АсосийДунё

Яҳудийлар давлати фаластинликларга ёрдам бераётган БМТ тузилмаси UNRWA’ни ёпишни буюрди

Шунингдек, улар ташкилот вакиллари билан алоқаларни узишни ва унинг фаолиятини Исроил ҳудудида тақиқлашни эълон қилди.

'Яҳудийлар давлати фаластинликларга ёрдам бераётган БМТ тузилмаси UNRWA’ни ёпишни буюрди'ning rasmi

UNRWA ёпилиши арафасида, Исроилнинг бу борадаги қарорини бекор қилишга қаратилган сўнгги уринишлар самара бермади. The Guardian нашри шу ҳақда хабар берган.

Аввалроқ Исроил UNRWA - Қуддусда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочқинларига ёрдам бериш бўйича Яқин Шарқ агентлигининг Исроил ҳудудидаги барча офисларини ёпиш учун 48 соат вақт берган эди. 

Яҳудийлар давлати UNRWA’нинг барча офисларини ёпишни, ташкилот вакиллари билан алоқаларни узишни ва унинг фаолиятини Исроил ҳудудида тақиқлашни эълон қилди.

Исроил армияси вайрон қилган Ғазо сектори ва унинг шундай ҳам очлик, тутқунлик ва касалликларга маҳкум қилинган аҳолиси мазкур агентлик ёпилишидан кейин баттар қийинчиликлар гирдобида қолади. Бу агентликда ишловчи тахминан 30 000 киши ҳам ишсиз қолиши мумкин.

Фаластинликларга хизмат кўрсатувчи асосий БМТ агентлиги – UNRWA Ғазо ва бошқа Исроил босиб олган ҳудудларда фаолият юритиб келаётган эди. У кенг халқаро қўллаб-қувватловга қарамай, Исроилнинг тақиқлови сабабли бугун – 30 январ куни батамом ёпилиши кутилмоқда. UNRWA бу қарорни “Ғазони тиклаш ва сиёсий ўтиш жараёнини саботаж қилиш” сифатида баҳолади.

UNRWA’нинг тақиқланиши аниқ бўлиб, Исроил Олий суди агентликнинг мамлакатдаги фаолиятини тақиқловчи қонунни бекор қилиш бўйича сўнгги дақиқадаги илтимосни рад этган.

UNRWA ёпилиши ортидан Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Дональд Трампнинг Ғазо фаластинликларини Миср ва Иорданияга “тозалаш” ҳақидаги таклифини кескин рад этди ва буни “адолатсизлик” деб атади.

Исроил UNRWA билан алоқаларни узади

Исроил Трамп маъмуриятининг қўллаб-қувватлаши билан UNRWA билан алоқаларни узиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қарор кўплаб халқаро инсонпарварлик ташкилотлари ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш томонидан кескин қораланди. Гутерриш Исроилни бу буйруқни бекор қилишга чақирди ва UNRWA’нинг “ўрнини босувчи” тузилма йўқлигини таъкидлади.

UNRWA Ғазода уруш бошланганидан бери етиб келган озиқ-овқат ёрдамининг тахминан 60%ини таъминлаб келган.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги асирлар алмашинуви

UNRWA ёпилишидан сўнг, ҲАМАС томонидан Ғазода ушлаб турилган уч нафар исроиллик озод қилиниши кутилмоқда. Яҳудийлар давлати армияси аскари Агам Бергер ва гаровга олинган икки фуқаро Арбел Йеҳуд ва Гади Мозес ушбу рўйхатда. Улар 110 нафар фаластинлик маҳбуслар билан алмаштирилади.

80 ёшли Гади Мозес ҳозирги битим  доирасида озод қилинадиган илк эркак фуқаролик асири бўлади. Шунингдек, ҲАМАС томонидан ушлаб турилган беш нафар тТаиланд  фуқароси ҳам озод қилиниши мумкин.

Фаластинлик маҳбусларни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига кўра, озод қилинадиган 110 фаластинлик орасида 30 нафар ёшлар ҳам бор. Улар орасида машҳур озодлик курашчиларидан бири, собиқ театр режиссёри ва 2021 йили Исроилнинг энг юқори даражадаги қўриқланувчи қамоқхонасидан қочишга муваффақ бўлган Закария Зубайдий ҳам бор.

UNRWA’нинг ёпилиши ва унинг минтақадаги вазиятга таъсири

Исроил бу ҳафта БМТга агентликнинг ёпилиши ҳақида расмий хабар берди. Исроил элчиси Дани Даноннинг таъкидлашича, 48 соат ичида Исроил UNRWA билан ҳамкорликни тўхтатади.

Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббоснинг вакили бу қарорни “провокация” деб атади ва бу минтақадаги кескинликни кучайтиришини таъкидлади.

UNRWA 1949 йилда ташкил топган бўлиб, Исроилнинг ташкил топиши оқибатида қочқинга айланган юз минглаб фаластинликларга ёрдам бериш учун тузилган. Шундан бери у миллионлаб фаластинлик қочқинларга ёрдам бериб келмоқда.

UNRWA йиллар давомида Исроил танқидига дуч келган. Исроил расмийлари агентлик фаластинлик қочқинлар муаммосини доимий сақлаб қолишга хизмат қилади, деб ҳисоблашади. Яқинда Исроил агентлик ходимларидан бир нечтаси ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумида иштирок этганини даъво қилди.

UNRWA ҳақидаги баҳслар

Чоршанба – 29 январь куни, UNRWA тақиқланиши арафасида, Исроил расмийлари агентликнинг ҲАМАС билан алоқасини исботлаш учун қалбаки далиллар келтириб исботлашга анча уринди. Гарчи Исроил ҳукумати вакили Дэвид Менцер “UNRWA – бу ҲАМАС” деган баёнот берган бўлсада, лекин бу даъвони тасдиқловчи аниқ далиллар келтира олмади.

