Ҳинд киносининг суперюлдузи 49 ёшли Салмон Хон оқибати ўлим билан ниҳоясига етган ЙТҲ содир этганликда айбланиб, беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Актёрнинг ўзи айбини тан олмаган бўлсада Мумбай шаҳри полицияси томонидан унинг айби исботланган деган хулосага келинди, дея хабар беради Rg.ru нашри.
Ҳодиса 2002 йилнинг сентябрь ойида содир бўлган. Хоннинг автомобили соатига 90 километр тезликда новвойхонага урилган. Ўша пайти йўл четида бир нечта бошпанасизлар бўлган. Оқибатда уч киши яраланиб, бир киши ҳалок бўлган.
Суд жараёни ўтган йил бошланган. 10 йилдан ортиқ айблов томони далил топа олмади - актёр ЙТҲ пайтида автомобиль бошқармаганлигини таъкидлаган, унинг ҳайдовчиси эса ҳалокат ёрилиб кетган ғилдирак сабабли юз берганлигини айтган.
Бироқ терговчилар воқеанинг тўлиқ тафсилотларини аниқлашга муваффақ бўлишди. Улар ҳодиса куни Хон узоқ вақтини акаси билан барда ўтказиб, кейин автомобиль рулига ўтирганлиги ва жуда юқори тезликда Бандра Уэст тумани бўйлаб ҳаракатланганини аниқлашди. Актёрнинг маст ҳолда эканлигини гувоҳлар тасдиқлашмоқда.
Прокурорлар актёр учун 10 йил қамоқ жазоси талаб қилишган. Аммо унинг ҳимоячиси актёрнинг саломатлиги ва фаол ҳайрия фаолиятини инобатга олишни сўраган.
Актёр устидан олиб борилган суд жараёни Ҳиндистон учун катта воқеа бўлди. Суд қарорини нафақат миллионлаб мухлислар, балки суратга олиш ишлари тўхтаб қолган киностудиялар ҳам кутишди.
Салмон Хон кинога 1980 йилларда кириб келган бўлиб, у 100 дан ортиқ фильмларда суратга тушган. Бундан ташқари у телебошловчилик, қўшиқчилик ва продюссерлик фаолияти билан ҳам шуғулланган. Актёр 20 дан ортиқ нуфузли мукофотлар соҳиби.
Сўнгги икки йилда Хон қамоқ жазосини олган иккинчи ҳинд актёри бўлди. Аввалроқ болливуд жангари фильмлари актёри Санжай Датт қурол сақлагани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.





