1

Тожикистон ва Хитой ўртасидаги авиапарвозлар тўхтатилди

ДУНЁ 24.01.2020, 08:53
Тожикистон ва Хитой ўртасидаги авиапарвозлар тўхтатилди

Тожикистоннинг Somon Air авиаширкати февраль ойигача Душанбе–Урумчи (Хитой) йўналишидаги парвозларни тўхтатди. Бу ҳақда Asia-Plus нашрига асосланиб Дарё хабар қилди.

Хитойнинг South China Airlines ширкати ҳам февралга қадар Тожикистонга бўладиган парвозларни вақтинчалик тўхтатган.

«Рейсларнинг бекор қилиниши янги турдаги коронавируснинг тарқалиши билан бевосита боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги борасида аниқ маълумот йўқ. Рейслар 25 январда Хитойда нишонланадиган янги йил байрами билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин», — қайд этилади Душанбе халқаро аэропорти матбуот хизмати хабарида.

Аввалроқ Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Хитойдан келадиган йўловчиларни синчиклаб текшириш учун аэропортларни қаттиқ назоратга олган эди.

Хитойда пайдо бўлган ва ҳозирча давоси топилмаган 2019-nCoV вируси юқиши оқибатида пневоманияга чалиниб ҳалок бўлган одамлар сони 17 нафарга етган. Вирусни юқтирганлар 600 га яқинлашиб қолган ва уларнинг 95 нафари оғир аҳволда экани билдирилмоқда.

Хитойнинг Ухань шаҳрида пневмониянинг номаълум тури пайдо бўлишига илгари номаълум бўлган коронавирус сабаб бўлган. Британиялик олимлар ҳисоб-китобига кўра, вирусни юқтириб олганлар сони 1 723 минг нафарни ташкил қилган. Ушбу натижа Хитой ташқарисида вирус билан зарарланиш ҳолатлари кузатилган ҳолатлар ҳисоб-китоби таҳлили асосида олинган. Ҳозирда вирус юқтириб олганлар ва касаллик оқибатида вафот этганлар сони ортиб бормоқда.

Ўзбекистон ТИВ коронавирус туфайли Хитойга боришни режалаштираётган ўзбекистонликларни яна бир бор эҳтиёт чораларини кўришга чақирган. Вазирлик аввал ҳам бу ҳақда фуқароларни эҳтиёткор бўлишни сўраган. ССВ эса Хитойда тарқалган коронавирус туфайли чегарадаги санитар назоратни кучайтирган, кейинчалик Ўзбекистонликларнинг коронавирус бўйича эпидемик вазиятдан хавотирланишига асос йўқлигини билдирган.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Хитойнинг Ухань шаҳрида Осиё-Океания минтақалари учун бокс бўйича 3—14 февраль кунлари бўлиб ўтадиган Токио олимпиадаси мусобақаси бекор қилинганини маълум қилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1