1

Микроқарзларни тўлаш учун фирибгарлик қилган шоввоз қўлга тушди

ЖИНОЯТ 13.01.2020, 15:01
Микроқарзларни тўлаш учун фирибгарлик қилган шоввоз қўлга тушди

            Бир унитар корхонада назоратчи вазифасида ишлайдиган, муқаддам судланган 34 ёшли судланувчи 2018 йилнинг июнида Поп туманида яшовчи қизга “Ёшлар иттифоқида ишлайман. Президент топшириғига кўра, истеъдодли ёшларни танлаб, уларни ўқишга жойлаб қўйиш учун келганман. Сизни ҳам “Низомий” номидаги Тошкент педагогика институтига ўқишга киритиб қўяман, домла танишларим бор”, деб унинг ишончини суиистеъмол қилади...

            — 40-50.000.000 сўм харажат кетади, дейди устамон йигит. 

2018 йил июнидан 2019 йил мартига қадар 

  • шеър ва ҳикояларини нашр қилдириш учун 5.000.000 сўм, 
  • ўқишга кирганини айтиб алдаб, “ўқишга тўловга” деб 10.000.000 сўм, 
  • ўқишга форма тиктиришга 1.500.000 сўм, 
  • телевидение харажатига 300.000 сўм, 
  • тадбир харажатларига 700.000 сўм, 
  • китобларини тарқатиш харажатларига 1.000.000 сўм, 
  • ўқиш шартнома тўловига 14.000.000 сўм, 
  • ўқиш амалиётини тўғрилаб беришга 1.580.000 сўм, 
  • нашр қилинган китоблар учун пул туширилганини айтиб, 6 нафар фуқароларнинг пластик карталарини сўраб олган. Уларнинг банк пластик карталаридан жами 2.711.000 сўм маблағни ечиб олади. Жами 2.150.000 микроқарз олиб, жами 4.861.000 сўм зарар етказади. 
  • 2019 йил мартида телевидениедаги таниши орқали журналист қилиб ишга киритишга, деб пора беришга далолат қилади. 4.000.000 сўм, жами 42.941.000 сўм маблағини қўлга киритиб, талон-торож қилган.

 

“МИКРОҚАРЗЛАРИМНИ ТЎЛАШ УЧУН ИШЛАТДИМ”

Судланувчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлди...

— Жазони ижро этиш колониясидан келганимдан сўнг мусиқий асбобларимдан тадбир ва байрамларда фойдаланиб тирикчилик қилишни бошлаганман. 2018 йил 15 июнда Поп тумани қишлоқдаги маданият саройига бордим. Санъат саройидаги ходимлар ва Ёшлар иттифоқи Поп туман кенгаши ходимлари мусиқий кеча ташкил қилиб, ўзим у ерда иштирок этдим. Ўша куни тадбир давомида ташқарига чиқиб, дўконга сигарет сотиб олиш учун кириб, дўкондаги сотувчи қизнинг онаси билан гаплашиб қолдим. Аёл “қизим бор, шеърлар ёзади. Қизимни ҳам шундай тадбирларда давраларга олиб чиқиб, шеърларини ўқиб беришига имконият қилиб беринг. Қанча маблағ кетса ҳам тўлайман. Фақатгина қизим тадбирларда фаол иштирок этиб, ҳамманинг назарига тушишини хоҳлайман”, деди. Кейин қизини чақиртирди, қизи ўзи ёзган шеърларини қўлёзма шаклда олиб келди. Шеърларини ўқиб кўриб, “яхши ёзган, қизингиз истеъдодли. Тадбирларда иштирок этишига ўзим ёрдам бераман”, дедим. Улар эса “бунинг учун қанча пул кетса берамиз”, дейишди. 

Орадан 2-3 кун ўтиб, қиз менга қўнғироқ қилди. Поп туман марказига ёзган шеърларини олиб боришини айтдим. У билан учрашиб, қўлёзма ёзилган шеърларини олдим. Уни ўқишга киритиб қўйишим, унгача бу шеърларини домлаларга кўрсатиб келишимни айтиб ишонтирдим. 

— Бунинг учун 40-50.000.000 сўм атрофида пул кетади, дедим.

Ҳақиқатан ҳам 2018 йил июнда шеър ва ҳикояларини нашр қилдириш учун 500.000 сўм, “ўқишга кирдингиз”, деб алдаб, ўқишга тўлов учун деб 2.000.000 сўм олдим. 

