Ҳар қандай демократик жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда асосий вазифаси бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини профессионал тарзда ҳимоя қилиш бўлган адвокатлар муҳим ўрин эгаллайди.
Ўз навбатида адвокатлар эркин фаолият юритишлари учун давлат зарур шароитларни яратиб бериши, керак бўлганда тегишли ҳуқуқий механизмлар билан адвокатлар фаолиятини турли тазйиқлардан кафолатлаши лозим ҳисобланади.
Охирги йилларда юритимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилган ислоҳотлар адвокатура институтини мустаҳкамлашга, адвокатларнинг ролини оширишга ҳамда ҳимоя ва айблов тарафлари ўртасида балансни таъминлашга эришишга ёрдам берди.
Куни кеча Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланган қонунда назарда тутилган ўзгартиришлар моҳиятан адвокатлар даҳлсизлигини таъминлашга қаратилган бўлсада, кўпчилик буни тескариси сифатида қабул қилмоқда. Келинг, шу масалани батафсил мулоҳаза қилиб кўрайлик ва хулоса қилайлик.
Амалдаги Жиноят процессуал кодексида тезкор-қидирув, суриштирув, терговолди текширув, дастлабки тергов ва суд жараёнида барча иштирокчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган қоидаларни белгилаб беради. Албатта Жиноят процессуал кодексидан ташқари бундай масалаларга оид айрим қоидалар махсус қонунлар – “Прокуратура тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги, “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисидаги” қонунларда ҳам тегишли тартибда белгилаб қўйилган.
Худди шундай жиноят процессига тааллуқли айрим масалалар “Адвокатура тўғрисида”ги ва “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларда ҳам белгилаб қўйилган. Мазкур қонунларда асосан жиноят процессининг муҳим иштирокчиси ҳисобланадиган адвокатнинг фаолиятига тааллуқли қоидалар ўрнатилган бўлиб, айрим қоидалар тўғридан тўғри жиноят процессининг предмети, яъни мавзуси ҳисобланади.
Шундай мавзулардан бири адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахснинг жиноят процессида гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчи тарзида иштирок этиши билан боғлиқ масала ҳисобланади. Албатта, адвокатлар орасида ҳам жиноят содир этиш ҳолатлари, афсуски, учраб туради.
Адвокат томонидан содир этиладиган жиноятларни фош этиш, бундай ҳолатлар бўйича суриштирув, тезкор қидирув, терговолди текширув ва тергов ҳаракатлари амалга ошириш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза килувчи органлар риоя этиши лозим бўлган алоҳида қоидалар жиноят процессуал қонунчиликда ўрнатилган.
Шу ўринда савол туғилади, нега бошқа оддий шахслардан фарқли равишда адвокат жиноят содир этиши билан ҳолатлар учун алоҳида, махсус қоидалар ўрнатилган? Бунга сабаб адвокат доимий равишда айблов тарафига, яьни ҳуқуқни муҳофаза қилув органлар позициясига тескари позицияни билдиради ва шу орқали ўзи ҳимоясида шахс ҳуқуқларини таъминлайди.
Албатта, бундай шароитда айблов тарафида турадиган суриштирув, тергов, прокуратура идоралари ва адвокат ўртасида келишмовчилик келиб чиқиши эҳтимоли юқори ҳамда шундай ҳолатларда адвокатлар дахлсизлигини алоҳида чоралар билан таъминлаш зарурати туғилади. Акс ҳолда, адолат тамойили бузилиши мумкин.
Шу мақсадда, қонунларимизда адвокатлар даҳлсизлигига оид алоҳида қоидалар ўрнатилган.
Энди муҳокамага сабаб бўлган қонунга тўхталадиган бўлсак, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонун 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, ўша пайтдаёқ адвокат дахлсизлигини ҳимоя қиладиган қоидалар мазкур қонуннинг 6-моддасида ўрнатилган.
Хусусан, қонуннинг 1998 йилги ҳолатида 6-моддасида белгиланишича, адвокатнинг мулки ёки шахсига нисбатан тергов суриштирув ҳаракатлари (яъни, уй-жойи ёки хизмат хонасига, шахсий ёки фойдаланишидаги транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш, унинг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, адвокатни кўздан кечириш ва шахсий тинтувдан ўтказиш, худди шунингдек унинг почта-телеграф жўнатмаларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш ёки олиб қўйиш, адвокатни мажбурий келтириш, ушлаб туриш ёки қамоққа олиш) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, вилоят прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси билан амалга оширилиши мумкин.
