АсосийShou-biznes

Турғун Азизов: “ҲОЗИРГАЧА МЕНИ КЎРИБ “АНА, ОТЕЛЛО” ДЕЙИШАДИ!”

Қирол Лирнинг дарди, Отеллонинг рашки, Мирзо Улуғбекнинг заковати,  Амир Насруллонинг қаҳри, “Мафтунингман”даги Бакирнинг хонишларини бир ёдга олинг-а... Бу рўйхатни узоқ давом эттирмасакда театр ва кино санъатида ўзига хос ўринга эга актёр кўз ўнгингизда гавдаланади. Англаганингиздек, бугун Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти “Актёрлик ва режиссёрлик маҳорати” кафедрасининг профессори, Ўзбекистон халқ артисти Турғун АЗИЗОВ 80 йиллик ҳаёти ва 61 йиллик ижодига назар ташлайди...

“Онам олиб қўядиган сут ҳануз ёдимда”

— Болалигимни жуда яхши хотирлайман. Отам хизматчи, онам уй бекаси эди. Ўн бир  фарзанд эдик, ҳозир еттовлон қолдик. Тўнғич ўғилман. Опам билан акам вафот этгани оис менга Турғун, деб исм қўйишган. Афсуски, укам Ҳасанхон ҳам оламдан ўтиб қолди. Уруш йилларида вояга етганим, ўша вақтдаги қийинчиликларни кўрганим боис ҳозирги дориламон кунларимизга беихтиёр шукрона айтаман. Оиламиз катта бўлгани сабаб, яшаш учун кураш осон кечмаган. Бироқ уйимизда қўй, сигир бўлгани боис сут маҳсулотларидан қийналмасдик. Ҳануз ёдимда, онам кечқурун сигир соғиб, ҳар биримиз учун косада сут олиб қўярди. Эрта тонгдаги насибамиз шу сут билан бошланарди.          

“Ижодимда Тошхўжа Хўжаевнинг ёрдами катта”

— Ўша даврдаги қонун-қоидага кўра мактабга тўққиз ёшдан қабул қилинарди. Отам мени рус мактабига бермоқчи бўлганида онам қаршилик қилган. Отам иккита тилни билиш фойдадан холи бўлмаслигини обдон тушунтиргачгина онам фикридан қайтганди. Маҳалламизда рус болалар билан дўстлашганим учунми 48-сонли рус мактабида ўқий бошлаганимда бу тилида фикр юритишим осон кечган. Ўзбекистон Давлат театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирганимда ўзбек тилида гапиришга қийналганман. Ҳатто имтиҳонга ҳам Симоновнинг “Русский вопрос” асаридаги “Смит” монологини тайёрлаб бориб, ўқишга қабул қилинганман. Лекин қабул ҳайъатидагилар “бу йигитнинг камчилиги русийзабон эканлигида”, дейишганда профессор Радун “Ўзбек тилини тез орада мукаммал ўрганиб олишига ишонаман, дунё дурдоналари рус тилида эканини ҳисобга олсак, рус тилини билгани фойдали”, деганди. Бахтим шундаки, режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Тошхўжа Хўжаевдан таҳсил олиш насиб этган. У киши ҳар куни менга рус тилидаги асарларни ўзбек тилига таржима қилдириб, шу тариқа ўзбек тилини ўргатган.

Отам иқтисодчи бўлишимни истагани учун санъат соҳасини эгаллашимга қаршилик қилган. Кунларнинг бирида аммамнинг қизи Маъмура опам уйимизга келганида, театр ҳақида гапириб қолди. У вақтларда аввалги Ўзбекистон Давлат театр ва рассомчилик институтида ўқирди. Мени институтига таклиф қилганида, Нозим Ҳикматнинг “Фарҳод ва Ширин” асарини кўриб, театр санъатига нисбатан қалбимда илиқлик пайдо бўлганди. Аслида театр ҳақидаги илк таассуротни 8 ёшимда олгандим. Уйдагилар “Аброрни ўйнаган ролини кўриш учун театрга борамиз”, деб қолишди. Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, Ўзбекистон халқ артисти Аброр Ҳидоятов ва режиссёр Йўлдош Аъзамов тоғаларим. Табиийки, “мен ҳам бораман!” деб яхшигина тўпалон қилганман. Энг қизиғи, “Отелло” спектаклини кўриб, ҳеч нимани тушунмаганман. Фақатгина қора танли одам чиройли оппоқина аёлни бўғиб ўлдирганди, холос (мириқиб кулади

