Мустақиллик йилларида таъсис этилган давлат мукофотлари. Топ-10:

ЖАМИЯТ 26.02.2015, 12:20
Мустақиллик йилларида таъсис этилган давлат мукофотлари. Топ-10:

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ,  Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари меҳнат ва жанговар хизматлари, ижтимоий ва ижодий фаолиятлари учун давлат мукофотлари билан тақдирланиши мумкин. Давлат мукофотлари билан фуқаролар билан бир қаторда айрим ҳолларда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар ва ҳарбий бўлинмалар ҳам мукофотланиши мумкин.

Қуйида ушбу давлат мукофотлари ҳамда стипендияларининг 10 таси билан таништирамиз. 

1. “Амир Темур” ордени

“Амир Темур” ордени 1996 йил 26 апрель куни  таъсис этилган. Мазкур  орден билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда хорижий давлатларнинг фуқаролари давлатчиликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари, меъморчиликни, илм-фан, адабиёт ва санъатни, шу жумладан ҳарбий маҳоратни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссалари учун мукофотланади.

“Амир Темур” ордени кўкракнинг ўнг томонига «Мустақиллик» орденидан кейин тақилади.

Орденнинг марказида от минган Амир Темурнинг қиёфаси кумуш рангда тасвирланган. Отлиқ ортидаги рангли эмалдан ишланган манзара мовий рангда. Отлиқ қиёфасини ўраб турган айлананинг юқори қисмида оқ рангли эмаль манзарада «AMIR TEMUR» ёзуви битилган бўлиб, у ёқутранг эмаль билан қопланган. Орденнинг қалинлиги — 8 миллиметр, оғирлиги — 60,5 грамм.

2. “Соғлом авлод учун” ордени

“Соғлом авлод учун” ордени 1993 йил 7 май куни таъсис этилган.  Мазкур орден билан кишилар оналик ва болаликни муҳофаза қилишдаги, соғлом авлодни камол топтириш учун энг яхши моддий шароит ва ахлоқий муҳитни таъминлашдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланади.

«Соғлом авлод учун» ордени икки даражадан иборат :

I даражали «Соғлом авлод учун» ордени;

II даражали «Соғлом авлод учун» ордени.

Мукофотлаш, қоида тариқасида, аввал II даражали, орадан камида уч йил ўтганидан кейин I даражали орден билан тақдирлаш тарзида амалга оширилади.

I даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланган шахслар энг кам иш ҳақининг қирқ карраси миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади. II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланган шахслар эса энг кам иш ҳақининг йигирма беш карраси миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади.

I ва II даражали «Соғлом авлод учун» ордени кўкракнинг чап томонида тақилади.

3. “Буюк хизматлари учун” ордени

«Буюк хизматлари учун» ордени 1996 йил 29 августда таъсис этилган. Мазкур орден билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда хорижий давлатларнинг фуқаролари фан ва техникани, иқтисодиёт ва маданиятни ривожлантиришдаги катта хизматлари, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишга қаратилган ички ва ташқи сиёсатни амалга ошириш ишига сезиларли ҳисса қўшганлиги учун тақдирланади.

«Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган шахслар энг кам иш ҳақининг олтмиш карраси миқдорида бир марта бериладиган пул мукофоти ёки шу суммага тенг эсдалик совғасини олади.

«Буюк хизматлари учун» ордени 1 микрон қалинликдаги олтин қопланган 925 даражали (пробали) кумушдан тайёрланади. Орден марказида битта умумий марказга эга бўлган, диаметрлари 36 ва 24 миллиметрли иккита айлана жойлашган. Ички айланада рамзий тарзда тасвирланган мовий рангдаги ер курраси фонида Ўзбекистон Республикаси харитаси тилла рангда тасвирланган. Ташқи ва ички айланалар ўртасида, юқори қисмида оқ эмаль фонида кумуш рангдаги «BUYUK XIZMATLARI UCHUN» ёзуви жойлашган.

Орденнинг қалинлиги — 8 миллиметр, оғирлиги — 165 грамм.

4. «Шуҳрат» медали

«Шуҳрат» медали 1994 йил 5 майда таъсис этилган.  Ушбу медал билан республика иқтисодиёти, фани ва маданиятини ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда миллий истиқлол ва ижтимоий тараққиёт ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишида ўзининг ҳалол меҳнати билан катта ютуқларга эришган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар мукофотланади.

