АсосийShou-biznes

УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ: “Ҳеч кимни ёмон кўришни истамайман”

2014 йил бугунги суҳбатдошимиз учун жуда омадли йил бўлди. Рейтинг борасида ҳам кўпчилик хонандалар бугун унга ҳавас қилаётгани сир эмас. Англаганингиздек, бугунги  суҳбатдошимиз “Эътироф-2014”даги  “Йилнинг энг фаол хонандаси” номинацияси соҳиби, “Кабутарлар” қўшиғи билан “Йил қўшиғи-2014” мукофотини қўлга киритган Улуғбек Раҳматуллаев…   

— Улуғбек ака, суҳбатимиз таваллуд айёмингизни нишонлайдиган кунга тўғри келибди. Биринчилардан бўлиб муборак­бод этишдан шодмиз! Кимдир туғилган кунини интиқ бўлиб кутади, яна кимдир эса акси. Сизда қандай?

— Табрик учун раҳмат. Тўғри, умримиз ўтаётгани хурсанд бўладиган ҳолат эмас. Ўша сана умринг ўтаётганини эслатиб турадиган лаҳза бўлса ҳам, бошқа тарафдан бу кун яқинларингнинг дийдорини туҳфа этадиган, ўтган умр сарҳисоб қилинадиган кун. 

— “Ёшлик қайтмайди” номли қўшиқ ёзганингизга қараганда, ҳаёт ҳақиқатларини англаган кўринасиз ё бу шунчаки қўшиқми?

— Кийимлар, ҳашаротлар, беморлар, чақалоқлар ҳақида куйладим. (мириқиб кулади) Бу, албатта, ҳазил. Ҳозирда виртуал ҳаёт тарзи оммалашиб, ҳатто ўзимнинг ҳам қўлимдан телефон тушмайдиган бўлиб қолган. Натижада атрофимиздаги қайтарилмас лаҳзалар — ота-она дийдори, фарзандингнинг улғайиши каби кўплаб воқеалардан узилиб қоляпмиз. Четдан назар солса бу хунук ҳолат. Нонушта вақти эди, қўл телефонимдан тинимсиз фойдаланганимдан, отам “Ўғлим, телефонингни бир соатга ўчириб, биз билан бафуржа нонушта қил. Эртага бу онларни истасанг ҳам тополмайсан”, деганда, қаттиқ таъсирландим. Мана шу ҳолат “ёшликни виртуал ҳаётга алмаштирманг”, шио­ри билан “Ёшлик қайтмайди” номли қўшиғимни ёзишимга сабаб бўлди. Севимли актёрим Убайдулла Омонни илк бор клипимга так­лиф қилдим. Аслида “Дўст” қўшиғимнинг клипида иштирок этишини истагандим. Лекин одамларнинг “дўсти билан муносабатини куйлабди”, деган фикр­лари “болалаган”и учун клип суратга олиш фик­ридан қайтдим. Аслида бу қўшиқ Раж Капурнинг “Сангам” фильмидан илҳомланиб ёзилганди. 

— 2014 йилни омадли якунлаган хонандалар қаторидасиз. Меҳнатларингиз эътироф этилишини кутганмидингиз?

— Бирор номинацияга қў­йил­ганимда доим мукофотланишимни кутганман. Лекин “тақдирланишим керак”, деган мақсадда ижод қилмайман. Кўплаб маросимларда мукофотланмаганимда тушкунликка тушмаганман. Чунки мақсадим ютуққа эришиш бўлмаган, кўнгилдагидек қўшиқлар тақдим этай, деган ўй билан ишлаганман. Ўша куни имкони бўлса, ушбу мукофотни олишимга ҳисса қўшган либос устасидан тортиб, то чироқ устасигача барча ижодий жамоани саҳнага олиб чиққан бўлардим. Сабаби, битта қўшиқ ва клип яралишида кўпчиликнинг меҳнати сингган. Айтиб ўтиш жоиз, “Эътироф-2014”да барча номинантлар йил давомида муносиб ишлаганди. Киши ўзига ўзи овоз бериши нотўғри, шу сабаб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файзга овоз бергандим. Очиғи, Алишернинг мухлисиман, ҳам бастакор, ҳам шоир сифатидаги ижодига ҳавас қиламан. 

