1

"Бухорода оғзини эплолмайдиган ГАИ ходими"га интизомий жазо қўлланилди

ЖАМИЯТ 19.01.2020, 13:56
"Бухорода оғзини эплолмайдиган ГАИ ходими"га интизомий жазо қўлланилди

2020 йил 18 январь куни ижтимоий тармоқларда “БУХОРОДА ОҒЗИНИ ЭПЛОЛМАЙДИГАН ГАИ ХОДИМИ” деб изоҳланган 23 дақиқа 2 сонияли видеолавҳа эълон қилинди. 

Ушбу ҳолат тезкор ўрганилди ва натижалар Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот хизмати томонидан маълум қилинди. 

Ўтказилган текширув ҳаракатлари давомида, ушбу видео дастлаб 2019 йил 14 сентябрь куни “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Bukhara best” каналида эълон қилинганлиги, видеотасвирдаги ҳолат 2019 йил 11 апрель куни содир бўлганлиги маълум бўлди.

Аниқланишича, 2019 йил 11 апрель куни Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан тасдиқланган тақсимотга асосан ЙҲХБ ЙПХ инспектори сафдор Т.Т.Ибодов Бухоро шаҳар И.Каримов кўчасида йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизматга жалб этилган. Шу куни соат 12:30 ларда сафдор Т.Т.Ибодов “Бухоро” кинотеатри томонидан эски “Дилкушо” бозори йўналишида ҳаракатланиб келаётган, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро Б.Б бошқарувидаги 80Х414МА давлат рақам белгили “Нексия-3” русумли автомашинани қувиб ўтиш қоидасини бузганлиги учун тўхтатган.

Сафдор Т.Т.Ибодов белгиланган тартибда ҳайдовчига ўзини таништириб, содир этган қоидабузарлиги ҳақида айтганида, ҳайдовчи Б.Б йўл ҳаракати қоидаларини бузмаганлигини билдирган ва улар ўртасидаги ўзаро суҳбат низоли тус ола бошлаган. Шуларни инобатга олиб, ЙПХ инспектори сафдор Т.Т.Ибодов вазиятнинг кейинги чигаллашувини олдини олиш мақсадида ҳайдовчи Б.Б.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмасдан, уни огоҳлантириш билан чегараланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган хизмат текшируви давомида, сафдор Т.Т.Ибодов айнан ҳайдовчи Б.Б.ни ҳақорат қилмаган бўлсада, мулоқот жараёнида ҳақоратли сўзларни ишлатиб, муомала маданиятига риоя қилмаганлиги аниқланган. Шу сабабли текширув якуни билан сафдор Т.Т.Ибодовга нисбатан тегишли интизомий таъсир чораси қўлланилган.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1