Депутат Актам Хаитов Президентнинг 9 март куни қабул қилинган ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор билан жорий этиладиган ўзгаришларни санаб ўтди.
Биринчидан, жорий йил ҳосилидан бошлаб давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинса, 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечади. Давлат хариди тўлиқ бекор қилинади. Фермерлар ва бошқа ғалла етиштирувчилар ғаллани сотишда тўлиқ мустақил бўлади. Бунда етиштирилган ғалла барча истеъмолчиларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин нархларда сотилади.
Иккинчидан, ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун зарур миқдордаги донни махсус Жамғарма эркин нархларда харид қилади.
Эндиликда давлат харид қиладиган буғдой фақатгина давлат корхоналари омборларида эмас, балки мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхоналарнинг донни сақлаш талабларига жавоб берадиган омборлари ёки сиғимларида шартнома асосида сақланиши мумкин.
Учинчидан, ҳар йили 1 августга қадар келгуси йил ғалла ҳосили учун кутилаётган минимал нархлар оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади ва бозорлардаги нархлардан келиб чиқиб ҳар чоракда тузатишлар киритиб борилади. Жаҳон бозори ва минтақавий биржалардаги нархлар таҳлили асосида минимал нархлар аниқланади ва шартномаларни тузишда мўлжал сифатида хизмат қилади. Бу ишни Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда амалга оширади.
Тўртинчидан, ғалла етиштирувчиларни молиялаштиришнинг янгича тизими жорий этилмоқда. Ушбу тизимнинг аҳамияти шундаки, бунда давлат аграр соҳада ўзининг асл функциясини бажаради ҳамда ғалла етиштирувчиларга ўзининг молиявий кўмагини бозор иқтисодиёти талаблари асосида таклиф қилади. Бу маҳсулот етиштирувчиларга барча агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш имконини беради ҳамда фермер хўжаликларининг кўрадиган даромади бевосита ўз меҳнатига боғлиқлигини таъминлайди.
Бешинчидан, ушбу қарор билан ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига кўрсатиладиган хизматлар монополиясига барҳам берилмоқда. Яъни, “Ўздонмаҳсулот” таклиф қиладиган хизмат – донни сақлаб беришни бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳам таклиф қилишига рухсат берилмоқда. Бу – соҳада қўшимча иш ўринлари яратишидан ташқари, хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратади. Натижада, ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига кўрсатиладиган хизматлар сифати ортиб бориб, жаҳон стандарти талабларига мос келадиган тизим барпо этилади.