            Уларни алдаб, жами 15-20.000.000 атрофидаги пулларни олганим тўғри. Пул зарур бўлиб қолгани сабаб, қизни ўқишга кирганини айтиб алдадим. Пулларни эҳтиёжларимга ишлатиб юборганман. 

            Ўша пайтлари Поп тумани ҳудудида ногиронлар билан ишловчи матолар ишлаб чиқарувчи цех очишни режалаштириб юргандим. Қиздан олган пулларимни ушбу цехни ишга тушириш учун ишлатиб юбордим. 

Қизга “Тошкентдаги Низомий номидаги педагогика институтининг журналистика факультетига ўқишга киритиб қўяман”, деб алдаб, ишонтирдим. Турли баҳоналарни ўйлаб топиб пулини олишга эришдим. Ҳатто қизнинг шеърларини Наманган шаҳридаги босмахонада китоб ҳолида чиқартиришим, китобларни чиқартирсам ўқишга осонроқ кириши мумкинлиги, бунинг учун пул керак бўлишини айтиб алдаганман. Қиз ва унинг оиласига шеърлари китоб ҳолига келтирилиб босмадан чиқарилгани, Намангандаги бир банкда қизнинг номига ҳисоб рақами очилгани, китоблари Тўрақўрғон туманидаги мактабларга тарқатилиб сотилиб, жами 106.000.000 сўм пул ҳисоб рақамида йиғилганини айтиб уларни ишонтирдим. 

            2019 йил мартда қизнинг онасига қўнғироқ қилиб, “банкдаги пулларни пластик карточкаларга тушириб олиш керак. Бунинг учун 6 та бўш пластик карточка топиб беришингиз керак”, дедим. Қизнинг онаси ҳамқишлоқларидан жами 6 та пластик карточкани кодлари билан бирга топиб берди. Кейинчалик ушбу пластик карточкаларга тушган ойлик ва пенсия пулини Агробанкда бўлган микроқарзларимни тўлаш учун ишлатдим. Шунингдек, жабрланувчини ишончига кириш мақсадида унинг уйида тадбир уюштирдим. Унинг қариндошлари ва қўшниларини чақиртириб, Тошкентда қизнинг китоблари чиқарилгани учун унга Тошкентдан фахрий ёрлиқ бериб юборишганини айтдим. Тадбирда қатнашган барча жабрланувчининг қариндошлари ва қўшниларининг гувоҳлигида унга фахрий ёрлиқ топширдим. Фахрий ёрлиқни Поп шаҳридаги дўкондан сотиб олганман. Жабрланувчи ва унинг оила аъзоларида 48.000.000 сўм миқдоридаги пул бўлмаган. Ўқишга киритиш ва амалиётни ҳал қилиш масаласини ўзим ҳал қилишимни айтиб пулларни олганман. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида ҳеч қандай танишларим йўқ. Зарарни қисман қоплаганман, айбимга иқрор ва чин кўнгилдан пушаймонман.

 

“4 ЙИЛ ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ЖАЗОСИ ТАЙИНЛАНДИ”

Акром АРИПОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди катта консультанти: 

— Судланувчи ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилди.

ЖКнинг 59-моддаси 2-қисми тартибида судланувчига тайинланган жазоларни қисман қўшиб, узил-кесил 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

ЖКнинг 60, 61-моддалари тартибида судланувчига тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг 2016 йил 8 сентябрдаги ҳукми билан тайинланиб, жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2018 йил 24 майдаги ажримига кўра алмаштирилиб, ўталмай қолган 1 йил 11 ой 7 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг ҳар уч кунини озодликдан маҳрум қилиш жазосининг бир кунига тенглаштириб ҳисоблаб, жазоларни қисман қўшиб, узил-кесил ўташ учун 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жазони ўташ муддати 2019 йил 21 ноябрдан бошлаб ҳисобланиб, жазони қаттиқ тартибли колонияларида ўтаттирилиши белгиланди.

Судланувчи жами 42.941.000 сўм зарарнинг 9.080.000 сўми қоплангани инобатга олинди.

Судланувчидан пора предмети сифатида 4.000.000сўм давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.

Судланувчидан жабрланувчи фойдасига 29.861.000 сўм ундирилиши белгиланди.

Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан, судланувчи ва жабрланувчи эса ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида шу суд орқали жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судига апелляция тартибида, ҳукм қонуний кучга киргач эса, кассация тартибида шикоят бериш ёки протест келтиришга ҳақли.

 

Садоқат Аллаберганова, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1