Фарҳод ва Ширин: “Яхши ижодкор рақобат учун ижод қилмайди”...

ШОУ-БИЗНЕС 11.02.2015, 13:59
Фарҳод ва Ширин: “Яхши ижодкор рақобат учун ижод қилмайди”...

Тан олиб айтиш керакки, Ширин ўз Фарҳодини топгандан кейингина унга росмана омад кулиб боқди. Бугун Фарҳод ва Шириннинг мухлислари анчагина. Сабаби, биргаликда яратилган қўшиқларнинг дилга яқинлиги, мавзуларнинг самимийлиги, қўшиқ сўзларидаги ўзбекона андишанинг мужассамлигида, десак янглишмаймиз... Сезганингиздек “Мухлис ва юлдуз” лойиҳасининг бугунги меҳмони Фарҳод ва Ширин. Улар билан Тошкент Давлат миллий рақс ва хореография институти талабаси Барчиной МУХТОРОВА суҳбатлашади.

Айни кунда ижодингизда қандай янгиликлар бор?

Бобур Бобомурод (гуруҳ продюсери): —Янги қўшиқларимиз радио ва телеканаллар орқали тақдим этиляпти. Бугунгача ёзилган, аммо куйланмаган, ёки клип тарзида суратга олинмаган ғояларимиз кўп. Лекин биласизми, биз яратилаётган янги қўшиқ, унинг ғояси, ёки янгиликлар ҳақида олдиндан айтгимиз келмайди. Фақат бир сирни очсам: энди бошқа бастакор ва мусиқий безакчи билан ҳамкорликда ишлаш ниятимиз бор. Устозларимиз куйлаган эски мумтоз қўшиқларни, дунё мусиқасини тинглаб янги ижодий ғояларни режалаштиряпмиз...

Менимча, дунё мусиқасини кўпроқ тинглаяпсиз шекилли... Чунки, охирги пайтларда репертуарингиздан асосан мусиқаси кўчирилган хорижий қўшиқлар ўрин оляпти...

Фарҳод: — Бутун дунё қўшиқчилик санъатида плагиат тушунчаси бор. Аммо плагиатлик ҳам турлича бўлади. Кимдир айнан кўчиради, бошқа биров унга янгича сайқал беради, ўзгартиради. Тўғри, биз қайсидир хорижий қўшиқ мусиқасини кўчириб куйлаётгандирмиз, лекин буни бекитмаймиз.

Ширин: — Аниқроғи, ўша чиройли хоржий қўшиқларни ўзбекча талқинда куйлаб, ўз халқимизга илингимиз келади. Масалан, ўзбек тингловчилари ўша хорижий қўшиқларини умуман эшитмаслиги ёки эшитмаган бўлиши мумкин. Лекин ўзбекча талқинини тинглаб, яхши баҳо беришяпти.

Фарҳод: — Энди, айтингчи, мухлислар талаб қилган қўшиқни нега энди уларга етказмаслигимиз керак? Ўзимизга ёққан хориж қўшиғининг мусиқасини шундоққина кўчириб, тайёрига қўшиқ куйламаймиз. Қўшиқ мусиқасини олиб, унга ҳар хил миллий чолғу асбобларини ёрдамида ўзбекона оҳанглар қўшамиз. Ана ундан сўнг қўшиқни куйлаб, халққа етказамиз.

Бобур Бобомурод: — Ижод ҳаракат ҳам, ҳаражат ҳам талаб қилади... Буни ҳам инобатга олиш керак.

Ижодингизни бошлаганингизга деярли тўрт йил тўлган бўлсада, шоу бизнес майдонида на ортдасиз ва на олдинда?

Фарҳод: — Меъёрдамиз...

Ширин: — Ижод ҳар доим меъёрда бўлгани яхши. Олдинга ўтиб кетиш ҳам, ёки орқада қолиш ҳам нотўғри...

Фарҳод: — Олдинлаб кетиш ёки орқада қолишни рақобат билан қиёслаш мумкин. Менимча, яхши ижодкор рақобат учун ижод қилмайди, тўғрими устоз? (продюсер Бобур Бобомуродга юзланиб).

Бобур Бобомурод: — Рақобат бўлса ҳам соғлом, барча ҳавас қиладиган даражада бўлиши керак. Яхши от кейин чопади. Бизнинг ижоддаги ниятимиз эса бир-икки йил порлаб кейин йўқ бўлиб кетиш эмас. Аниқроғи, биз кўнгил учун, халқ учун ижод қиламиз. Бир пайтлар машҳурликка ҳавас қилган пайтларимиз ҳам бўлган. Лекин ижод фидоийлик, ўзига хос қурбонликни талаб қилишини билганимиздан кейин айнан шу йўсинда ижод қилишга киришдик.

Тўйингиз бўлганлиги ҳақида бир неча марта миш-миш тарқалди. Ҳаётда ҳам Фарҳод ва Ширинмисиз ёки бу шунчаки “пиар” ўйиними?

Ширин: — Йўқ, биз фақат ижодда Фарҳод ва Ширинмиз. Авваламбор бу тақдир. Учрашиб қолганимиз ҳам, келажакда нима бўлиши ҳам тақдир измида. Лекин биз ҳозирча дўстмиз...

Фарҳод: — Биз ҳеч қачон мухлислар учун бошқача кўринишга уринмаганмиз...

Бобур Бобомурод: — Ўзбек халқимиз жуда яхши ниятли халқ-да. Фарҳод ва Ширинни доим бирга кўришяптими, уларнинг оила қуришини исташади, бир-бирингизга моссиз, деб дуо қилишади. Аммо ҳали иккиси ҳам ёш, ижоддан бошқасини ўйлашмаяпти...

Ширин, сиз санъатга энди кириб келган пайтларингизда Ширина эдингиз, энди эса Ширинсиз...

