Тошкент шаҳридаги Инсон ҳуқуқлари уйида “Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (ўзбек, қорақалпоқ, инглиз ва рус тилида)” номли тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати хабар қилди.
Давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар мутахассислари, ҳуқуқшунослар, тадқиқотчилар, талабалар ҳамда гендер тенглик масалаларига қизиқадиган жами китобхонларга мўлжалланган ушбу янги тўпламдан Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг тўрт тилдаги – ўзбек, қорақалпоқ инглиз ва рустилларидаги матни жой олган.
Ушбу тақдимот 1995 йил 15 сентябрда Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллиги ҳамда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 45 йиллигига бағишланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очар экан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2024 йил 9 сентябрь – 11 октябрь кунлари бўлиб ўтган 57-сессиясида “Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлаш тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинганига эътиборни қаратди. Ушбу халқаро ҳужжатларда барча давлатларнинг хотин-қизларни инсон ҳуқуқларидан тўлиқ ва тенг равишда фойдаланишини таъминлаш, рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятлари мустаҳкамланганлигини таъкидлади.
Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси раиси Гулрух Агзамова сўзга чиқди.
Жорий йилда Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг ўттиз йиллиги нишонланиши бежиз эмас. Чунки 1995 йил 15 сентябрда бўлиб ўтган Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган мазкур халқаро-ҳуқуқий воситалар ўтган даврда бутун дунё миқёсида гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ривожига сезиларли ҳисса қўшди.
Ўз навбатида, ўтган йили Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 45 йиллиги кенг нишонланганини қайд этиш лозим. Бу ҳақда сўз борганда, даставвал, 1948 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилиниши билан унда эътироф этилган гендер тенглик, аёллар ҳуқуқларини белгилаш ва кафолатлаш масаласига бағишланган халқаро миқёсдаги ҳужжат тайёрлаш вазифаси долзарб аҳамият касб этганини таъкидлаш ўринлидир.
Натижада 1967 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Аёлларга нисбатан камситишларга барҳам бериш тўғрисидаги декларация қабул қилингани хотин-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги кенг қамровли халқаро келишувни ишлаб чиқишда биринчи қадам бўлди. Айни чоғда, ушбу Декларация жинс бўйича камситишни тақиқловчи, шунингдек,давлатлар учун тавсиявий мазмунга эга бўлса-да, кутилган самарани бермади.
Конвенциянинг асосий принцип ва қоидалари 2023 йил апрель ойида умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган. Хусусан, Конституциянинг 42 ва 58-моддаларида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининголдини олиш, улар учун муносиб турмуш ва иш шароитлари яратиш ҳамда хотин-қизларга жамиятнинг барча жабҳаларида эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланиши назарда тутилган.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга оид 40 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Айни пайтда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етказилди. Янги сайланган Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Тадбиркор аёллар сафи 37 фоизга кўпайди. 2020 йилнинг декабрь ойида Марказий Осиё мамлакатлари Етакчи аёллар мулоқоти ташкил этилди. Ўзбекистон 2021 йилда мазкур Мулоқотга биринчи бўлиб раислик қилди.
Яна бир муҳим жиҳат: Янги Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришишдаги ютуқлари БМТ, Парламентлараро Иттифоқ, Жаҳон банки томонидан алоҳида эътироф этилиб, халқаро индексларда ўз аксини топмоқда. Мамлакатимиз 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплади. Натижада 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 51 поғонага кўтарилиб, 52-ўринни банд этди.
Шунингдек, ўтган йилда мамлакатимиз Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида 48 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасида 91-ўринни эгаллади. Ўзбекистон аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасида энг катта натижаларга эришган 5 та мамлакатдан бири сифатида қайд этилди.