Франциянинг собиқ ташқи ишлар вазири Катрин Колонна томонидан олиб борилган текширувлар агентликда “бетарафликка оид баъзи муаммолар” борлигини тасдиқлади, бироқ Исроилнинг UNRWA аниқ ҲАМАС аъзолари билан алоқа қилгани ҳақидаги даъволар тасдиқланмади.

UNRWA раҳбари Филиппо Лаццаринининг баёноти

UNRWA раҳбари Филиппо Лаццарини БМТ Хавфсизлик Кенгашида чиқиш қилиб, агентликни ёпиш қарори хавфли эканини таъкидлади:

“UNRWA Ғазода энг йирик БМТ муассасаси бўлиб, 13 000 ходими ва 300 та биноси бор. Агентлик аҳоли ва сулҳ жараёнини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга. Аммо икки кун ичида биз Ғазода фаолият юритиш имкониятидан маҳрум бўламиз.”

“Бу қарор миллионлаб фаластинликларнинг тақдирига, сулҳ жараёнига ва минтақа хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатади.”

“Исроилнинг агентликка қарши сиёсати фаластинликларнинг қочқин мақомини йўқ қилишга ва уларнинг тарихий ҳақларини инкор этишга қаратилган.”

Таъкидлаш лозим, Исроилнинг ушбу гуманитар ташкилотни ёпиши ортида шахсан АҚШ преизденти Дональд Трампнинг дастаклаши тургани айтилмоқда. Трамп ҳокимиятга келгач, Исроилни ҳар томонлама ва кучли қўллаб қувватлашга ваъда берган. Бу ваъдалар аста-секин амалга оша бошлади. Хусусан янги Америка маъмурияти Исроилга оғир бомбаларни етказиб беришга қўйилган чекловни бекор қилди. Ҳатто Трамп фаластинликларни минтақдаан кўчириб, бошқа араб давлатлари – Миср ва Иордания ҳудудига жойлаштириш ташаббуси билан чиқди. Уларга АҚШ уй қуриб беришини ҳам таклиф қилди. Бу таклиф Яҳудийлар давлатининг ҳудуддан фаластинликларни чиқариб юбориб, келгинди яҳудийларни кўчириб келиш режаларига тўла мос келади. 

Миср президенти Сисининг баёноти

Миср президенти ас-Сиси Трампнинг Ғазо фаластинликларини Миср ва Иорданияга кўчириш таклифини кескин рад этди.

“Фаластинликларни мажбуран кўчириш Миср миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган хатти-ҳаракатдир. Биз бундай адолатсиўликда қатнашмаймиз,” – деди Сиси.

Экспертларнинг айтишича, бундан буён Исроилнинг бундай аксилинсоний қадамлари янада кўпаяди ва кучаяди. Чунки АҚШ қўллаб-қувватлашда давом этар экан, Исроил хоҳлаган жиноятини қилиш имкониятига эга. Ҳозирча бу дунёда Исроилни ушбу жиноятлари учун жазолай оладиган ва унинг агрессив-милитаристик ва истилочилик иштаҳасини жиловлай оладиган ҳеч бир куч йўқ. 

Абдуллоҳ Саййид

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Европа Иттифоқи Украинадаги уруш тугаши билан Россия газига қайтишни мўлжалламоқда'ning rasmi

    Дунё 30.01.2025 22:56

    Европа Иттифоқи Украинадаги уруш тугаши билан Россия газига қайтишни мўлжалламоқда

    Россия газини сотиб олиш Европадаги юқори энергия нархларини туширишга ёрдам беради.

    'Дунёда эгизаклар туғилиши кўпайиб бормоқда'ning rasmi

    Дунё 30.01.2025 21:35

    Дунёда эгизаклар туғилиши кўпайиб бормоқда

    Олимлар бунинг сабабини тушунтиришди.

    'Трамп АҚШ қўшинларини Суриядан олиб чиқмоқчи'ning rasmi

    Дунё 30.01.2025 16:14

    Трамп АҚШ қўшинларини Суриядан олиб чиқмоқчи

    Трампнинг минглаб Америка қўшинларини Суриядан олиб чиқиш нияти "Тел-Авив”да жиддий ташвиш уйғотади.

    'Сурия янги ҳукумати Россиядан Башар Асадни топширишни талаб қилди'ning rasmi

    Дунё 30.01.2025 14:59

    Сурия янги ҳукумати Россиядан Башар Асадни топширишни талаб қилди

    Башар Асад Сурияни тарк этгач, Россия Ташқи ишлар вазирлиги унинг президентликдан кетганини эълон қилганди.

    'Ҳиндистондаги диний фестивалда 40 киши ҳалок бўлди'ning rasmi

    Дунё 30.01.2025 13:15

    Ҳиндистондаги диний фестивалда 40 киши ҳалок бўлди

    Тиқилинч оқибатида 60 киши жароҳатланганига қарамай, фестивал давом этган.

    'Трамп АҚШдаги барча фаластин тарафдорлари бўлган хорижликларни, жумладан талабаларни ҳам, депортация қилиш тўғрисидаги фармонни имзоламоқчи'ning rasmi

    Дунё 30.01.2025 12:57

    Трамп АҚШдаги барча фаластин тарафдорлари бўлган хорижликларни, жумладан талабаларни ҳам, депортация қилиш тўғрисидаги фармонни имзоламоқчи

    Трамп федерал идораларга антисемитизмга қарши курашиш учун мавжуд “барча фуқаролик ва жиноий ваколатларни” аниқлашни буюрувчи фармонга имзо чекди.