АсосийJamiyat

Бугун дунёни забт этган ўзбек — Амир Темур таваллуд топган кун. Соҳибқирон ҳақида нималарни биламиз?

'Бугун дунёни забт этган ўзбек — Амир Темур таваллуд топган кун. Соҳибқирон ҳақида нималарни биламиз?'ning rasmi

Бугун, 9 апрель буюк саркарда Амир Темур бобомиз таваллуд топган кун.

Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.
Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
 

 Буюк давлат арбоби, ўрта асрлар ислоҳотчиси, саркарда, адолат учун толмас курашчи, бобокалонимиз Амир Темур даврида илм-фан, маданият ва таълим мислсиз даражада юксалган эди.

Зеро, сиёсий майдонга қадам қўйганда, у эндигина 24 ёшда бўлган. Мамлакат пароканда, маҳаллий-сиёсий кучлар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликлар авж олган, Чингизхон авлодлари Мовароуннаҳрга тез-тез босқин уюштириб турарди. Жамиятда озодликка ва тараққиётга бўлган интилишларни ўзида мужассам этган халоскор доҳий зарур эди. Амир Темур ана шундай йўлбошчи сифатида тарих саҳнасига чиқди.

1370 йилда Балхда бўлиб ўтган қурултойда улуғ амир деб эълон қилинган Амир Темур, тарқоқликни бартараф этиб, ўлкаларни ягона давлатга бирлаштирди. Амударё билан Сирдарё оралиғи, Фарғона ва Шош вилоятлари, Марказий Осиё давлатлари, Ҳинд ва Гангадан Зарафшонгача, ТяньШандан то Босфоргача улкан салтанат барпо этди.

 Тарих Амир Темурни македониялик Искандар, Доро I, Юлий Цезар каби йирик саркардалар билан бир қаторга қўяди.

«Куч – адолатдадир» шиори соҳибқирон давлати ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланган эди. Улкан ва бепоён мамлакатнинг пойтахти рутбасини олган Самарқанд курраи заминда энг гўзал шаҳар сифатида чирой очди. Ўрта Шарқ ва Марказий Осиёнинг энг яхши меъморлари тўпланган ушбу кентда жаҳон меъморчилигида янги йўналиш – Шарқона услуб пайдо бўлди.

Амир Темур, шунингдек, мамлакатда маънавиятнинг қўллаб-қувватланиши, юксалиши ва ўтмиш даврларнинг олий анъаналари тикланиши учун шарт-шароит яратди. Темурийлар сулоласи вакилларининг маънавият ва маданиятга алоҳида эътибори туфайли ХIV-ХVI асрларда юксак илмий ва ижодий ютуқларга эришилди.

Машҳур немис тарихчиси Ф. Шлоссер соҳибқирон ҳақида «Темурнинг давлатни бошқаришдаги донишмандлигига, унинг ахлоқи ва сиёсий принципларига қойил қолиш керак», деб ёзган эди.

    Бошқа янгиликлар