Пахтачи туманида олтин моддасини ажратиб олиш билан шуғулланиб келаётган яширин цех фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда “darakchi.uz”га Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пахтачи туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ж.У. ва бошқалар “Навоий кон-металлургия комбинати” ДКга қарашли “Қорақўтон” тоғ тизмаси ҳудудидан таркибида қимматбаҳо олтин моддаси бўлган тош хом ашёсини ўғирлик йўли билан ковлаб олиб келиб, ўзлари ташкил этган яширин цехда қайта ишлаб, олтин моддасини ажратиш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиб келганликлари аниқланди. Улардан 237 дона қопларда таркибида маълум миқдорда олтин моддаси бўлган 4 тонна тоғ жинслари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.У. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