                  

Телевидениедаги илк спектаклда роль ўйнагшанман

Ижодимда телевидениенинг ўрни беқиёс. Боиси ҳар ҳафта жонли ижрода янги асар суратга олинарди. Шахсан мени халққа таништирган ҳам телевидение! Бу ерда икки юздан ортиқ катта-катта роллар ижро этганман. Ёдимда, учинчи босқичда ўқиётганимда Чеховни “Ваня тоға” асарини диплом спектаклига тайёрлаётган кезларимиз эди. Телевидениенинг биринчи бош режиссёри Армуғон Муҳаммедов мана шу спектаклимизнинг учинчи картинасини экранга олиб чиққан. Ва “Бахтли санъаткорсизлар, телевидениеда илк бор намойиш этилган спектакль актёрларисиз, шу билан ТВ тарихида қоласизлар”, деганди.

1954 йили Тошхўжа Хўжаев Ойбекнинг “Қутлуғ қон” спектаклини саҳналаштираётганди, ўшанда ўн учта талаба оммавий саҳналарга жалб қилди. Театрнинг биринчи вакиллари бўлган буюк актёрлар билан учрашиш, бирга ишлаш насиб қилган. Ўзбекистон халқ артистлари Тўти Юсупова, Рихси Иброҳимова ва раҳматли Турғун Холтўраев ва мен театрга деярли бир вақтда қадам қўйганмиз. Ўша оммавий саҳналардаги ижроимизни кўрган устоз санъаткорлар, театр директори Сора Эшонтўраевага “шу талабаларни театрда олиб қолиш керак”, деган. Ва бир йўлини қилиб, “ёрдамчи таркиб”, дея ўн кишини ишга қабул қилишган. Шунда театрдаги актёрлар жамоаси умумий 64 кишини ташкил қилган. То бугунги кунгача шу сон сира ўзгармайди, Сора опанинг тартибига бугунги кунгача риоя қилиниб келинади.

Институт саҳнасидаги Чеховнинг “Ваня тоға”си илк катта ролим бўлганди. Иккинчиси Шиллернинг “Макр ва муҳаббат” асаридаги Фердинанд роли. Бу спектаклни кўрган ҳозирги миллий театр актёрлари мазкур асарни шу театр репертуарига киритишган. Фақатгина отам ролини Омон Ёқубов, леди Милфредни эса Зайтуна Тожибоева ижро этган. Ўшандан сўнг театрда ўз ўрнимни топа бошладим. Кунларнинг бирида Тошхўжа Хўжаев “сенга бир роль топиб қўйдим, тез орада саҳналаштираман” деб, Монсерро ҳақида гапирди. “Ўлимдан кучли” асаридаги фожиавий даражадаги бу роль ўзимга насиб этди. Ёзувчи Усмон Азим ҳалигача “шу ролингизни талабалигимда кўргандим, ҳалигача соғинаман”, деб қолади. Бу ролни барчага манзур келишининг боиси ролимнинг сўзи кам, жим туриб юз ҳаракати, нигоҳ билан ҳолат очиб берилади. Айнан шу роль Мирзо Улуғбек, Отелло, Қирол Лир каби катта-катта ролларни ижро этишимга кўприк вазифасини ўтаган. Ҳозиргача бозорга борсам, “ана, Отелло келяпти”, дейишади. Йўқса, бу ролни 49 ёшимда ўйнаганман. Эшитиб ҳайрон бўламан, ахир бу Шекспирнинг асари бўлса, Отелло қора танли одам, мен ўзбек фарзандиман-ку (кулади).