— “Эътироф-2014” тақ­ди­мотидан сўнг хайрлаша туриб, “исмим эълон қилинганида биринчи бўлиб, Алишер Файз ёнимга келиб қутлади, атрофингда шундай самимий инсонлар кўп бўлса, қанийди”, деган фикрни айтдингиз. Сиз кутган инсонлардан садо чиқмадими, дейман?

— Одамлар ҳақида ижобий фикрда юриб, вақт ўтгани са­йин ўша ўйларинг ўз тасдиғини топаверса қувонаркансан киши. Алишерга тан берганим, у ва мен ўтирган ўриндиқнинг орасида анчагина масофа бор эди. Исмимни эшитиб, қанчалик тезликда саҳнага чиққанимни ўзим биламан ва шу оралиқда Алишер ёнимга келиб, табриклашга улгурганига қойил қолдим. Кўришолмай қолган ҳамкасбларимиз эртаси куни ҳам табриклашди. Ҳеч кимдан норози бўлмадим. Очиғи, ҳеч кимдан ҳеч нима кутмасдан яшашга ўргандим. Натижада кутилмаганда содир бўлган воқеалар қувонч бағишлаяпти. Кутмасдан яшаган одам кучли бўлади, қилган яхшилигини унутади ва ҳар лаҳзадан бахт топа олади. 

— “Йил қўшиғи-2014” лойиҳасида “Кабутарлар”, “Нега маъюссан?”, “Тошкентда ёмғир”, “Юрак”, “Мени кечир” қўшиқларингиз ғолибликка даъвогар ижод намуналари сифатида рўйхатга киритилганди. Нега айнан шу қўшиқлар тингловчилар томонидан кўп тингланган, деб ўйлайсиз?

— Аввало, бу қўшиқларнинг клипи борлиги ва харажатидан қочмай, профессионал клипмейкерларга клип суратга олдирганим сабаб. Қолаверса, бу бешта қўшиқ ҳар хил жанр ва уларни яратишда турли ижодкорлар билан ишлаганман. Одатда битта қўшиқ “хит” бўлса, ўшанга ўхшаган яна бешта қўшиқ чиқаришади. Бу нотўғри ҳаракат! Шу сабаб турфа хилликка, албатта, эътибор бераман. 

— Сўнгги пайтларда ҳеч бир янги ижод маҳсулингиз шунчаки кутиб олинмаяпти...

— Ҳамма нарса ниятга боғлиқ. Шу маънода шунчаки ижод қилмаяпман. Одатда қайсидир шоир ё бастакор бирор хонандага зўр қўшиқ ёзиб берса, қолганлар ҳам ўша ижодкорга мурожаат қилишади. Бу ҳам нотўғри қарор.  

— Бугун рейтинг борасида кўпчилик ҳамкасбларингиз сизга ҳавас қилишяпти. Назарингизда, меҳнатларингиз эндигина ҳосилга кирдими ё омад қўлингиздан етаклаб юрибдими?

— Аввало, бу ютуқларга ота-онам дуо­си туфайли эришдим. Сўнг ўз устимда ишлаб камчилик­ларимни бартараф қилаётганим ва албатта, омад сабаб ишларим кўнгилдагидек кетяпти. 

Бир саркарда жангга доим совутсиз чиқаркан. Кунларнинг бирида одатини ўзгартириб совут кийибди, шунда атрофдагилар “Нега анъа­нангизни буздингиз?”, деса “У вақтларда мени онамнинг дуоси асрарди, энди у киши ҳаёт эмас-ку... Шундай экан, муҳофазага муҳтожман”, деган экан. Ота-онани эъзозлашдан тўхтамайлик. Омадимга кўз тегмасин. 

