Сўнгги йилларда маҳалла ва оила институтлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Аммо шунга қарамай соҳада қатор муаммолар тўпланиб қолаётган эди.
Хусусан, маҳалла ўзига юкланган энг муҳим вазифалар ва олдида турган муаммолар билан шуғулланиш ўрнига, кўп ҳолда иккиламчи ва бевосита ўзига тааллуқли бўлмаган вазифалар билан ўралашиб қолаётган эди. Масалан, турли маълумотномалар бериш, ажралишлар статистикасини бузилишига йўл қўймаслик ва ҳоказо.
Ҳолбуки, маҳаллада ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга яқиндан кўмак бериш, ижтимоий муаммоларга ечим топиш ва бошқа муҳим масалаларни ҳал қилиш бирламчи вазифа ҳисобланади.
Устига-устак, бошқа қуйи идоралар билан ҳамкорлик тизимли йўлга қўйилмаганлиги, оила, хотин-қизлар ва кексаларга ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги каби қатор сабаблар маҳаллага бу борада яқиндан кўмак берадиган алоҳида давлат тузилмасини ташкил этишга эҳтиёжни юзага келтирди.
Шунга кўра, Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонига асосан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг жойлардаги бўлинмалари ташкил этилди.
Хўш, янги вазирлик учун қандай зарурат туғилди?
Биринчидан, том маънода маҳаллани мустақил институтга айлантириш. Айтиш жоизки, маҳаллалар маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа идоралар таъсирига тушиб қолган эди. Маҳалла раислари ва фаолларини соатлаб ҳокимият ўтказадиган турли тадбирларга ва йиғилишларга фон
учун зални тўлдириб турувчи восита сифатида жалб қилиш, бўлар-бўлмас топшириқлар билан уларни доимий банд қилиш, турли бюрократик ҳисоботларни талаб қилиш масалалари уларни бездириб, чарчатиб қўйган эди.
Бир сўз билан айтганда маҳаллани бундай юкламалардан ҳимоя қилувчи ва унга кўмак берувчи алоҳида давлат органига зарурат туғилаётган эди. Албатта, янги ташкил этилган вазирлик ушбу салбий ҳолатларга барҳам берадиган, маҳаллани том маънода ҳимоячиси бўладиган бўлди.
Иккинчидан, маҳалла ва оилага кўмак берадиган тузилмалар фаолиятини бир тизимга солиш талаб этилаётган эди.Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази –мазкур бешта ташкилот алоҳида фаолият юритаётганлиги, уларга юклатилган вазифаларнинг декларатив хусусиятга эгалиги, функцияларнинг бир-бирига ўхшашлиги ва такрорланиши ушбу институтлар фаолияти самарадолигига салбий таъсир кўрсатмоқда эди.
Бошқача айтсак, бу ташкилотларнинг ресурсларидан тарқоқ ҳолда фойдаланиш билан кутилган самарадорликка эришиш қийин кечарди ва улар бирлашган тақдирда, муаммоларнинг ечими осонлашарди.
Бундан ташқари, маҳалла раиси, профилактика инспекторлари ва ҳотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассислар ўзаро тизимли ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмаганди, ҳар қайси ўз билганича ишлар эди. Уларнинг ягона мақсад сари бир мушт бўлиб фаолият юритишини таъминлайдиган механизм мавжуд эмас эди.
Бундан кейин маҳаллаларда вазифалар ижросига “сеники”, “меники” эмас, балки “бизники” деб ёндашилади.
Учинчидан, айрим институтларнинг қуйи бўғиндаги фаолиятини жонлантириш зарур эди. Масалан, “Оила” маркази ва “Нуроний” жамғармасининг асосий ишчи кучи вилоят ва туман даражасида жамланган, асосий иш бўладиган манзил – маҳаллагача етиб бормаслиги сабаб, уларнинг амалий таъсири деярли сезилмас эди.
Янги вазирлик маҳаллалар фаолиятига аралашадими?
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда айрим шахслар томонидан “маҳалла вазирликка айланди”, “давлат маҳалла ишларига аралашди”, “маҳалла вазирлик томонидан назорат қилинади” деган нотўғри фикрлар билдирилмоқда.
Ушбу қараш ва ёндашувлар мазкур вазирликни ташкил қилишдан кўзланган мақсад ва вазирлик зиммасига юклатилган асосий вазифаларни тўлиқ тушунмаслик ёки моҳиятини тўғри англамаслик оқибатида юзага келмоқда.
Маҳалла вазирлик орқали бошқарилмайди. У биз учун давлат ташкилотларига боғлиқ бўлмаган минг йиллик қадрият сифатида ўзининг ноёб хусусиятларини бундан кейин ҳам сақлаб қолади. Чунки:
биринчидан, “Маҳалла вазирлиги”ни ташкил қилиш бўйича қабул қилинган Президент Фармонининг айнан 1-бандида маҳаллалар фаолиятига давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмаслиги, шунингдек, давлат органлари маҳаллалар фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароит яратиши ва уларнинг ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиши қатъий белгилаб қўйилди;
иккинчидан, Фармонда маҳаллалар ва янги ташкил этилган вазирлик ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий чегараси аниқ белгилаб қўйилди.
