1

Бухородаги "тиллачилар" солиқ ходимларини нимада айблаяпти?

ЖАМИЯТ 19.01.2020, 13:28
Бухородаги "тиллачилар" солиқ ходимларини нимада айблаяпти?

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Бухорода қимматбаҳо металл буюмлар ясаш ва сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан боғлиқ видеолавҳалар тарқатилмоқда. Ушбу лавҳаларда айрим фуқаролар давлат солиқ хизмати органларини тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётганликда айблаганлар. Ушбу ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ДСБ Ахборот хизмати расмий изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳолат бутунлай тескари. Негаки, “Карвон” буюм бозори ҳудудида фаолият юритаётган 100 дан ортиқ олтин, кумуш ҳамда бошқа қимматбаҳо тош ва зеб-зийнатлар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар бир неча кун илгари вилоят давлат солиқ бошқармасида бошқарма раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда уларга мазкур бозордаги заргарлик буюмлари билан савдо қилиш жойининг айни пайтдаги тартибсиз аҳволи умуман талабга жавоб бермаслиги, унинг устига бу ердаги тадбиркорларнинг фаолияти амалдаги фаолият турига тўғри келмаслиги айтилган.

Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5721-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 октябрдаги “Замонавий заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ВМ-851-сонли Қарори мазмун-моҳияти  батафсил тушунтирилган эди.

Аслида қарор талабларига мувофиқ ушбу тадбиркорларга 2019 йилнинг 1 июлига қадар фаолиятларини қонунийлаштириш учун муддат берилган. Бироқ шунча вақт ўтганига қарамай, ушбу фуқаролар ҳануз юридик мақомга эга бўлмасдан фаолиятларини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давом эттириб келмоқдалар.

Ўз ўрнида давлат солиқ хизмати ходимларининг ана шундай ноқонуний тарзда ва тартибсиз кўринишдаги савдо расталарида савдо қилаётган тадбиркорларга тегишли тартибда огоҳлантиришлар берилган.

Давлат солиқ бошқармасидаги учрашувда бошқарма бошлиғи мазкур тадбиркорлик субъекти вакилларига уларнинг ушбу ҳатти-ҳаракатлари солиқ қонунчилигига хилоф эканлигини яна бир бор эслатиб, ҳукумат қарор ва фармонлари билан белгилаб берилган муддат ўтиб бўлгани боис, мажбуриятларини 3 кун муддатда бажаришлари лозимлиги айтилганди.

Йиғилишда билдирилишича, шу пайтгача вилоятда заргарлик буюмлари савдоси учун талаб даражасидаги савдо маркази бўлмаган. Шу боис, давлат солиқ хизмати органлари ходимлари уларни огоҳлантириш билан кифояланишган, холос. Аммо энди улар учун етарли шарт-шароит яратилган. Бундан ташқари, йил якунига қадар вилоятда яна камида иккита заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришдан тортиб, сотишгача бўлган тўлиқ жараённи ўз ичига олувчи замонавий заргарлик марказлари ташкил этилади. Шундай экан, қонунни бузишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлиги таъкидланди.

"Эслатиб ўтамиз, заргарлик буюмлари савдоси билан шуғулланувчилар фаолияти лицензияланган, тадбиркор давлат рўйхатидан юридик шахс сифатида қайд этилган тадбиркорлик гувоҳномасига ҳамда турғун савдо шахобчаси ва тижорат дўкони назорат касса техникасига эга бўлиши шарт", — дейилади расмий хабарда.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1