   Президентимизга минг раҳмат, театримизни қайта капитал таъмирдан чиқариб, бир қатор шароитлар яратилишига бош-қош бўлдилар. Театримизнинг ҳар бир ходими учун муайян имтиёзлар яратиб берилди.  Бу эътибор ва ғамхўрликка  яраша талабга жавоб берадиган асарлар саҳналаштириб, замон қаҳрамонларини яратиб, Президентимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.        

“Профессорлик даражасига эришганимдан буён институтдаман”

— Ёш ўтгандан сўнг театрда роллар камаяди. Шундай кунларнинг бирида поликлиникага боргандим, академик Мамажон Раҳмоновни учратиб қолдим. У киши “эртага сизни институтда кутаман”, деди. Ўзбекистон Давлат маданият ва санъта институтига борсам, “талабалар билан тажрибангизни бўлишсангиз”, деди. Рози бўлиб, педагог сифатида дарс ўтишни ўрганишим учун тажрибали педагогни бириктиришларини сўрадим. Сўнг кафедра мудири Турсунбой билан иш бошлаб, 33та талабани ўқитишни бошладик. Ярим йил ўтиб гуруҳни иккига бўлдик ва менга 16 талаба берилди. Кунларнинг бирида жуда тажрибали педагог Мунаввара Абдуллаевани кўриб қолдим-да, мен билан ишлаш таклифини билдирдим. Шу тариқа бирга ишладик. Актёрлар Беҳзод Муҳаммадкаримов, Мадина Мухторова, Абдурайим Абдувахобов, Равшан Жўраев, Фотих Жалолов ҳам бизнинг қўлимизда таҳсил олишган.  Саккиз йил ишлаб, театрда юмуш кўпайгач институтдан кетгандим. Орадан вақт ўтиб, яна чақиртиришди-да, Шуҳрат Аббосовнинг ўрнига кафедра мудири қилиб тайинлашди, домланинг фотиҳаларини олиб, тўққиз ярим йил ишладим. Ўн беш йил аввал профессорлик даражасига эришганимдан буён институтдан сира қўйворишмаяпти.

     “Рафиқам ўн йил аввал вафот этди...”

  • Ҳануз ёдимда 10 синфда ўқиб юрган кезларим, қадрдон дўстим Валя “сени бир ўзбек қизи билан таништириб қўяйми?” дея Роза билан учраштирганди. Кўнглимизда бир-биримизга нисбатан илиқлик пайдо бўлди, шекилли, учраша бошладик. Кунларнинг бирида  “қайси соҳа эгаси бўлмоқчисиз?” деган саволига ҳазиллашиб  “разведкачи”, деб қўя қолгандим. Эртасига қўнғироқ қилсам, жавоб бермади, қисқаси ўшанда Розани йўқотиб қўйдим...

    Роза қаердалигини Валядан сўрасам, рус тилини яхши биладиган талабаларни Москвага ўқишга олиб кетишганини айтиб қолди. Институтнинг учинчи босқичини тамомлаб, ёзги таътилга чиққан вақтимиз, укам билан ҳозирги Алишер Навоий номидаги миллий боғга чўмилишга бордик. Кутилмаганда Розани кўриб қолдим, соҳилда суҳбатлашдик. Муносабатларимиз яна тикланди. Бир куни бетоб бўлиб ётганимда, мени кўргани уч  қиз уйимизга келди. Онам Мактуба холамга имлаб, “Бухорони зирагини тақиб олган қиз келиним бўлади”, деган экан. Ўшанда юрагимдаги истакни тўғри топган (самимий жилмаяди).