Унда вазирликнинг асосий вазифаларидан бири сифатида маҳалла
ва оила институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ
ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш белгиланди. Яъни бу ерда маҳаллани бошқариш ҳақида эмас, балки қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик тузилмалари фаолиятига амалий ёрдам бериш бўйича тизимини жорий қилинганлиги ҳақида гап бормоқда.
Ортиқча вазифалар тугатилди
Хусусан, фуқаролар йиғинининг 46 та, профилактика инспекторининг ўндан ортиқ вазифалари бекор қилинди. Амалда қандай эди? Фуқаролар йиғинлари зиммасида жами 200 дан ортиқ, профилактика инспекторларида эса 100 дан ортиқ вазифа бор эди.
Масалан, фуқаролар йиғинлари ходимлари қора металл парчаларини топшириш, солиқлар, коммунал тўловлари ва сафарбарлик чақирув резерви бадалларини ундириш, қишлоқ хўжалиги ишларида қатнашиш, ўз ҳудудидаги дарахтлар ва томорқалардан олинадиган ҳосилнинг ҳисобини юритиши, келгуси йил учун иқтисодий прогнозларни белгилаш каби вазифаларни ҳам бажарарди.
Қолаверса, фуқаролар йиғинлари ходимлари ва профилактика инспекторлари кўплаб комиссия ва гуруҳлар таркибига киритилгани туфайли ходимларнинг аксар вақти йиғилиш ва мажлисларда ўтиб кетарди. Бу эса асосий вазифаларни бажаришга тўсқинлик қиларди. Турган гапки, бунинг натижасида республиканинг айрим маҳаллаларида жиноятлар сони кўпайди, Баъзи маҳаллаларда эса уларнинг камайишига эришилмади. “Ўзиники бўлмаган” вазифаларнинг маҳалла “елкасидан олиб ташланиши” иш сифатига ижобий таъсир қилиши шубҳасиз.
Қолаверса, шу пайтгача республикадаги мавжуд 9 121 та маҳалланинг 28,5 фоизига профилактика инспекторлари штати ажратилмаган бўлиб, айрим ҳолатларда икки ёки учта маҳаллага 1 та ходим бириктирилган эди.
Алоҳида профилактика инспектори мавжуд эмаслиги носоғлом турмуш тарзида ҳаёт кечираётган, низоли оилалар билан мунтазам ишлаш имконини чеклаб қўймоқда эди. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир фуқаролар йиғинида камида 1 тадан профилактика инспектори лавозими бўлиши талаби ўрнатилмоқда. Бу орқали маҳаллаларда аҳоли муаммолари билан чуқурроқ ишлаш, уларни ўз вақтида бартараф этиш ва оилада соғлом турмуш тарзини ўрнатиш кўзланган.
Давлат бюджети харажатлари камайтирилади
Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси ва шу каби ташкилотлар мақомига кўра нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланса-да, молиялаштирилиши асосан Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилиб келинарди.
Маълумот тариқасида: бугунги кунга қадар Республика маҳаллалар кенгашида
1 739 нафар, Хотин-қизлар қўмитасида 808 нафар, “Нуроний” жамғармасида 253 нафар, “Оила” марказида 428 нафар ходимлар фаолият олиб бораётган эди.
Эндиликда маҳаллаларнинг ривожланишини, унинг ободлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида янги молиялаштириш тизими жорий қилинади. Вазирлик ташкил этилиши билан кадрлар ва моддий ресурслар тўғри тақсимланиши йўлга қўйилиб, бунинг ҳисобига Давлат бюджети харажатлари камайтирилади. Бу қатор имконият ва имтиёзларга йўл очади.
Яна бир муҳим жиҳати – илгари маҳаллалар асосан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган бўлса, энди улар асосий фаолият йўналишларидан ташқари тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўзини ўзи молиялаштириш ҳуқуқига ҳам эга.
Халқаро тажриба нима дейди?
Бу борада хориж тажрибаси атрофлича ўрганилди. Хусусан, Германия, Буюк Британия, Малайзия, Хорватия сингари давлатларда ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва оила масалалари бўйича алоҳида вазирликлар фаолият юритади.
Таҳлиллар ва ўрганишлар ушбу давлатларда оила ва хотин-қизлар масалалари билан шуғулланишнинг алоҳида давлат органларига берилиши бу йўналишдаги муаммолар самарали ва ижобий ҳал қилиб келинганлигини кўрсатади.
Бир сўз билан айтганда, маҳалла институти аҳолининг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига, халқ билан давлат ўртасида ишончли “кўприк”ка айлантирилади.
Д.Ибрагимова
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари






