1

Самарқандда аёл бешикдаги 6 ойлик чақалоқни 8 марта пичоқ уриб, ваҳшийларча ўлдирди

ЖИНОЯТ 24.01.2020, 08:32
Самарқандда аёл бешикдаги 6 ойлик чақалоқни 8 марта пичоқ уриб, ваҳшийларча ўлдирди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судида Дилрабо Я.га оид жиноят иши вилоят суди раисининг ўринбосари Ў.Мамадалиев раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилди, дея хабар берди zarnews.uz.

Иш ҳолатларига кўра, Дилрабо турмуш ўртоғи Ж. билан ўрталарида икки нафар фарзандлари бўлса-да, 2019 йилнинг март ойида фуқаро Т. билан ишқий муносабатларга киришиб, биргаликда мунтазам равишда спиртли ичимлик истеъмол қилиб келган. Оқибатда 2019 йилнинг июнь ойида ушбу ҳолатдан турмуш ўртоғи Ж. хабар топгач, Дилрабо билан яшамаслигини билдирган.

Шундан сўнг Дилрабо турмуш ўртоғи Ж.нинг яшаш хонадонидан чиқиб кетиб, 2019 йилнинг август ойига қадар турли манзилларда, хусусан, жазмани Т.нинг хонадонида ҳам бир неча маротаба тунаб келган.

2019 йил 12 август куни Дилрабо ўзининг жазмани Т.нинг яшаш хонадонида спиртли ичимлик истеъмол қилган маст ҳолатда, соат 17:30 ларда Т.нинг шу қишлоқда яшовчи ота-онасининг хонадонига боради. Ошхонада турган бир дона ошхона пичоғини олган ва кейинги хонага кирганида, хонада Т.нинг бетоб ётган кекса онаси М.нинг ёнидаги бешикда, Т.нинг синглиси М.нинг ухлаб ётган 6 ойлик ожиз аҳволдаги, вояга етмаган Н.ни бувиси М. ва шу ерда бўлган опаси вояга етмаган Х.нинг кўз ўнгида қўлидаги ошхона пичоғи билан кўкрак қафаси соҳасига саккиз маротаба уриб, ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган.

Шу вақтда Н.нинг опаси, 2013 йилда туғилган вояга етмаган Х. вояга етмаган укаси Н.ни нима сабабдан пичоқ билан ураётганини айтиб, Дилрабо томон бораётганида, Дилрабо унинг жуда ёш эканлигини англаган ҳолда, ожиз аҳволдаги Х.ни ҳам қасддан ўлдириш мақсадида унга қўлидаги пичоқ билан ташланиб, шу хонада бетоб ётган М. нинг кўз ўнгида, ўта шафқатсизлик билан Х.нинг кўкрак соҳасини пичоқ билан кесиб юборган. Х. ўзининг ҳаётини сақлаш мақсадида хонадан қочиб чиқиб, Дилрабонинг тажовузидан қутулиб қолган ва хонадон эгалари келиб Дилрабони ушлашган.

Дилрабонинг айби очиқ суд мажлисида текширилган далиллар мажмуи билан тўлиқ ўз исботини топди.

Суднинг 2020 йил 6 январдаги ҳукмига асосан Дилрабо Я. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в,ж” бандлари (ожиз аҳволдаги одамни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш) ва 25,97-моддаси 2-қисми “а,в,ж” (ожиз аҳволдаги икки шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш) бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 13 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд мажлисида жабрланувчилар Дилрабога умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўрадилар.

6 ойлик чақалоқни ўлдирган ва унинг 6 ёшлик опасини ўлдиришга суиқасд қилган шахс умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига муносиб эмасми, деган табиий савол туғилиши мумкин.

Бундай мудҳиш жиноятни содир этган аёл умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига муносиб бўлиши мумкин. Бироқ Жиноят кодексининг 51-моддасига асосан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси аёлга нисбатан тайинланиши мумкин эмаслиги ҳақидаги норма белгиланган. Шу сабабли аёлларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмайди.

Бундан ташқари, жиноят қонунчилигимизда яна бир аёлларга нисбатан “позитив дискриминация” нормаси мавжуд бўлиб, Жиноят кодекси 50-моддасига асосан аёлларга узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам тайинланиши мумкин эмас. Шу моддада озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати Жиноят кодекси махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида ҳам мустаҳкамланган.

Масалан, оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш учун ЖКнинг 97-моддаси 2-қисмида йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлиб, аёлларга мазкур жиноят учун кўпи билан 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Шу сабабли, Дилрабога 13 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жабрланувчиларга юқорида қайд этилган қонун нормалари ҳамда жазо тайинлаш асослари тушунтирилди.

Судлов ҳайъати мазкур жиноят ишини кўриб чиқишда жиноятнинг сабаблари ва унга олиб келган шарт-шароитларни ўрганиб чиқиб, уларни бартараф қилиш ва келгусида шу каби жиноятларнинг олдини олиш юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 298-моддасига асосан Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитасига хусусий ажрим чиқарилди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1