— Шу тобда Эсте Лаудернинг “Омад, аслида йўқ нарса, фақат меҳнатларим билан эришганларим бошқаларнинг кўз ўнгида омад бўлиб баҳоланади”, деган гапи ёдимга тушди...

— Омад борлигини инкор этолмайман. Лекин фақат омадга суяниб қолиш ҳам керак эмас. Меҳнат, омад ва менга ишонадиган одамларнинг бўлиши, бу — катта куч! Бугунги кунда “Ҳеч кимни ёмон кўришни хоҳламай­ман!” шиори билан яшаяпман. Афсуски, ҳамма ҳам мени яхши кўрмайди-да...

— Йилдан-йилга Улуғбек Раҳматуллаев­нинг санъатдаги “ташриф қоғоз”и ўзгариб боряпти. Сизнинг наздингизда улар...

— “Ойдин кечалар”, “Капалак”, “Мини-юбка”, “Тушунгин мени”, “Бемор”, “Лайло­йимсан”, “I love you”, “Жоним”. “Ташриф қоғоз”им ўзгариб тургани бу менинг ютуғим. Битта қўшиққа суяниб қолмаганимдан хурсандман. 2015 йилда “ташриф қоғоз”ларим яна бир неча бор ўзгаради ва бу йил жуда кўп клиплар тақдим этаман. Кузда бўлиб ўтадиган концерт дастуримга ҳозирдан катта тайёргарлик бошлаганман. Унда севимли ва ҳеч ким кутмаган аёл хонанда билан дуэт куйлайман... Ҳар йили куз фасли келганида одамларда “Улуғбек Раҳматуллаев концерт беради”, деган тушунча шаклланишини истаяпман.

— Аслида ижодингизни вақт “шамол”ига чидамли “чинор”лар ташкил қиладими ёки бўйи узун, бироқ нозиккина тезда синадиган “терак”лар?

— Энг муҳими, эккан “дарахт”­ларимнинг бўйи етарли даражада чўзилди. Энди бу дарахтлар шамол бўлганида қулаб тушмаслиги учун янада бақувватлашиши керак. Масалан, фонограммада куйлайдиган хонанда билан жонли ижрода қўшиқ айтадиган санъаткорнинг “тош”и оғирроқ.

— Нега Улуғбек Раҳматуллаев “тош” босолмаяпти?

— Чунки Улуғбек Раҳматуллаев “тош” босиш ҳаракатида. Эъти­бор берсангиз, ижодимдаги ўзгаришлар босқичма-босқич амалга ошади. Ўртада битта зина қолдириб, сакрайдиганлар тоифасидан эмасман. Cўнгги уч йилдаги концертимда жонли ижрода ҳам куйлаяпман, мақсадим тўлиқ жонли ижрога ўтиш. 

— Машҳурлик ўзининг эвазига самимийликни талаб қилади-а?

— Афсуски, ҳа. Самимий бўлмасанг кун келиб, албатта, қоқиласан. Концертимда кўп гапиришимнинг боиси ҳам томошабинлар аслида қандай эканим, самимиятимни ҳис қилишини истайман. Одамлар ҳақида фикр билдириш осон. Лекин шахсан мен кимнидир яхши ва ёмон, дейишга шошилмайман. Шу кунгача ўзига ёлғон қобиқ ясаб, ўшанда яшаб, кун келиб кимлиги ошкор бўлиб қолганларни ҳам кўп кўрдим. Уларнинг ёлғони ижодида сезилиб туради. Сохта камтарликни четга суриб айтаман, кимнидир ал­да­ган ё ҳаққи менга ўтган куни ҳароратим кўтарилиб, қал­ти­рашни бошлайман. Ўша лаҳзада гўё зимистонга тушиб, бандаликни бажо келтирадигандек ҳис пайдо бўлади. Шу сабаб, самимийликдан чекинмай, ҳалол яшашга интилиб келяпман. Худо хоҳласа, машҳурлик самимия­тимни сира ўғирламайди. Лекин машҳур бўлишдан кўра, одамларга фойдам тегишини истайман. 

