АсосийJamiyat

Фарзандимни оромгоҳга юбормоқчиман. Тартиби қандай?

Нодавлат ташкилотда фаолият юритаман. Фарзандим 10 ёшда, уни ёзги таътил мавсумида болалар оромгоҳига юбормоқчи эдим. Агар мен фаолият юритаётган ташкилотда Касаба уюшмалари бўлими бўлмаса, йўлланма олиш учун қаерга мурожаат қилишим керак? Ёки касаба уюшмага аъзо бўлмаган ташкилотлар оромгоҳларга йўлланма олишда имтиёзга эга эмасми?

Д.Жабборова, Тошкент ш.

Ўқув йили тугаб, жазирама ёз ҳам кириб келмоқда. Иссиқ ҳаво болани мактабданда кўра кўпроқ толиқтиради. Фарзандларимизнинг уч ой ёзги таътил онларини мароқли, мазмунли ва шу билан бирга фойдали ўтказиши ҳар биримиз учун муҳим. Ана шуларни инобатга олган ҳолда барча ота-оналарга бирдек фойдали мавзуга оид маълумотларни беришга қарор қилдик. Мавзуга оид саволларга эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Лола ХОЛМЎМИНОВАдан жавоб олдик.

  • МАЪЛУМОТ УЧУН

Бу йили жами 1149 оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилади. Шундан 213 таси стационар, 795 таси кундузги ва 141 таси «Меҳнат ва дам олиш» оромгоҳидир. Мавсум давомида 287171  нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг 151000 ортиғи стационар, 135000 кўпроғи кундузги оромгоҳларга жалб этилади. Бу юртимиздаги 7-14 ёшгача бўлган болаларнинг 8,1 фоизи дегани.

ОРОМГОҲГА КИМЛАР БОРИШИ МУМКИН?

Болалар соғломлаштириш оромгоҳларига 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлар боришлари мумкин. Уларнинг ёши ва қизиқишини инобатга олган ҳолда, тарбиявий ишларнинг мазмуни бўйича қуйидаги ихтисослашган йўналишларда оромгоҳлар ташкил этилади: интеллектуал ривожлантириш (10-14 ёшдаги болалар учун), спорт-соғломлаштириш (8-18 ёш), меҳнат ва дам олдириш (15-18 ёш), ҳарбий-спорт (12-17 ёш), экологик-биологик, ўлкашунослик, техник, бадиий ижодкорлик, ижтимоий мослашув (7-14 ёш) ва бошқа йўналишларда.

ШАРОИТЛАР ҚАНДАЙ?

Ҳар бир бола ўз қизиқиши, дунёқараши ва таъбига кўра маълум бир оромгоҳларда дам олишни хоҳлайди. Бола қайси оромгоҳга бориш ё бормаслиги — ота-онаси ва ўзининг (ушбу оромгоҳга аввал борган бўлса) шахсий танлови.

Бугунги кунда барча болалар оромгоҳларида моддий-техник базани мустаҳкамлаш,  шарт-шароитларни янада яхшилаш ва соғломлаштириш ишлари сифати ҳамда самарасини ошириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан ҳар йили тасдиқланаётган Манзилли дастурга мувофиқ ҳар йили       50 дан ортиқ оромгоҳда қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Турли ҳудудларда янги замонавий оромгоҳлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Натижада оромгоҳларнинг барчасида болаларга манзур бўлувчи, бир биридан қолишмайдиган, жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи шароитлар яратилмоқда.

ОТА-ОНА КАСАБА УЮШМАГА АЪЗО БЎЛМАСА...

 

Айтайлик, сиз ишлаётган ташкилот Касаба уюшма федерациясига аъзо эмас. Сиз эса фарзандингизни “Ўзавтосаноат” компаниясига қарашли “Сокол” оромгоҳига юбормоқчисиз. Бундай ҳолда ота-она танлаган оромгоҳ ташкилотининг бошланғич касаба уюшма ташкилотига мурожаат қилиб, йўлланмани тўлиқ нархда харид қилиши мумкин.

НЕЧА ПУЛГА ТУШАДИ?

Йўлланманинг нархи — оромгоҳларда болаларни сақлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар ҳамда хўжалик органининг оромгоҳни сақлаш харажатлари смета қиймати асосида шакллантирилади. Стационар болалар оромгоҳларига бериладиган йўлланманинг қиймати ҳар бир оромгоҳнинг болаларни қабул қилиш қувватидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Оромгоҳларга харид қилинадиган йўлланмалар келишилган ҳолда касаба уюшмалари, хўжалик органи ва ота-она маблағи ҳисобидан қопланади.

