АсосийJamiyat

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишга чақирмоқда

'Ўзбекистон мусулмонлари идораси тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишга чақирмоқда'ning rasmi

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолари Кенгаши карантин даврида осойишталикни сақлаш ва инсон соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадидаги ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишга чақиради.

Тартиб-интизом ва ишбошиларга итоат – вожиб (шарт)!

Азизлар, бундай ҳолатларда тартиб-қоидаларга беписанд бўлиш, нафақат қонунни бузиш, балки шаръий томондан ҳам тўғри бўлмайди. Чунки ишларда кўпчилик томонидан сайланган раҳбарларга, ҳукуматга бўйсунишнинг лозимлиги Ислом манбаларида баён қилинган. Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) ишбошиларга итоат этингиз!” (“Нисо” сураси, 59-оят).

Имом Табарий “ишбошилар” сўзининг тафсирида машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг “Улар сизлардан бўлган амирлар”, деб изоҳ берганини ривоят қилганлар.

Маълум бўладики, мусулмон киши, аввало, Аллоҳ таоло ва Унинг расулига тўла таслим бўлиб, дин ва дунё ишларидаги ишбошиларга, агар улар гуноҳга буюрмасалар, итоат этиши вожиб бўлади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амирга итоат этса, менга итоат этибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Ислом уламолари “Мусулмон, моҳир, тақводор табибнинг хабари ила қилинадиган муолажа фарз айн даражасигача кўтарилади”, дейдилар. Демак, Ислом динида итоат қилиш ибодат даражасига кўтарилган ва мўмин-мусулмонлар айни ҳозирги ҳолатда табиблар кўрсатмаларига қатъий риоя этишлари жуда ҳам зарур.

Карантинни бузиш жоиз эмас!

Ҳозирги мураккаб шароитда амалга оширилаётган тушунтириш ишлари ва кўрилаётган чораларга қарамасдан, карантин тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузишга йўл қўяётганлар ҳам учрамоқда.

Инсон карантин ва чекловни бузиши ёки касаллик ўчоғига борганлик, беморлар билан мулоқотда бўлганликни яшириши нафақат ўзи, балки жамият учун ҳам катта хавфдир. Масалан, жорий йилнинг 15 мартидан 23 март кунига қадар юртимизда ушбу касаллик 46 нафар шахсларда аниқланган бўлса, касалларнинг 16 нафари 1 бемор билан мулоқотда бўлганлар. Демак, бундай вазиятда энг асосийси, ўзаро мулоқотни камайтириш, касаллик юқишининг олдини олиш борасидаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишдир.

Таҳлилчилар таъкидлашича, Италия давлатида коронавирус кенг тарқалишининг асосий сабаблари – карантин чораларини татбиқ этмаслик, жамоат транспортлари ва жойлардаги ҳаракатларни чекламаслик ҳамда соҳа мутахассислари фикрларига қулоқ солмасликдир.

Демак, карантин даврида шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидалари, айниқса, вирусдан сақланиш учун ниқоб тақиб, қўлларни яхшилаб совунлаб ювишга жиддий эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, пандемия даврида фуқароларнинг турли жойларда тўпланиши, ҳар хил йиғинлар қилишлари, шу жумладан, масжидлар олдида жамоат ҳосил қилишлари ҳам карантин талабларига хилофдир. Бундай ҳаракатларни содир этаётган фуқаролар республика махсус комиссияси томонидан белгиланган чораларни қўпол равишда бузишлари баробарида, аввало ўзлари ва яқинларини хатарга қўяётганликлари, юртдошларимиз орасида вирус тарқалишига сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигини теран англаб етишлари ҳамда бу каби ишларга қўл урмасликлари зарур.

Ислом дини таълимотларида ҳар бир инсон ўзи ва бошқалар ҳаётини муҳофаза қилишга масъулдир! Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” деб хитоб қилган (“Бақара” сураси, 195-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касал туялари бор киши уларни соғлом туялари бор кишининг туялари олдига келтирмасин”, деб таъкидлаганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир ерда вабо (тарқалгани)ни эшитсангиз, у ерга кирманглар. Агар сизлар турган ерда шу нарса (вабо) бўлса, у ердан чиқиб кетманглар”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Бугун карантин чораларига қатъий риоя қилиш зарурлигини тушуниб етдик. Гарчи юртимизда саноқли кишилар вирусни юқтирган бўлса-да, лекин ҳаммамиз – юртимизнинг 34 миллиондан зиёд фуқароси бир тану бир жон бўлиб ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз даркор. Зеро, Қуръони каримда:

“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилманг!” (“Моида” сураси, 2-оят), дейилган.

