Давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, уларнинг халқ олдидаги ҳисобдорлигини ошириш ҳамда республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ички ва ташқи аудиторияга холис ва тезкор етказиб бериш Президент Ш.Мирзиёев очиқлик сиёсатининг асосий вазифаларидан биридир, дейилади АОКА хабарида.
Шу мақсадда 2019 йил 27 июнь куни Ўзбекистон Президентининг давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қабул қилинди ва шу асосда республикани тўлиқ қамраб олувчи давлат ахборот хизматлари тизими яратилди. Ушбу қарорга асосан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот фаолияти АОКА томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда.
Қарорнинг алоҳида аҳамияти шундаки, ахборот хизматлари раҳбарлари бир вақтнинг ўзида ташкилот раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси мақомига эга бўлди, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон тарихида биринчи марта барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тузилмаларида ахборот хизматини ташкил этиш шарт экани белгилаб қўйилди.
Ўтган ярим йил мобайнида 200 дан ортиқ вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликларининг умумий штат бирликлари доирасида ахборот хизматлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ташкилий чоралар кўрилди. Бугунги кунда 180 тадан ортиқ туман ва шаҳар ҳокимликларида матбуот хизмати ходимлари фаолият юритмоқда ва уларга тегишли шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Ҳозирда 20 га яқин ҳокимликларда ахборот хизматлари фаолиятини қарор талаблари асосида ташкил қилиш учун зарур чораларни кўриш масалалари ҳал қилинмоқда.
Агентлик ушбу қарорнинг жойлардаги ижросини доимий асосда мониторинг қилмоқда ва ҳужжатнинг ҳар бир нормаси ижросини таъминлаш бўйича иш олиб бормоқда.
Шу аснода матбуот котибларидан ўз фаолияти билан боғлиқ муаммолар ҳамда ушбу қарорнинг сифатли ижроси йўлида тўсиқлар мавжуд бўлса, бу ҳақда АОКАга маълум қилишларини сўраймиз. Аниқланган муаммолар тегишли давлат ташкилотлари иштирокида ўрганиб чиқилиб, ҳал қилиш чоралари кўрилади.