«Шуҳрат» медали билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг беш карраси миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади.

«Шуҳрат» медали дастлаб 0,5 микрон қалинликда никель, кейин эса 0,25 микрон қалинликда тилла қотишма қопланган мис қотишмасидан тайёрланади. Медаль диаметри 34 миллиметрли доира шаклида. Медалнинг олд томонида кўтарилиб келаётган қуёш нурлари ичида Ўзбекистон иқтисодий қудратининг рамзи бўлган манзара бўртма йўсинда тасвирланган.

5. “Ўзбекистон Қахрамони” унвони

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони 1994 йилда таъсис этилган.  У олий даражадаги мукофот бўлиб, фақат бир марта берилади.

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган шахсларга «Олтин Юлдуз» медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат топширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг  давлат стипендияси

Стипендия республикада иқтидорли ёшлар сафини кенгайтириш мақсадида 1993 йилда таъсис этилган. Стипендияни сўнгги босқич талаблари, ўқув йили давомида аъло баҳоларга ўқиган, шу билан бирга, тадқиқот фаолиятини муваффақиятли амалга ошираётган ёшларга берилади.

7. Беруний, Ибн Сино, Навоий ва Улуғбек номидаги давлат стипендиялари

Мазкур стипендиялар ҳам 1993 йилда Ўзбекистон Президенти қарори билан таъсис этилган. Стипендиялар 3-4 босқич талабаларига мўлжалланган бўлиб, аъло баҳоларга ўқиган ва ижодий ишларда фаол ёшларга берилади. Беруний стипендияси техника, Ибн Сино стипендияси тиббиёт, Навоий стипендияси ижтимоий-гуманитар, Улуғбек стипендияси эса табиий фанлар факультетлари талабалари учун мўлжалланган.    

8. “Мустақиллик” ордени

1994 йил 5 майда таъсис этилган. “Мустақиллик» ордени билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари мустақил ҳуқуқий давлат барпо этиш ва уни мустаҳкамлашга, республикада тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қўшган улкан ҳиссалари учун мукофотланади.

«Мустақиллик» ордени билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш карраси миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади.

«Мустақиллик» ордени 1 микрон қалинликда олтин қопланган 925 даражали (пробали) кумушдан тайёрланади. Орденнинг марказида мустақиллик рамзи бўлмиш Ҳумо қуши кумуш рангда тасвирланган.  Айлананинг пастки қисмида оқ рангли эмалдан ишланган манзарада ёқутранг эмаль билан қопланган «MUSTAQILLIK» деган ёзув бор. Ҳарфларнинг баландлиги — 2,7 миллиметр.

Орденнинг қалинлиги — 8 миллиметр, оғирлиги — 60,5 грамм.

9. “Эл-юрт ҳурмати” ордени

Орден  1998 йил 28 августда таъсис этилган. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мамлакат мустақиллигини, унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчиликнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланади.

«Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган шахслар энг кам иш ҳақининг эллик карраси миқдорида бир йўла пул мукофотини олади.

«Эл-юрт ҳурмати» ордени 1 микрон қалинликдаги тилла қопланган 925 пробали кумушдан тайёрланади.

Орденнинг марказида, доирада қизил рангли йўл билан ҳошияланган Регистон архитектура мажмуи тасвирланган. Тасвир атрофи айлана билан ҳошияланган бўлиб, айлананинг юқори қисмида, оқ фонда «ЕL-YURT HURMATI» деган ёзув, айлананинг пастки қисмида яшил шаффоф эмаль билан қопланган дафна новдаси жойлашган.

10. “Жасорат” медали

Медал 1994 йилда таъсис этилган. Мазкур медал билан Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари, Миллий хавфсизлик хизматининг ва ички ишлар органларининг ходимлари республиканинг миллий хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашишда, ҳарбий бурчни ёки хизмат бурчини адо этиш вақтида кўрсатган мардлик ва жасоратлари учун мукофотланади.

Медал билан табиий офат, ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатлар вақтида жамоат тартибини сақлашда, одамлар ҳаётини, давлат ва жамоат мулкини сақлаб қолишда кўрсатган жасоратлари учун мукофотланиши мумкин.

Манба: uz24.uz

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1