Демак, жамият соғлигини сақлаш йўлида ўзаро ҳамкорлик қилиш – Ислом дини тавсия этилган амаллардандир.

Касаллик манбаларидан сақланиш ҳаётий муҳим талабдир

Касаллик тарқашига замин бўладиган воситалардан бири бу – жамоат транспортлари. Тошкент шаҳрида транспорт турлари ҳамда қатнов кўламининг кенглиги, йўловчилар оқими юқорилиги касаллик тарқалишида муҳим омил бўлишини инобатга олиб, Тошкент шаҳрида автобус, метро ҳамда йўналишсиз такси қатновлари вақтинча тўхтатилди.

Пойтахтимиз аҳолиси бундай чораларнинг барчаси биринчи галда уларнинг саломатлигини асраш мақсадида амалга оширилаётганини тушунадилар.

Яна бир муҳим масала: барча савдо ва деҳқон бозорларида, савдо қилиш нуқталарида касаллик профилактикаси мақсадида аҳолининг яқин масофада бўлишларининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилмоқда.

Соғлиқни сақлаш мутахассислари фикрига кўра, ижтимоий масофаланиш – коронавирус тарқалишининг олдини олишда энг муҳим чора экан. Жамоат жойларида аҳолининг ўзаро яқин масофада бўлишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Бу чора “ижтимоий масофаланиш” деб номланади. Ижтимоий масофаланиш, оддий қилиб айтганда, бу – одамлар ўртасидаги масофани 2 метр атрофида сақлашдир.

Пандемия – тафриқа эмас, бирлашиш вақти

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан мамлакатимиздаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган уйдирмалар, шунингдек, асоссиз маълумотларни тарқатаётганларга нисбатан айтар сўзимиз шуки, бугунги синовли пайтларда барчамиз бирлашиб, халқимизга тўғри ва асосли маълумотларни тарқатиш орқали ушбу оғир хасталикни енгиб ўтайлик.

Ҳозирги масъулиятли онларда зинҳор шайтон васвасасига берилмаслигимиз керак. Ҳар қандай қийинчиликни бирдамлик, ҳамфикрлик билан енгишимиз мумкин. Тарихда ҳам халқимиз бундай машаққатларни бошидан ўтказган, сабр-қаноатлари ва кучли имонлари билан уларни енгиб ўтган. Бу сафар ҳам, бу касалликни Аллоҳ таолонинг мадади ила биргаликда енгамиз.

Бундай вазиятларда биз, аҳли илм, олим уламоларимизнинг кўрсатмалари ўлароқ динимизнинг аҳкомларига асосан мўмин-мусулмонларни, айниқса бундай пайтларда ваҳима тарқатиб оммани саросимага солувчи айрим инсонларга таълим ўлароқ, Ислом динимиз таълимотларига амал қилишларига ундаб қоламиз.

Ҳар қандай машаққатга сабр қилиш энг афзал иш эканига хушхабарлар бор. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз, тўла-тўкис қилиб берилур” (“Зумар” сураси 10-оят). Шундай экан биз ҳам саноқлик кунларда имтиҳон ўлароқ юртимиздан Яратганнинг Ўзи бу касалликни кўтариб яна тинчлик ва саломатлигимизни барқарор қилсин.

Хулоса

Айтиб ўтилган чораларнинг барчаси республикамиз ҳудудида ушбу хавфли инфекциянинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, ҳар бир юртдошимиз саломатлигини қатъий муҳофаза қилишга қаратилгандир.

Шундай синов даврида фуқароларимиздан осойишталикни сақлаб қолишни, ваҳимага берилмасликни, асоссиз маълумотлар таъсирига тушмасликни яна бир бор сўраб қоламиз. Унутманг, ҳукуматимиз, мутасаддилар ва шифокорлар сизнинг соғлигингиз учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қайғурмоқдалар.

Коронавирусга қарши биргаликда кураш олиб бориб, карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш ўзимиз, оила аъзоларимиз ва юртдошларимиз саломатлигини асраш борасидаги энг тўғри йўл эканини унутмайлик.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолари Кенгаши

    Бошқа янгиликлар