1

“UzAuto Motors” халққа ошноми ёки..." Депутат мутасаддилардан тушунтириш сўрамоқда

ЖАМИЯТ 10.03.2020, 14:10
“UzAuto Motors” халққа ошноми ёки..." Депутат мутасаддилардан тушунтириш сўрамоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев, мамлакатдаги ягона енгил автомобил ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланган “UzAuto Motors” томонидан бир қатор маҳсулотлари нархини тўсатдан оширилиши бўйича мутасаддилардан тушунтириш сўрамоқда. 

Қаердаки, мавҳумлик, ёпиқлик бўлса, ўша ерда саволлар, норозиликлар кўпаяверади. Шу боисдан барча соҳаларда очиқлик, ошкоралик сиёсати олиб борилаётган бир шароитда мамлакатимиз аҳолисини енгил автомобил билан таъминловчи якка-ю-ягона корхона, ҳеч қандай тушунтиришларсиз, огоҳлантиришсиз маҳсулотлари нархномасини янгилаб қўйди. Бу эса автомобил бозоридаги нархларини кескин ошиб кетишига сабаб бўлиши ҳаммамизга аён. Ўз-ўзидан халқимизда саволлар келиб чиқмоқда ва ҳозиргача бирорта масъул жавоб беришга шошилмаяпти. Биз кимга, нимага гапиряпмиз ўзи?

Депутат  “UzAuto Motors” мутасаддиларидан қуйидаги масалалар бўйича ўз муносабатини билдиришидан умид қилмоқда:

Биринчидан, нега “UzAuto Motors” на сайтида, на бирор бир бошқа оммавий ахборот воситаларида нархлари ошганини расмий хабар ва тушунтириш тарзида маълум қилмаяпти? Худди айб иш қилаётгандек, сайтнинг ички қисмидаги нархнома ими-жимида янгилаб қўйиш, эълон қилишга кирмайди.

Иккинчидан, хўп нархлар ошишга ошибди. Бироқ нима сабабдан, умумий қилиб қайси омиллар туфайли ошганини истеъмолчи билишга ҳаққи борми ёки йўқми?

Учинчидан, нега айнан халқимиз орасида энг талабгир ҳамда “эконом” ҳисобланган Damas, Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti каби автомобиллар нархи оширилмоқда. Ойликка қараб қолмаган, нисбатан ўзига тўқлар ҳарид қиладиган Malibu 2, Tracker, Trailblazer, Equinox, Traverse ва Tahoe нархлари эса ўзгартиришсиз қолмоқда. Ёки бу “Камбағални туяни устида ҳам ит қопади” нақлининг амалдаги ифодасими?

Тўртинчидан, оширилган нархлар экспортга чиқарилаётган машиналарга таалуқлими? Ўзи нима учун “UzAuto Motors” ҳанузгача экспортга ички бозордан анча арзон нархда автомобил сотмоқда. Мисол учун бизда 30 000 минг АҚШ долларидаги Malibu 2, бошқа давлатларда икки баробар арзон нархларда сотилмоқда. Агарда буни валюта оқимини кўпайтириш билан деб изоҳламоқчи бўлсангиз, бошқа янгироқ баҳона топинг, ҳозир банкларимизда истаганча валюта ҳарид қилишингиз мумкин.

Бешинчидан, мамлакатимиз ички бозорида ҳамёнбоп автомобиллар сотуви бўйича бошқа давлатлар автомобиллари сотуви йилдан йилга ошиб бораётган бир шароитда маҳаллий ишлаб чиқарувчимизнинг нархларни ошириш тўғрисидаги қарори қайси бозор қонуниятларига тўғри келади? Бу очиқдан-очиқ бозорни қолганларга бўшатиб қўйишга ҳаракатга ўхшаб кўринмаяптими? Ёки суъний равишда касотга (банкрот) учратиш назарада тутилганми, агар ундай бўлса 20,0 минг яқин ишчилар, қоракўзларимиз тақдири нима бўлади?

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1