1

1 октябргача чегарада Ситуацион марказ ишга туширилади

СИЁСАТ 05.02.2020, 21:00
1 октябргача чегарада Ситуацион марказ ишга туширилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни ташқи иқтисодий фаолият тизимини ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Сўнгги 3 йилда қўшни давлатлар билан чегара орқали ўтган инсонлар сони 2 бараварга, транспорт воситалари сони қарийб 3 бараварга ошган. Лекин ҳозирги инфратузилма бундай талабга тўла жавоб бермайди.

Масалан, айрим ветеринария ва карантин пунктларида зарур жиҳозлар йўқ. Чегарадаги санитария ва эпидемиология хизмати ҳам ташқи хавфларга тайёр эмас.

Юклар оқимини тақсимлаш ишлари оқилона ташкил этилмаган. Божхона хизматида постларни масофадан назорат қилиш тизими – Ситуацион марказ йўқлиги оқибатида постларда тирбандликлар пайдо бўлмоқда. Бу тадбиркорлар учун ҳам, давлат бюджети учун ҳам ортиқча харажат келтириб чиқармоқда.

Шу боис мутасаддиларга чегара постларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш, жорий йил 1 октябрга қадар Ситуацион марказни ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, чегарадош давлатлар билан юкларни “бир бекатда текшириш” тизимини йўлга қўйиш лозимлиги қайд этилди.

Ташқи савдо назорати идоралари чет эллардаги ҳамкасблари билан яқиндан ишлаб, тажриба алмашиши, уларнинг текширув-синов лабораторияларини юртимизда ташкил этиб, товарларни хорижий талабларга мос рухсатномалар билан жўнатишни йўлга қўйиши кераклиги таъкидланди.

Ташқи иқтисодий фаолият жараёнларини соддалаштириш учун миллий қонунчиликни божхона, санитария-эпидемиология, транспорт, стандарт, ветеринария, карантин йўналишидаги халқаро келишувларга уйғунлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Божхона институтида ўқитиш жараёни замон талабига жавоб бермаслиги қайд этилиб, унинг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, ветеринария ва карантин ходимларини халқаро андозалар асосида қайта тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди. Халқаро божхона ташкилоти билан эришилган келишувга мувофиқ кадрлар салоҳиятини ошириш борасидаги ишларга тўхталиб ўтилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1