Россиянинг Хитой ва Ҳиндистонга нефть сотиши санкциялар ҳисобига юк ташиш харажатларининг ошиши сабаб тўхтаб қолди. Россиянинг март ойида юкланадиган нефти бўйича савдо жараёни Осиёда, энг йирик харидорлар мавжуд бозорда, тўхтаб қолди. Бу Хитойда харидорлар ва сотувчилар ўртасида катта нарх фарқи юзага келгани, шунингдек, АҚШ санкцияларига учрамаган танкерларни ижарага олиш харажатлари кескин ошгани билан боғлиқ, деб хабар қилмоқда тижоратчилар ва логистика идоралари.
Вашингтон жорий йилнинг 10 январида Россиянинг нефть етказиб бериш тармоғига нисбатан янги санкциялар жорий этди, бу эса танкер ташиш тарифларининг кескин кўтарилишига сабаб бўлди. Хитой ва Ҳиндистондаги айрим харидорлар ва портлар санкция таъсирига тушган кемалардан воз кеча бошлади.
Россиянинг Тинч океанидаги Козьмино (Находка) портидан экспорт қилинадиган ESPO Blend русумли нефтига Хитойга етказиб бериш шартига мувофиқ (DES) ICE Brent котировкаларига нисбатан ҳар баррели учун 3-5 доллар устама таклиф қилинмоқда. Бу йўналишдаги Aframax танкерлари учун юк ташиш тарифлари бир неча миллион долларга ошиб кетган.
Январ санкцияларидан олдин, қиш мавсумидаги кучли талаб ва Эроннинг рақобатчи нефть турларининг нархи ошгани сабабли, ESPO Blend Хитой бозоридаги сотиш нархи ҳар баррел учун 2 долларгача кўтарилган эди. Бу 2022 йилда Украина уруши бошланганидан кейинги энг юқори кўрсаткич бўлиб, ўша пайтдаги чуқур чегирмалар 6 долларга етиб борган эди.
Ҳиндистон бозорида қийинчиликлар
Ҳиндистонда Bharat Petroleum Corp Ltd (BPCL.NS) молия директори ўтган ҳафтада Reuters нашрига маълум қилишича, компания март ойи учун янги таклифлар олмаган. Унинг таъкидлашича, одатда ҳар ой ўртасида таклифлар олинади, лекин бу сафар март ойи учун қўлга киритиш мумкин бўлган юк ҳажми январ ва декабрга нисбатан камайиши кутилмоқда.
Одатда, Ҳиндистон ҳар ойнинг ўртасида Россия нефти учун таклифлар олади. 2024 йилда Россия нефти Ҳиндистон нефть импортларининг 36% ни, Хитой импортларининг эса бешдан бир қисмини ташкил этди.
Kpler таҳлил компаниясининг маълумотларига кўра, янги санкциялар Россиянинг денгиз орқали экспорт қилинадиган нефтининг 42% га хизмат кўрсатадиган танкерларга қаратилган. Шунга қарамай, санкция остидаги танкерлар Хитой ва Ҳиндистон портларига маълум муддатгача нефть туширишда давом этади.
Ҳиндистон нефт вазири Панкаж Жайн ўтган жумада маълум қилишича, АҚШ Ҳиндистонга танкерларда юкланган Россия нефти 27 февралгача туширилиши кераклигини уқдирган. Шунингдек, санкцияга учраган танкерларда ташилган нефть учун тўловлар 12 мартгача амалга оширилиши керак.
Портларда кечикишлар
Хитойда санкцияга учраган танкерлар расмий равишда муваққат рухсатга эга бўлса ҳам, нефть туширишда кечикишларга дуч келмоқда.
– 15-17 январь кунлари учта танкер ESPO ва Sokol русумли нефть юкларини туширган.
– Olia танкери ўз ESPO юкини Янтай (Шандун) портида 21 январда туширган, бу танкер уч ҳафта давомида юк ташиб юрган эди.
– Huihai Pacific танкери 5 январда юк олиб, ҳалигача Тяньцзинь портда туширишни кутаётган бўлса, Viktor Titov танкери 6 январда юк олиб, ҳозирда Циндао портига йўл олган.
Ҳиндистонда 10 январдан буён санкцияга учраган тўққизта танкер нефть туширган, бир нечта танкер эса Urals русумли нефть билан йўлда.
FGE консалтинг компаниясининг таъкидлашича, АҚШ санкциялари ва Хитойнинг Шандун порти гуруҳи томонидан бу ой бошида жорий қилинган тақиқ сабабли, Шандун вилояти заводлари кунига 1 миллион баррел нефть йўқотиши мумкин.
Иқтисодий оқибатлар
– Мустақил нефть қайта ишлаш заводлари камроқ нефть қайта ишлашга мажбур бўлмоқда, чунки альтернатив етказиб берувчилар қимматроқ.
– FGE ҳисоб-китобига кўра, феврал ойигача қайта ишлаш ҳажми кунига 400,000 баррелга камайиши мумкин.
– Kpler таҳлилчиси Сю Мую фикрича, Хитойнинг Россиянинг Шарқий Сибирь нефти импорти яқин ҳафталарда пасайишда давом этади. Ўтган ҳафта бу импорт сўнгги олти ойдаги энг паст даража – 717,000 баррел/кун га тушди.
– Ҳиндистонга келсак, FGE маълумотларига кўра, мамлакат кунига 450,000 баррел Россия нефти етишмовчилигига дуч келиши мумкин. Бироқ Ҳиндистон заводлари санкциялар давом этаётган вақтдан фойдаланиб қолмоқда.
Ҳиндистон 2023 йил декабридан бери Россия нефти камайганини ҳис қила бошлаган. Reuters маълумотларига кўра, Ҳиндистон заводлари март ва апрель ойлари учун Яқин Шарқ, Африка ва АҚШдан нефть харид қилишга ҳаракат қилмоқда, чунки Россия нефти етказиб берилиши янада қисқариши мумкин.
Абдуллоҳ Саййид