20 февраль куни Белоруссия пойтахтида жойлашган “Минск” спорт саройида самбо бўйича Президент соврини учун ХХIV халқаро “A” тоифадаги мусобақа старт олди. Минск шаҳрида ўтказилган турнирда яна бир бор дунёнинг 24 мамлакатидан ташриф буюрган енг кучли самбочилар иштирок этишди. Ушбу халқаро мусобақада Самбо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Жанговар самбо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси муносиб иштирок етиб, 3 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритдилар. Жанговар самбо бўйича умум жамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. Ички ишлар вазирлиги Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси, Навоий вилояти ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди сафдор ходими Қудратов Истам Сафар ўғли 74 кг вазн тоифасида фахрли 1-ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритди. Истам Қудратов мусобақа давомида умумий ҳисобда 4 та жанг ўтказди. Ярим финалда Туркманистон вакили Байлиев Алланазар билан жанг олиб борди. Финалда эса Украина вакили Красножон Виталий билан тўқнаш келди ва мутлоқ устунлик билан ватанимиз шаънини ҳимоя килди.
Бугун 22 феврал куни тонгда чемпионларимиз И.А.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида байрамона тарзда кутиб олинди. Кутиб олиш жараёнида Ички ишлар вазирлиги Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси масъул ходимлари ва ИИВ Алоҳида наъмунали-кўргазмали оркестри иштирок этди. Гўзал куй-қўшиқлар спортчиларимиз ва бошқа тадбир иштирокчиларига аъло кайфият бағишлади. ИИВ тизимида Истам Қудратов каби юртимиз байроғини жаҳон ареналарида юқори чўққиларга олиб чиқадиган ходимлар сони янада кўпайишига тилакдошмиз, дейилади ИИВ Ахборот хизмати хабарида.