КИМЛАР БЕПУЛ ДАМ ОЛДИРИЛАДИ?

Ҳар йилгидек жорий йилда ҳам ижтимоий ҳимояталаб, кам таъминланган оилалар, Меҳрибонлик уйлари ва мактаб-интернатлари тарбияланувчиларини имтиёзли соғломлаштириш масаласи доимий диққат марказида бўлади. 

БОЛАЛАРНИ КИМЛАРГА ИШОНИБ ТОПШИРАМИЗ?

Бу йил оромгоҳларда 23,6 мингдан зиёд энг муносиб педагог кадрлар, етакчи ва тўгарак раҳбарлари, чет тиллари мутахассислари ва талабалар фаолият олиб боради. Бу кадрлар учун ҳудудлардаги «Ўқитувчилар малакасини ошириш» институтларида ўқувлар ташкил этиш бўйича 26 соатли режа-жадвал ишлаб чиқилган.

Мавсум давомида оромгоҳларда фаолият юритадиган педагог-ходимларнинг ўқувлари ўтказилади. Ҳар бир етакчи аввало, ташаббускор, чаққон, ҳар томонлама билимдон, ўз ортидан болаларни эргаштира олиш қобилиятига эга бўлиши керак.

ОВҚАТЛАНИШ РАЦИОНИ ХУСУСИДА

Болаларнинг овқатланиш рациони санитария-гигиена қоидаларида белгиланган бўлиб, ҳар бир оромгоҳ уларга мувофиқ болаларни овқатлантиради. Жорий йилда бу борада ҳам бир қатор янгиликлар амалга жорий этилмоқда. Хусусан, болалар учун тайёрланувчи таомлар турлари кўпайтирилиши, дармондориларга бой фиточойларнинг доимий тайёрлаб берилиши ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, оромгоҳларда бепул тиббий хизмат йўлга қўйилиб, улар етарли миқдордаги тез тиббий ёрдам учун зарур дори-дармон билан таъминланади.

Мавсум бошлангунча ҳамма оромгоҳга илон ва қорақурт заҳрига қарши зардоблар етказилиб, «Тез тиббий ёрдам» машиналарининг белгиланган жойларда доимий навбатчилиги ўрнатилади. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимлик сувнинг сифати-меъёри, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши қатъий назоратга олиниб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда оромгоҳлар сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўз вақтида ва тўлиқ таъминланади.

Эслатма!

Нималар олиб кетиш мумкин?

  • Биринчи навбатда, ўзига зарур анжомларни олиши тавсия этилади. Яъни, кийим-кечак, санитария-гигиена воситалари (совун, тиш пастаси ва чўткаси, сочиқ, шампунь ва ҳоказо).
  • Оромгоҳ ҳудудида мобиль телефон, компьютер ва бошқа техника воситалардан фойдаланиш масканнинг ички тартиб-қоидаларидан келиб чиқиб ташкиллаштирилади. 
  • Ота-оналар олиб келадиган озиқ-овқат маҳсулотлари оромгоҳга киритилиши таъқиқланган!

Эътирозлар юзага келса!

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда ҳудудий бирлашмалар қошида болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумининг ўтказилиши билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан ҳал этиш, оромгоҳлар фаолиятига ёрдам кўрсатиш мақсадида махсус штаблар ташкил этилади. Ота-она уларга бемалол мурожаат қилса бўлади.

Мавзуга оид

Ҳар қандай турдаги оромгоҳларнинг фаолияти «Таътил даврида болаларнинг кундуз куни бўлиши кўзда тутилган дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳлари жойлашуви, таъминоти ва кун тартибини ташкиллаштиришнинг гигиена талаблари»га мувофиқ юритилади. Бундан ташқари «Кундузги оромгоҳларда болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом» лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йилда  кундузги оромгохлар фаолияти тажриба сифатида ушбу Низомга мувофиқ йўлга қўйилади.

Мазкур Низом лойиҳасига мувофиқ тўловлар асосан  ташкилотчилар, ҳомийлар маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа маблағлар ёрдамида амалга оширилиб, ота-оналар тўлови ҳам  белгиланади.  Ота-оналар томонидан амалга ошириладиган тўлов миқдори болаларнинг бир кунлик озиқ-овқат меъёри ва дам олиш сменаси кунидан келиб чиқиб, ташкилотчилар томонидан жами овқатланиш ҳаражатларининг 25 фоизи миқдорида белгиланади. 

Лайло РУСТАМОВА тайёрлади

 

    Бошқа янгиликлар