Домлам Тошхўжа Хўжаев Розани севишимни ва у Москвада ўқиётганини кимдандир эшитган экан. Бир куни “Турғун, мен билан Москвага ижодий сафарга борасанми?” деб қолди, албатта қулай фурсатдан воз кечмадим (кулади). Онам отамдан чипта учун пул сўраганида, у киши “онаси, тўйга тайёргарлик кўравер, севган қизини олдига кетяпти”, деган экан... Шу тариқа 1957 йили Роза билан оила қурдик.

    Тўйдан кейин, битта фарзандли бўлгач, Роза 1937 йилда отаси Абдулла Қодирий билан бир кунда отилганини айтиб берди. Шу сабаб “разведкачи бўламан”, деган қароримни ҳазм қилолмаган экан.1958 йили қизим Нигорахон, 1960 йили ўғлим Аброрхон туғилди. Ҳозирги кунда 4 набира, 3 эварам бор. Розахон ўн йил аввал қандли диабед касаллиги сабаб вафот этган.

9 январь — ёлғон арафа куни эди. Роза “Аброрхон ош пишириб сизни кутади”, деб қўярда қўймай ўғлимизникига жўнатди. Ўғлим паловни энди дастурхонга қўйганди ҳамки, телефоним жиринглаб, Розанинг ахволи оғирлашганини айтишди...  

“Аброр Ҳидоятовнинг ҳайкали ҳаётимда туб бурилиши ясади”

— Тоғамнинг ҳайкали сабаб, умр йўлида елкадош бўладиган инсонни қайта топдим. Аниқроғи, Ўзбек Миллий академик драма театрини таъмирлаш жараёнида усталар тоғам Аброр Ҳидоятовнинг ҳайкалига тегиб кетиб, синдириб қўйишган. Шунда рассомимиз “бир ҳайкалтарош тоғангизнинг ҳайкалини ясаётганини эшитгандим. Лекин яқинда оламдан ўтиб қолди. Суриштирай-чи, балки ишни тугатишга улгургандир”, деб қолди. Эртаси куни “фақат қуйиш иши қолган экан”, деди. Уста топиб, ўша чала ишни охирига етказдик. Кутилмаганда театрга иккита бегона аёл мени сўраб келди. Билсам, вафот этган устанинг қизи ва набираси экан. “Отамнинг ишини якунлаб, Аброр Ҳидоятовни ҳайкалини театрга қўйганинглар учун раҳмат айтишга келдик” деб қолди. Орадан вақт ўтиб, бу аёлнинг ёлғизлигини билиб, оила қуриш таклифини дангал айтдим. Икки ойдан кейин Мунаввархон билан оила қурдик...

Турғун Азизовнинг эслашни истамайдиган хотиралари

— Онамнинг қорин соҳасида “грижа”си бўлган, бироқ ўзи ҳам билмаган. Жаррохлик амалиёти ўтказилган-у, лекин шамоллаб қолиб қайта оёққа туролмади... Орадан ўн йил ўтиб, отам ҳам касаллик туфайли вафот этган.

Касбим сабаб, отамни даволаш стационарига бириктириб қўйишганда, “онаси, Турғуннинг иши ҳам ёмон эмас экан”, деганини онам айтиб берган. 49 ёшимдагина отам танлаган касбимдан рози бўлганини англаганман. Ака-укалар ота-онамдан алоҳида яшасак-да, ҳар куни бир дастурхонда тушлик қилишга одатлангандик. Ўша дамларни жуда соғинаман...    

Биласизми?

  • Турғун Азизов 1934 йилнинг 30 ноябрида Тошкентдаги Сарёғчи (ҳозирги Бешқайрағоч) маҳалласида туғилган.
  • ТВда 200та, кинода 36 та роль ижро этган.
  • 1956 йили аввалги Ўзбекистон Давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаб, шу йили ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қабул қилинган.
  • 33 ёшида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган.
  • Орадан олти йил ўтиб, 39 ёшида Ўзбекистон халқ артисти бўлиш насиб этди. Шунингдек, “Меҳнат-шуҳрати” ордени соҳиби.    

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.

Фотомухбир: Олим АРАБАЕВ

    Бошқа янгиликлар