Кейинчалик, қамоққа олишга санкция бериш судлар ваколатига ўтказилгач, мазкур қонунга 2008 йил 31 декабрдаги қонун билан ўзгартириш киритилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси адвокатга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, вилоят прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг илтимосномасига кўра жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилиши мумкинлиги белгиланди.
Кейинчалик процессуал қонунларга уй қамоғи эҳтиёт чораси тури киритилгач, худди шу мазмундаги ўзгартириш 2016 йил 23 сентябрдаги қонун билан юқоридаги қонунга ҳам киритилди.
Куни кеча Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланган қонун билан адвокатлар эркинлигини чеклайдиган эмас, балки ҳозирги кун талабидан келиб чиқиб “телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувлар” тушунчаларига аниқлаштирувчи ўзгартириш киритилмоқда. Яъни янги қонун талабига кўра, адвокатнинг ҳар қандай телекоммуникация воситаси орқали сўзлашувлари, хабарларини назорат қилиш Бош прокурор, вилоят прокурори (унга тенглаштирилган прокурор) розилигини олиш лозим бўлади. Бундай ҳолатда, бир томондан суриштирув-тергов органларининг прокурор олдидаги, иккинчи томондан прокурорнинг юқори туруви прокурор ҳамда суд олдидаги масъулияти ошади. Чунки, агар прокурор розилигини олган ҳолда адвокат сўзлашувларини эшитиш жараёнида қонун бузилишига йўл қўйилса, суд мажлисида бу ҳолат аниқланади ва ўз ўзидан прокурор ва суриштирув тергов органи ходимига нисбатан чора кўрилиши олиб келади.
Кўпчилик интернет фойдаланувчиларда бундан буёғига янги қонунга кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар адвокатлар сўзлашувини эшитиши мумкин бўлади деган нотўғри тушунча туғилмоқда. Албатта, бундай ҳолат амалдаги қонун ва киритилган ўзгартиришни тўлиқ ўқимасликнинг оқибатида ва турли шахсларнинг нотўғри, чалғитувчи фикрлари оқибатига келиб чиқмоқда.
Таъкидлаш жоизки, хорижий мамлакатлар қонунчилигида ҳам, Ўзбекистонда ҳам жиноят содир этган адвокатларга нисбатан қонунларда белгиланган чоралар қўлланилади.
Киритилаётган ўзгартириш эса, мана шундай чораларни қўллаш механизмини аниқлаштирмоқда, яъни бундай ҳолларда адвокат дахлсизлигини таъминлаш учун Бош прокурор, вилоят прокурори (унга тенглаштирилган прокурор) санкциясини олиш талаб қилинмоқда. Тасаввур қилайлик, агар юқоридаги қонунга аниқлаштирувчи норма киритилмаса, адвокатга нисбатан қандай тезкор қидирув, тергов чоралари қўлланилиши мумкин бўларди.
Хусусан, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонунга асосан мавзумизга оид уч хил тадбир мавжуд:
1) почта, курьерлик жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилиш — тезкор-қидирув фаолиятининг вазифаларини ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган ахборотни олиш мақсадида почта, курьерлик жўнатмалари, телеграф, телефакс, телефонограмма хат-хабарлари ва бошқа хабарларни ноошкора танлаб олиш ва ўрганишдан иборат бўлган тадбир;
2) телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиш — телефон ва бошқа алоқа линиялари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни махсус техник воситалардан фойдаланган ҳолда ноошкора эшитиш, шунингдек қайд этишдан иборат бўлган тадбир;
3) алоқанинг техник каналларидан ахборот олиш — тезкор-қидирув фаолиятининг вазифаларини ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган алоқа техник каналлари орқали узатилаётган матнли, график ахборотни ва бошқа ахборотни махсус техник воситалардан фойдаланган ҳолда ноошкора тутиб қолиш ва қайд этишдан иборат бўлган тадбир.