Фарҳод: — Ўша пайтларда кичкина бўлганлиги учун эркалатишган...(кулишади)

Ширин: — Лекин паспортимда Ширина эмас, Ширинман.

Фарҳод: — Мен ҳам паспортда Фарҳодман...

Бобур Бобомурод: (ҳазил аралаш) — Оббо! Биров сўрадими? (кулишади)

Биргаликда ишлаш таклифи кимдан чиққан эди?

Фарҳод: — Консерваторияда бирга ўқиб юрган пайтларимизда Ширин билан бирга ижод қилишга аҳд қилган эдик. Кейинчалик, бу борада устозимиз Бобур Бобомурод билан маслаҳатлашдик. Устоз таклифимизни маъқулладилар. Ўшанда синов тариқасида“Ёшликда берган кўнгил” номли қўшиғимиз халққа манзур бўлганидан сўнг биргаликда ижод қила бошладик.

Нега фақат продюсерингизнинг шеърларини қўшиқ қилиб куйлайсиз? Менимча, бошқа шоирлар билан ҳам ҳамкорликда ишласангиз ижодингизда сезиларли янгилик бўлиши мумкин...

Фарҳод: — Лекин шоирлар орасида Бобур акадан яхшироғини кўрмаяпмиз...(кулишади).

Ширин: — Мен ҳам шуни айтмоқчиман. Бизга фақат устозимизнинг шеърлари ёқади. Шунга қарамай, Бобур ака бизга бошқа бир шоирнинг шеъри ёқиб қолса, олиб келинглар, қўшиқ қилиб ёзамиз, деб айтган. Шоиримиз бизнинг ичимиздан қанақа ҳис-туйғу ўтаётганини ҳис қилади... Кўринишимиз, феъл-атворимиздан келиб чиқиб, бизни тушунган ҳолда шеър ёзади.

Фарҳод: — Шуни айтиш керакки, Бобур ака бизнинг ижодимизни ҳеч қачон чегаралаб қўймаган. Бобур аканинг шеърлари ёшу қарининг кўнглига бирдек йўл топа олади.

Бобур Бобомурод: — Бошқа шоирлар билан ҳамкорликда ишлаш ниятимиз ҳам бор. Лекин ҳозирча бастакорлар, шоирлар таклиф қилаётган шеърлар бизни қониқтирмаяпти...

— Фарҳод, адашмасак, илгари бошқа компания билан шартномангиз бўлган, уни бекор қилмай туриб, Ширин билан ижодингизни бошлагансиз...

Фарҳод: — Йўғ-е? Бунақа гапларни қаердан топишади? (кулишади). Бекор гап. Аввалги “компаниямиз” консерватория бўлган. Ҳатто ҳозир ҳам шартнома асосида ижод қилаётганимиз йўқ. Чунки орамизда дўстлик ва ишонч бор.

— Ширин, сиз Фарҳод билан ишламаганингизда унчалик таниқли эмасдингиз. Фарҳод билан ишлай бошлаганигиздан кейин сизни мухлислар таний бошлашди. Буни тан оласизми?

Ширин: — Тўғри, гапингизда жон бордек... Лекин ўша пайтда ҳам продюсерим, устозим Бобур ака эди. Бунинг сабабини шундай изҳолаган бўлардим. Ўша пайтлар ҳам қўшиқлар ёзганмиз, лекин ҳозиргидек реклама қилмаганмиз. Чунки у пайтлар мен талаба эдим, ўқишга жиддий қарардим.

Ширин, клип жараёнида Фарҳодга нисбатан сиз кўпроқ меҳр кўрсатгандек, карашма қилгандек туюласиз...

Ширин: — Энди-и-и... Мен яхшироқ рол ўйнасам керак-да.

Фарҳод: — Сиз ҳали рол ҳам ўйнаётганмидингиз? (кулишади)

Ширин: — Эркак кишининг ёнида аёл киши, қиз бола карашма қилади-да. Ноз-карашма аёлларга хос. Бир оз жиддий бўлиб туриш эса эркакларга ярашади.

Фарҳод: — Шириннинг ёнида мен нозланиб турсам бўлмас...

Бобур Бобомурод: —Ҳозир Фарҳод ва Ширин айни муҳаббат ёшида. Томошабинлар ҳам буларга қараб ўзининг ёшлигини, келажаги кўради. Шу боис ноз-карашма қилишлари қайсидир маънода имидж, яъни нормал ҳолат бўлса керак.

Бобур ака, сиз Афсона билан ҳам ҳамкорликда ишлаётгандингиз. Охирги пайтларда эътиборингизни кўпроқ Фарҳод ва Ширинга қаратаётгандексиз...

Афсона билан ҳам ишлаяпмиз... Биласизми, ҳар бир ижодкорнинг ижодида танаффус даври бўлади. Яъни шу даврда санъаткор ўйлаб, кейинги мақсадларини аниқлаб олиши ва шу мақсадлар учун тайёргарлик кўриши керак. Чунки ҳозир шоу бизнес шу даражада мураккаб ва ранг-барангки, бирдан ярқ этиб порлаб чиқиш қийин. Афсонани қайтадан афсона қиладиган яхши мавзу қидиряпмиз, қўллаб-қувватлаяпмиз. Бу ҳам омадга боғлиқ жараён-да! Ҳаракати бор... Мен ҳеч қачон Афсона ва Фарҳод Ширинни айирмаганман. Ўз вақтида Афсона гуркираб, танилиб ижод қилаётганда унга омад келган эди. Айни пайтда у яна ўшандай омадли дамлар келишини кутяпти...

Моҳичеҳра Эшмирзаева ёзиб олди

Фотомухбир: Алихан УТАРБЕКОВ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1