Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2018 йил 8 ноябрдаги 20532-хҳ-сонли топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида умумтаълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчиларини лизинг асосида ноутбук ҳамда планшетлар билан таъминланади. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Анвар Умаров хабар берди.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси 2019 йилнинг 7 ноябрдаги 01-02-2/1792 ва 27 январдаги 02-1/27-сонли хатлари билан Халқ таълими вазирлигига мурожаат этиб, ноутбук ва планшетларни лизинг ёки кредит асосида харид қилиши мумкин бўлган ўқитувчи ва ўқувчилар сонини аниқлаб беришни сўраган.
Мазкур хатга мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги томонидан 2019 йилнинг 03-04/4-1952-сонли, 2019 йил 10 декабрда 03-04/4-2157-сонли хатлари билан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқларига мурожаат этилиб, ноутбук ва планшетларни лизинг ёки кредит асосида харид қилиши мумкин бўлган ўқитувчи ва ўқувчилар сони ҳақида маълумот олинди.
Жойлардан олинган эҳтиёжлар тўғрисидаги маълумотлар умумлаштирилиб, Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил 26 декабрдаги 03-04/4-2359-сонли хати билан “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига тақдим этилди.
Унга мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги ноутбукларни сотиб олишни ўз зиммасига олмаган.
Айни вақтда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан “Weidong Cloud Education Group” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ноутбук ва планшетлар ишлаб чиқариш бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.






