаган. Ушбу даврнинг 15 иш куни давомида эса доимий равишда ишга кечикиб келиш ҳолатлари кузатилган. (Унинг ишга кечикиб келиш ҳолатлари амалиёт бўлими видеорегистратори томонидан қайд этиб борилган).

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Д. Исмоилова ижтимоий тармоқлар орқали ўз айбларини яшириш мақсадида Термиз шаҳар филиали амалиёт бўлими бошқарувчиси Парда Тоировга босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда .

Халқ банки ўз жамоасининг ҳар бир аъзосини ҳурмат қилади ва қадрлайди. Бир нарса аниқки, Д. Исмоиловага бутун жамоа номидан гапиришга ҳеч ким ваколат бермаган, дейилади расмий хабарда. 

    Бошқа янгиликлар