АсосийDunyo

Аёл миллиардерларнинг ошиғи олчи

Бой бўлиш кундан-кунга осонлашиб бораётгандек гўё... Ҳар ҳолда дунёнинг турли нуқталарида миллионер ва миллиардерлар сонининг ортиб бораётганидан шундай тасаввур уйғониши табиий..

ЭНГ ЁШ МИЛЛИАРДЕР АЁЛ

Ҳозир энг ёш миллиардер аёл 24 ёшли Перенна Кей бўлиб, у Гонконгда истиқомат қилади. Переннанинг бойлиги 1,3 миллиард долларга баҳоланиб, у кўчмас мулк бозорида фаолият олиб боради. У олий ўқув юртини тамомлаб, бакалавр даражасини олган.

МИЛЛИАРДЕРЛАРНИНГ 25 ФОИЗИ АЁЛЛАР

Миллиардер аёллар сон жиҳатдан ҳам рекорд ўрнатишди, ҳозирда уларнинг сони 172 нафарни ташкил этиб, бу миллиардерларнинг умумий улушининг 25 фоизи дегани. Миллиардерларнинг асосий қисми Шимолий Америкада.

ДУНЁНИНГ ЭНГ БОЙ АЁЛИ

Дунёнинг энг бой аёли АҚШда яшайди. У Кристи Волтон бўлиб, унинг бойлиги 2014 йилда 36,7 миллиард долларга баҳоланган. Шунингдек, у АҚШдаги умумий бойлар орасида 6-ўринни, Forbes журнали талқини бўйича эса дунёда 9-ўринни эгаллайди. У турмуш ўртоғининг Wal-Mart тармоқ дўконларидаги улушига меросхўр.

ШАРҚ АЁЛЛАРИ УДДАБУРОН ЧИҚИШДИ

Ғарбда аёллар катта бойликни мерос орқали олишни афзал кўришса, Шарқда аёллар ўз бойликларини асосан тадбиркорлик йўли билан қўлга киритишган. Масалан, Гонконгда бундай аёллар сони 54,5 фоиз, Хитойда эса – 66,7 фоизни ташкил қилади. Ушбу фоизлар аҳоли сони эмас, миллиардер аёлларнинг умумий сонидан келиб чиқиб ҳисобланган. Бундай тафовут сабабини Шарқнинг тобора ривожланиб бориши билан боғлашмоқда. Бошқа томондан менталитетнинг ҳам аҳамияти борлигини эътиборга олиш мумкин. 

ҲАММА МИЛЛИРАДЕР БЎЛИШИ МУМКИН

Аввал таъкидлаганимиздек, миллиардер аёлларнинг энг катта қисми АҚШда истиқомат қилади. Унинг ортидан Германия ва Бразилия ўрин олган. Деярли ҳар бир одам қаерда яшамасин миллиардер бўлиши мумкин. Бунда кўплаб омиллар инобатга олинади, яъни инсоннинг характери ва билими, мамлакат ва дунёдаги иқтисодий вазият, шунингдек, омад ва меҳнат.

БИРОВНИНГ КОМПАНИЯСИДА БОЙИГАН АЁЛ

Миллиардер аёлларнинг яна бир вакили Шерил Сандбергдир. У Facebook компаниясида юқори лавозимни эгаллайди ва у илк бор «миллиардерлар клуби» аъзосига айланди. Энг қизиқарлиси бу эмас, гап шундаки, у ўз бойлигини ўзининг эмас, бировнинг компаниясида орттирган (статистикага кўра, аксарият миллиардерлар ўз бизнесига эга).

АФРИКАНИНГ ИЛК МИЛЛИАРДЕР АЁЛИ

Нигерияда илк миллиардер аёл пайдо бўлди. Бу Фолорунско Алакия бўлиб, у ўзининг марҳум эридан 630 000 акр нефть майдонини мерос қилиб олди. Ушбу вазиятдан сўнг, у Африкада муҳим шахсга айланди қолди.

2014 ЙИЛ РЕКОРД ЙИЛ БЎЛДИ

Юқорида санаб ўтилган ҳодисалардан ташқари 2014 йил миллионерлар учун рекорд йили бўлди. WealthInsight компанияси таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, АҚШдаги миллионерлар сони қарийб 500 минг кишига етди. Бу рўйхатда 4-кўрсаткич. Учинчи ўринни 10 фоиз ўсиш ёки 1 590 киши билан Нигерия эгаллади. Иккинчи поғонадан 17,1 фоиз ёки 42,921 киши билан Ҳиндистон жой олди. Биринчи ўрин эса Индонезияда – ушбу мамлакатда миллионерлар сони 22,1 фоиз ёки 8,362 кишига ўсди. Миллионерлар сони бўйича етакчи мамлакатлар ўнталигига Россия ҳам кирди бу ерда ўсиш 4,8 фоиз - 7,661 кишини ташкил қилди.

Кузатувчиларнинг фикрича, бундай ўсиш иқтисодиётнинг тикланиши билан боғлиқ. Бироқ мутахассислар танглик пайтида бойлар тезроқ ва кўпроқ бойлик орттира олишини таъкидлашади. Демак бойлик иқтисодиётга боғлиқ ёки боғлиқмаслигини ўзингиз ҳал қилинг.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар