Куни кеча Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти томонидан ташкил этилган Ёшлар туризм жамоатчилик кенгашининг Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетидаги фаол аъзо талабалари университетда Япония Туризм бюроси вакиллари билан учрашув ўтказишди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда туризм бўйича япониялик экспертлар томонидан ўқув амалий машғулотлар ўтказилди.
Ушбу машғулотларда Университетнинг туризм йўналишида ўқийдиган талабалари ҳам қатнашишди ва ўз билимларини мустаҳкамладилар. Амалий ўқув машғулот назарий ва амалий шаклда ўтказилиб, дастлабки қисмда талабалар туризм ҳақида қисқача маълумотлар ва янгиликлар билан танишишди. Амалий қисмда эса гуруҳларга бўлиниб Ўзбекистоннинг туристик ресурсларидан фойдаланиб туристларни жалб қилиш учун турли хил турпакетларни ишлаб чиқиш бўйича иш олиб бордилар.
Учрашув кутилганидан ҳам қизиқарли ўтди ва бунда япониялик экспертларнинг ҳам ҳиссаси жуда катта бўлди. Улар талаба ёшлар билан туризм соҳасидаги ўз тажрибаларини бўлишишди ва талабаларнинг саволларига батафсил жавоб беришди.






