Аввалроқ, Санкт-Петербургда ҳужумга учраган Ўзбекистон фуқароси ҳақида хабар берган эдик. Айни пайтда ушбу воқеа юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмий баёнот берди.
Маълум бўлишича, 7 февраль куни кеч соат 21:30 да дўконда ёрдамчи ишчи сифатида ишловчи 25 ёшли Ўзбекистон фуқароси Санкт-Петербургнинг Полежаевск паркидан қайтаётганида уни тўрт киши тўхтатиб, исмини сўраган ва улардан бири номаълум қуролдан фойдаланиб, унинг бош қисмига отган. Ярадор бўлган ҳамюртимиз у ердан қочади ва уйига етиб келиб, тез ёрдам чақиради.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси Ўзбекистон Республикасининг Санкт-Петербургдаги бош консуллиги ҳамкорлигида Россиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан тезкор алоқа ўрнатди.
Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланувчи – 1994 йилда туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси С.Нга Санкт-Петербург шаҳридаги 26-сонли касалхона шифокорлари томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳаёти хавф остида эмаслиги сабабли 8 февраль куни уйига қўйиб юборилган.
Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари маълумотларига кўра, ҳозирда ҳамюртимизга ҳужум қилганларнинг уч нафари ушланган ва уларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 111-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ушбу ҳолат назоратга олинган ва ватандошимизга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.






