Наманганда чўкаётган аёлни қутқариб қолган Миллий гвардия ходимининг ўзи чўкиб кетди. Бу ҳақда Миллий Гвардия маълум қилди.
Воқеа бугун, 10 февраль куни соат 10:00 ларда содир бўлган. Миллий гвардия қўриқлаш хизмати ходими А. Абдулвохидов Уйчи туманидан оқиб ўтувчи Норин дарёсида чўкаётган аёлни кўриб қолади. Сўнг йигит шу заҳоти ўзини сувга ташлаб, аёлни қутқариб қолади ва уни шеригига топширади. Лекин сувнинг оқими тез бўлгани, ҳавонинг совуқлиги учун унинг томирлари тортишиб қолиши натижасида кучли оқим Абдулвохидовни оқизиб кетган.
Кейинчалик сувга ўзини ташлаган аёл 1994 йилда Наманган туманида туғилган ва руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда турувчи Н.О. экани маълум бўлган.
Ҳозирда Миллий гвардия ходимининг ҳолати маълум эмас ва уни қидириш ишлари олиб борилмоқда.