Демак, мазкур қонунга кўра ҳар қандай хабарлар, турли воситалар орқали олиб бориладиган сўзлашувлар (булар доирасига қонун мазмунига кўра ҳар қандай қурилмалар орқали амалга оширилган хабарлар ва сўзлашувлар киради) тезкор қидирув тадбири предмети бўла олади ва бундай тадбирлар қонун белгиланган доирада адвокатлик фаолияти билан шуғулланадиган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.
Шу билан бирга, мазкур қонун талабига кўра бундай тадбирларни амалга ошириш учун прокурор, яъни туман прокурори (унинг ўринбосари) санкция бериши етарли ҳисобланади.
Ҳозирги кунда, ҳаммага маълумки телекоммуникацияси соҳаси, айниқ интернет жуда ривожланиб кетди, ва кўпчилик оддий телефон сўзлашуви ўрнига интернет орқали видео сўзлашувлар, овозли сўзлашувлардан фойдаланмоқда, овозли ва видео ёзувли хабарлар билан алмашмоқда. Шундай интернет воситаларидан фойдаланган ҳолда жиноят, айниқса кибержиноят содир этиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Албатта бундай жиноятларни фош этишда ҳуқуқни муҳофаза органлари интернет орқали турли телекоммуникация воситалари (смартфон, планшет, компьютер) орқали қилинган мулоқотларни текшириши керак бўлса жиноятчиларнинг бундай алоқаларини назорат қилиши лозим. Агар хорижий тажрибага қарайдиган бўлсак, АҚШ ва Ғарбий Европа давлатларида, ривожлан Осиё мамлакатларида ҳам кибержиноятчиликни олдини олиш ва фош этиш учун телекоммуникация тармоқларини назорат қилиш чораларидан фойдаланилмоқда.
Бундай шароитда, Сенат тасдиқлаган қонун адвокат дахлсизлигига хеч қандай таъсир ўтказмайди, аксинча амалдаги қонунларни ўзаро мувофиқлаштириш, тушунчаларни аниқлаштириш ҳамда адвокатлик билан шуғулланувчи шахсга нисбатан тезкор қидирув тадбирига санкция беришда битта поғона юқори турувчи прокурор розилигини олишни ўрнатмоқда.
Фикримизча, бу ўз навбатида Бош прокурор, вилоят ва унга тенглаштирилган прокурор санкциясини олиш тартибини ўрнатиш орқали тезкор қидирув, суриштирув, тергов жараёнида қонунийликни таъминлаш воситаси бўлиб хизмат қилади.
Яна бир масала, юқоридаги қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида Адвокатлар палатаси билан келиши масаласи. Маълумки, Бош прокурор Конституцияга мувофиқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга ҳамда мазкур ҳуқуқни амалга ошириш тартиби “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги қонунда батафсил баён этилган.
Шу билан бирга, Бош прокурор қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдалаётганда мазкур қонуннинг 26-моддасига мувофиқ қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан якка тартибда қабул қилинади. Яъни, бошқа идораларнинг фикрларини инобатга олиш талаби белгиланмаган.
Мазкур қонунда, шунингдек “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда ҳам қонун лойиҳасини Адвокатлар палатаси билан мажбурий келишиш лозимлиги белгиланмаган, ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига лойиҳа киритилганда бундай белгиланмаган. Шу билан бирга, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонун 12-моддасида адвокатура манфаатларига дахлдор масалалар давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси иштирокида ҳал этилиши белгиланган, аммо юқоридаги қонундаги масалани бевосита адвокатура манфаатларига дахл қилади деб айтиш қийин. Яъни, масала адвокатура манфаатига бевосита дахл қилмай, балки қонун нормасини аниқлаштирувчи ҳолат ҳисобланади. Балки шу боис, лойиҳа ташаббускорлари Адвокатлар палатасининг фикрини олиш шартмас деган хулоса келишгандир. Лекин фикримизча, умуман олганда лойиҳа ташаббускори лойиҳа юзасидан Адвокатлар палатасини фикрини олганда, балки адвокатлар масалага оид бошқа муаммоларни кўтариш имкониятига эга бўлишарди.
Юқоридагилардан келиб, Олий Мажлис Сенат қабул қилган қонун билан киритилаётган ўзгартиришни адвокатлик эркинлигига чекловчи қоида деб қараш мутлақо асоссиз ҳисобланади.
Н. Жўраев, ҳуқуқшунос