— Суҳбатлардан бирида таниқли актёр “олқиш, дастхатлар, суратга тушишлар, сени танишлари... буларнинг ҳеч ҳам ҳавас қиларли жойи йўқ!” деганди...

— Йўқ, у актёрнинг фикрига қўшилмайман! Агар “улар биринчи ўринда эмас”, деганида тўғри бўларди. Назаримда, у актёр санъатга янглиш кириб қолган... Сени яхши кўришлари, табассум билан қарши олишларининг нимаси ёмон?! Бироқ бу меҳрни суиистеъмол қилиб, “эркалик”ларим кечирилади”, дея нотўғри қадам босишдан Ўзи асрасин!

— Пианино, гитара ва скрипка мусиқа асбобларига қизиқадиган Улуғбек Раҳматуллаев ҳалигача скрипкани тўғри ушлашни ўрганиш билан чек­ланяптими?

— Ростини айтаман, скрипка чалишни ўрганолмасам керак. Чунки бу мусиқа асбобини эшитиш қобилияти юқори ижодкорларгина чала олади.

— Кўпчилик санъаткорлар қатори сиз ҳам аввалига фарзандларингизни оммага кўрсатмагандингиз...

— Кўз тегишига ишонаман. Шу сабаб, қизим Фарзонани ҳали оммага кўрсатганимча йўқ, эндигина бир ёшдан ошди. Очиғи, иккинчи фарзандим ҳам ўғил бўлишини истагандим, лекин энди қиз туғилганидан хурсандман. Қиз бола отасига меҳрибон бўларкан, юзимни силаб “Ада, опош”, деса эриб кетаман. Ўғлим Файзуллоҳ сира унақа қилмаган (кулади). Оила, бу — эркак кишининг қўрғони, уни кўз-кўз қилиш эмас, асраб-авайлаш керак. Ижтимоий тармоқларда оилавий расмларини жойлаштирадиганларни ҳазм қилолмайман. 

— Уйда айтганингиз айтганми ё рафиқангизга ён босасизми?

— Ён босаман, лекин менга ёқмайдиган ҳолатлар бўлса, ўйлаб ўтирмай рад этаман. Масалан, харид қилган либоси менга ёқмаса киймайди. Бироқ менга ёққан кийим­ рафиқамга ёқмаса ҳам кийишга мажбур (мириқиб кулади).

— Турмуш ўртоғингиздан энг кўп эшитадиган гапингиз?

— “Қачон келасиз?” Бу уйда кутадиган одаминг борлигидан дарак. Лекин остона ҳатлаб, кўчага чиққанимга уч дақиқа бўлмай, қўнғироқ қилиб, “Қачон келасиз?” деса асабим дош бермайди. Уч дақиқада қандай иш битириб, қайтиш мумкинлигига ақлим етмайди...

— Доим сизни кутадиган одамлар қуршовида юринг!

Улуғбек Раҳматуллаев ўзи ҳақида...

— Оилавий ҳотиржамлик сизларни тарк этмасин!

“Оддий тингловчи сифатида эшитмаган бўлардим...”

— Ҳамма қўшиқларимни... Айниқса, “Чақалоқлар” қўшиғимни.

“Феъл-атворимдаги кескин ўзгаришлар сабаби...”

— Улғайдим, шу сабаб ҳозир оғир-босиқман. Тез хулоса чиқариш одатим йўқолди, зиммамдаги ҳар тарафлама масъулиятни ҳис этиб, реал ҳаётда яшашни бошладим.

“Асабимни бузмаслик учун...”

— Олдиндан чамалаб, ўшандай даврага бормайман. Мажбурият юзасидан борсам ҳам у ердан тезда кетишга ҳаракат қиламан. Қолаверса, суҳбатдош ҳам танлайман, ҳамма билан ҳам юракни “тўкиб” гаплашмайман.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.

Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ

    Бошқа янгиликлар