Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигида вилоятнинг барча ташкилот раҳбарлари Қирғизистон ҳудудидаги анклав ҳудуд – Чўнғара қишлоғига ташриф буюрди. Бу ҳақда Соф.уз хабар берди.
Атиги 240 хонадондан иборат, 1400 нафар фуқаро яшайдиган Чўнғара қишлоғида уюштирилган кутиб олиш маросимида ўқувчи қиз атласдан тикилган юпқа кўйлакда ҳокимни кутиб олиш маросимига чиқарилди. Суратда тадбирга келган амалдорлар мавсумга мос, иссиқ курткалар кийганини кўриш мумкин.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилишича, Чўнғара қишлоғидаги ягона мактабда – 259 та ўқувчи таҳсил олади. Ҳоким ташрифи чоғида мактабга 50 та компьютер, 2 000 та ўзбек ва хориж адабиёти китоблари, бокс, теннис, каратэ турлари билан шуғулланиш жиҳозлари, юздан зиёд волейбол, баскетбол, футбол тўплари, тўгараклар учун миллий чолғу асбоблари, ҳар бир компьютер учун 50 та махсус мебель столлари келтирилди.
Вилоят ҳокими қарори билан ушбу мактабга бошқа жойдан қатнаб ишлайдиган фан ўқитувчилари яшаши учун икки қаватли 15 та 3 хонали хонадони бўлган уй қуриб берилади.
Шунингдек, шифокорлар томонидан қишлоқ аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилиб, Қишлоқ врачлик пунктига 350 миллион сўмлик 21 турдаги биринчи ёрдам дори воситалари ҳамда керакли тиббий анжомлар келтирилган.






