Халқаро марафон ғолиблари 350 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади

СПОРТ 20.02.2020, 17:02
Халқаро марафон ғолиблари 350 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади

Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида жорий йил 22 мартда “Наврўз” умумхалқ байрамига бағишлаб ўтказиладиган II Тошкент Халқаро марафони олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Элбек Шукуров, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси Андрей Абдувалиев, федерация бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов, II Тошкент Халқаро марафони Бош координатори Борис Жгир, халқаро эксперт Алексей Кондрат ҳамда таниқли спортчилар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. 
Анжуман аввалида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Элбек Шукуров бу йилги тадбир ҳақида қисқача маълумот берди.

- Ўтган йили пойтахтимизда илк маротаба Тошкент Халқаро ярим марафони юқори савияда ташкил этилганди. Бу йил эса мусобақа нуфузи ва кўлами янада кенгайиб, энди тўлиқ марафон ўтказилмоқда. Жорий йилги марафон тўртта масофада ташкил этилади. Яъни, узунлиги 42 км 195 м бўлган марафон, узунлиги 21 км 97,5 м бўлган ярим марафон ҳамда 3 км ва 1,5 км масофаларга югуриш мусобақаларидир. Марафон дистанцияси эса World Athletics, яъни Жаҳон енгил атлетикасининг жамоавий аъзоси бўлган AIMS – Халқаро узоқ масофа ва марафонлар ассоциацияси томонидан сертификацияланган. Ҳар қандай спорт турининг асоси – югуриш. Шу маънода мазкур марафон пойгаларининг ўтказилиши шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва югуришни оммавийлаштиришга, қолаверса спорт туризмини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг энг кучли марафончиларини аниқлашга хизмат қилади, - деди Элбек Ҳабибуллаевич.

Шунингдек, матбуот анжуманида II Тошкент Халқаро марафонининг умумий мукофот жамғармаси 350 млн. сўмни ташкил этиши, катта марафон мусобақаси ғолиби 30 миллион сўм, ярим марафон мусобақасида 1-ўринни эгаллаган спортчи эса 12 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланиши айтиб ўтилди. Умуман, ҳар икки масофада дастлабки саккизта ўринни қўлга киритган спортчилар учун мукофот белгиланган.
Қолаверса, 3 км масофага шахсий ва жамоавий ҳамда 1,5 км масофага ўтказиладиган пойгаларда ўз гуруҳларида совринли ўринни қўлга киритган спортчилар ҳам пул мукофоти билан тақдирланади.

Таъкидландики, II Тошкент Халқаро марафони Халқаро енгил атлетика федерацияси томонидан марафон йўналиши бўйича Токио-2020 олимпиадасига рейтинг очколари тақдим этадиган мусобақалар қаторига киритилган. Бу эса иштирокчиларнинг мусобақаларга бўлган қизиқишни янада оширади.

Дарвоқе, анжуманда журналистларни Хитойда кенг тарқалган коронавирус эпидемияси мусобақага қай даражада таъсир ўтказиши мумкинлиги ҳам қизиқтирди.

- Коронавирус муаммоси бутун дунёга таҳдид солаётгани бор гап. Бироқ, бу билан катта спорт тўхтаб қолгани йўқ, халқаро мусобақалар давом этмоқда. Тадбирни ўтказиш учун ҳукумат томонидан тегишли қарорлар қабул қилинган. Марафон мусобақасини ўтказиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам тегишли топшириқлар берилган. Ўзбекистонда хавфнинг олдини олиш учун энг замонавий эҳтиёт чоралари кўрилади, - деб жавоб берди мазкур саволга Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Элбек Шукуров.

Анжуманда иштирок этган II Тошкент Халқаро марафони Бош координатори Борис Жгир мусобақа ўтадиган пойтахтимиз трассалари халқаро талабларга тўлиқ жавоб бериши, ўз навбатида марафон пайтида ғолибни аниқлаш учун транспондер тизимидан фойдаланилиши ҳақида айтиб ўтди. Бу эса мусобақанинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент Халқаро марафони ўтган йили ҳам ўтказилган ва унда дунёнинг 30га яқин давлатидан вакиллар иштирок этган бўлса, бу сафар мусобақа географияси анча кенгайиб, жорий йил баҳсларга ташриф буюрувчи давлат вакиллари 50тадан ортиши кутилмоқда.

Мусобақанинг старт-финиш чизиғи Афросиёб ва Бешёғоч кўчаларининг кесишувида, “Ҳумо Арена” муз саройи олдида жойлашган. Марафон ва ярим марафон масофаларида вақт чеклови белгиланган бўлиб, спортчилар ушбу вақт давомида масофани якунлашлари шарт. Қолаверса, марафон, ярим марафон ҳамда 3 км ва 1,5 км масофага югуриш баҳсларида маррага етиб келган иштирокчиларининг ҳар бирига махсус медаль топширилади. Шунингдек, тадбир ташкилотчилари ва хомийлар тарафидан мусобақа ғолиблари ва иштирокчиларга қўшимча совғалар ҳам кўзда тутилган.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

Марафонга доир қўшимча маълумотлар, яъни иштирок қиймати, рўйхатдан онлайн ўтиш ва тадбир юзасидан бошқа маълумотларни www.uzmarathon.uz сайтидан олишингиз мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1