Аввал хабар берганимиздек Самарқандда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди ҳамкорлигида ташкиллаштирилган II Марказий Осиё судьялар мулоқоти давом этмоқда.

Халқаро анжуманда ОАВ ва сўз эркинлигини таъминлашда миллий суд тизимларининг ўрни бўйича бир қатор долзарб мавзулар муҳокама этилди. Шунингдек, дунё миқёсидаги сўз эркинлиги ҳамда оммавий ахборот воситаларининг суд жараёнларидаги эркин иштирокини таъминлашда яратилаётган чекловлар ОАВ учун ўз масъулиятини бажаришда ва эркин фаолият олиб боришида тўсиқ бўлаётгани айтиб ўтилди.
Ушбу тадбир дунё ОАВсидаги янги тенденциялар, чеклов ва тўсиқларсиз фаолият юритиш билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун, уларни ҳал этиш бўйича фикр ва тажриба алмашишга қулай имконият яратди.
"Мазкур муҳим тадбирни ташкил этишда етакчи ташаббускор бўлган Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти жамоаси, шу билан бирга жаноб Арлем Дезир ва унинг офисига ўз миннатдорлигимни билдираман. Сўз эркинлиги борасидаги ислоҳотларнинг ижрочиси сифатида сиз билан яқин ҳамкорликда иш юритамиз деган умиддаман", – деди Миллий масс-медиани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фонди Васийлик кенгашининг раиси Комил Алламжонов тадбирнинг очилишида сўзлаган нутқида.
Дарҳақиқат, бугун Янги Ўзбекистон кўплаб соҳаларда ислоҳотларга юз тутяпти. Ўзбекистон ислоҳотларнинг устқурмаси сифатида кучли фуқаролик жамиятининг асосий шарти матбуот эркинлиги, эркин фикр билдириш, давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш йўлини танлади. Ҳамюртларимиз ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишни ўрганяпти. Давлат идоралари эса кучли жамоатчилик назорати уларни кузатаётганини тушуниб етди. Бу фаолиятда кузатилаётган турли камчилик ва нуқсонларни, зўравонлик, коррупция каби иллатларни тугатишга, инсон омилини ҳис қилиб, чин маънода фуқаролик жамиятини қуришга замин яратади.
"Албатта, бу осон жараён эмас. Очиқлик маданияти, унга ўрганиш, уни ҳазм қила олиш ҳам осон эмас. Матбуот ходимларида ўзини цензура қилиш, кўрқув ҳисси бор ҳали, чунки давлат идоралари ходимлари томонидан турли таҳдидлар, босимлар, адолатсизликлар ҳам учраб турибди. Уларни ҳимоя қиладиган ягона орган бу — суд бўлиши керак. Лекин бунинг учун энг асосийси судларда адолат бўлиши керак! Ҳар бир норози фуқаронинг борадиган жойи суд бўлиши керак ва аҳолининг судларга ишончини оширишга эришиш лозим" –Комил Алламжонов.

Таъкидланганидай, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 113-моддаси, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасига кўра, барча судларда ишлар очиқ тартибда олиб борилади. Суд ишларини ёпиқ мажлисда тинглашга фақатгина қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади.
Очиқ суд мажлисларида эса жараён иштирокчиси бўлмаган, жумладан ОАВ вакиллари қатнашишига рухсат берилади, дейилган меъёрий ҳужжатларда. Матбуотнинг мажлислар залига кириши учун қонунда назарда тутилмаган асослар билан тўсқинлик қилинишига йўл қўйилмаслиги керак аслида.
"Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий судида Олий суд Пленуми қарори лойиҳаси ва уни қабул қилиш муҳокамаси бўлиб ўтди.Ушбу қарорда ОАВ вакилларининг суд мажлисларида эркин иштирок этиши ва тўсиқларсиз ахборот олиши учун судялар зарур шароитларни яратишига оид меъёрлар кўриб чиқилган. Ишни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиш аниқ асосларга таянган бўлиши, бу ҳақдаги маълумот барча учун очиқ бўлиши лозим. Журналист ва блогерларнинг судда фото ва видеотасвирга олиши Пленум қарори билан батафсил тартибга солинади", – дея таъкидлади Комил Алламжонов.
Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши барча журналистлар ва мустақил блогерлар учун ва умуман ҳақиқат тантанасини кутаётган ҳамюртларимиз учун муҳим воқеа бўлади.

Халқаро анжуман очилишида ЕХҲТнинг ОАВ эркинилиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир ва Миллий масс-медиани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева, Олий суд раиси ўринбосари Бахтиёр Исаковлар ҳам сўзга чиқишди. Анжуман бугун 6 март куни ҳам ўз ишини давом эттирмоқда.
Манзура БЕКЖОНОВА, Самарқанд






