1

Польшага ишга юборишнинг нархи қанча?

ЖИНОЯТ 13.01.2020, 23:17
Польшага ишга юборишнинг нархи қанча?

 Вақтинча ишсиз бўлган 41 ёшли сурхондарёлик судланувчи тер тўкмай осонгина мўмай даромадга эга бўлиш истагида режа тузади. Бир нечта фуқароларга Меҳнат ва ташқи миграция масалалари агентлиги орқали Польшага ишга юборишни ваъда қилиб, улардан турли миқдордаги пулларни олади. Ҳатто, ишончига кирган баъзи фуқароларга ер участкаси ва уй олиб беришни ҳам ваъда қилади. Бироқ, “бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деб бежиз айтишмаган...

2017 йил декабрда биринчи “ўлжасини” ва унинг акасини ишончига кириб, жами 4.000 доллар эвазига Меҳнат ва ташқи миграция масалалари агентлиги орқали Польшага ишга юборишни ваъда қилади. Фуқародан келишилган пулларни Термез-Тошкент йўналиши бўйича қатновчи ҳайдовчи орқали почта сифатида олиб, берган ваъдасини бажармайди.

Марказий банкнинг маълумотига кўра, 2017 йил 20 декабрь ҳолатига 1 АҚШ долларининг миллий валюта сўмга нисбатан бўлган қиймати 8.101,62 сўмни, 4.000 АҚШ доллари 32.406.480 сўмни ташкил қилган.

Бундан ташқари, судланувчи “фаолияти”ни давом эттириб, 2018 йил тахминан февралда галдаги “ўлжаси”нинг ишончига киришга эришади. Унинг ўғлини 2.500 доллар эвазига Меҳнат ва ташқи миграция масалалари агентлиги орқали Польшага ишга юборишни ваъда қилади. Ундан жами 2.500 долларни Термез-Тошкент йўналиши бўйича қатновчи ҳайдовчи орқали почта сифатида олади.

Марказий банкининг маълумотига кўра, 2018 йил 10 февраль ҳолатига 1 АҚШ долларининг миллий валюта сўмга нисбатан бўлган қиймати 8.188,33 сўмни 2.500 АҚШ доллари 20.470.825 сўмни ташкил этган.

Шу тариқа 2018 йил тахминан февраль ойи ўрталарида яна бир фуқаронинг ишончига кириб, унинг ўғлини 2.400 доллар эвазига Польшага ишга юборишни ваъда қилади. Ундан жами 2.400 долларни олади.

Марказий банкининг маълумотига кўра, 2018 йил 20 февраль ҳолатига 1 АҚШ долларининг миллий валютаси сўмга нисбатан қиймати 8182,73 сўмни, 2.400 АҚШ доллари 19.638.552 сўмни ташкил қилган.

Февраль ойи ўрталарида яна бир фуқаронинг ишончига кириб, 2.000 долларни қўлга киритади. Марказий банкининг маълумотига кўра, 2018 йил 20 февраль кунига 1 АҚШ доллари пул маблағининг миллий валютаси сўмга нисбатан бўлган қиймати 8182 сўм 73 тийинни ташкил этиб, жами 2.000 АҚШ доллари 16.365.460 сўмни ташкил этган.

Февраль ойи охирларида эса галдаги “мижоз”нинг ишончи сабаб, яна 2.000 долларли бўлади. Марказий банкининг маълумотига кўра, 2018 йил 27 февраль кунига 1 АҚШ доллари пул маблағининг миллий валютаси сўмга нисбатан бўлган қиймати 8171 сўм 64 тийинни ташкил этиб, жами 2.000 АҚШ доллари 16.343.280 сўмни ташкил этган.

Март ойи бошларида эса Чилонзор туманида жойлашган буюм бозори олдида навбатдаги фуқаронинг ишончига киради. Уни ва қариндошини 2000 доллар эвазига Польшага ишга юборишни ваъда қилади. Улардан жами 4.000 долларни олади.

Марказий банкининг маълумотига кўра, 2018 йил 06 март кунига 1 АҚШ доллари пул маблағининг миллий валютаси сўмга нисбатан бўлган қиймати 8163 сўм 46 тийинни ташкил этиб, жами 4.000 АҚШ доллари 32.653.840 сўмни ташкил этган.

Шу вақтгача барча “ўлжалари”га Польшага ишга юборишни ваъда қилиб келган бўлса, июль ойи ўрталарига келиб эса “сценарий”ни бироз ўзгартиради. Аниқроғи, бир фуқарога Қибрай туманида ер участкасини олиб беришни ваъда қилади. Ундан жами 1.000 доллар ва 16.000.000 сўмни олади.

Марказий банкининг маълумотига кўра, 2018 йил 13 июль кунига 1 АҚШ доллари пул маблағининг миллий валютаси сўмга нисбатан бўлган қиймати 7813 сўм 42 тийинни ташкил этиб, жами 1.000 АҚШ доллари 7.813.420 сўмни ташкил этган.

Ноябрь ойида эса бир аёлга уй олиб беришга ёрдам беришини ваъда қилади. Аёлдан жами 13.000.000 сўм пулларни олиб, берган ваъдасини бажармайди.

“ҲОЗИРДА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ИМКОНИЯТИГА ЭГА ЭМАСМАН”

Судланувчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлди...

- 2017 йил декабрь ойи охирларида пул топиш учун танишларимдан алдов йўли билан пулини олишни режалаштирдим. Курсдошимга қўнғироқ қилиб, унга Польшага Ташқи Миграция орқали ишлаш учун кетиш имконият борлигини айтдим. Бу учун 2.000 доллардан тўлаш кераклиги ва тегишли ҳужжатларини юбориши кераклигини билдирдим. У менга ўзи ва акаси учун 4.000 долларни Термез-Тошкент қатновчи такси орқали юборди. Сўнг орадан озгина вақт ўтиб, курсдошим қўнғироқ қилди.

- Қишлоқдошларим ҳам Польшага бормоқчи бўлиб олдимга келишди. Уларга ҳам ёрдам бер, - деди.

Қишлоқдошларига группа йиғилишини айтиб ишонтирдим. Пулларини Термез-Тошкент йўналишида қатновчи такси орқали жами 20.000 долларга тенг пулларни олдим. Уларни шахсий эҳтиёжларимга ишлатдим. Уларга турли хил баҳоналар қилиб юравердим.

Курсдошимнинг қишлоқдошларидан бири мен яшаётган Мирзо Улуғбек туманидаги уйимга келди. Менга 2.000 доллар билан ҳужжатларини нусхаларини бериб кетди. Уларни ҳам алдаб кетказиб юбордим.

2018 йилнинг февраль ойи охирларида курсдошим билан телефон орқали гаплашиб, унга ҳам Польшага ишга юборишни ваъда қилдим. Жами 4.000 долларини Чилонзор туманидаги савдо мажмуаси олдида олдим. Сўнг унинг пулларини қисман қисман қилиб жами 315 доллар ва 12.000.000 сўм пулларни қайтариб бердим.

Бундан ташқари, бир фуқаро билан танишиб, ундан жами 1.000 доллар ва 16.000.000 сўм пулларни қарзга олдим.

2018 йил ноябрда Мирзо Улуғбек туманидаги яшаб юрган вақтим қўшним билан гаплашиб, ундан 13.000.000 сўм пулларни қарзга олдим. Лекин уларга уй сотиб олиб беришни ваъда қилмаганман.

Ҳозирда етказилган зарарларни қоплаш имкониятига эга эмасман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман.

"5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди"

Фаррух ТУРАХОДЖАЕВ, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси:

- Судланувчи ЖК 168-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва унга ушбу моддага асосан ЖК 57-моддасини қўллаган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг судланувчидан жабрланувчиларга моддий зарар суммалари ундирилиши белгиланди.

Жабрланувчилар фойдасига долларда ундирилиши белгиланган моддий зарар суммаси моддий зарар ундирилган кундаги 1 АҚШ долларининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси — сўмга нисбатан қийматида ундирилиши белгиланди.

Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, ўн сутка ичида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг эса жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят бериши ёки протест билдириши мумкин.

Садоқат Аллаберганова, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1