АсосийShou-biznes

Жаҳон адабиёти: "Мухаббатнинг тантанаси" (Нажиб МАҲФУЗ)

(“Қишлоғимизнинг севги можаролари” туркумидан)

     Саиданинг севги тарихи бизнинг қишлоқдаги энг ҳаяжонли севги қиссаларидан биридир.

Қўшнисининг ўғли Идрис ал-Қадий билан Саиданинг орасида булоқ сувидай соф ва тоза муҳаббат пайдо бўлди. Улар ҳис-туйғуларини атрофдагилардан қанчалик бекитишга ҳаракат қилишмасин, нигоҳлари ва ғайриихтиёрий ҳаракатлари бу сирни фош этиб қўярди. Бу сирдан воқиф бўлган қизнинг падари бузруквори араб тили ўқитувчиси шайх Карим ва йигитнинг отаси бўлмиш ширинлик сотувчи Ҳасан ал-Қадийнинг орасида жанжал чиқди.

– Ўғлингни тарбиялаб қўй! У ўзини ким деб ўйлаяпти?..

– Худога беадад шукур, ўғлимни тарбиялаб қўйганман!..

Ўқ каби отилган сўзлар, ҳақоратлар  одамлар вақтида ажратиб қўймаганда,  ўзи билан катта жанжални олиб келарди. Бу воқеадан кейин қишлоқ аҳли уларни қаттиқ назорат остига олишди. Севишганлар бу руҳий зарбага итоаткорона бош эгиб, жимгина азоб чекишди.

Идрис мактабни тугатгач, отасини Саиданикига совчиликка боришга  кўндирди. Қария юрагини ҳовучлаб, қизининг қўлини сўраш учун шайх Каримнинг ҳузурига йўл олди. Аммо шайх унга қуруққина қилиб жавоб берди:

– Сенинг ўғлинг ҳали талаба, менинг қизим уни кутолмайди…

Кейин у ўзининг содиқ дўстларига:

– Бу қашшоқ савдогарнинг қизимга совчиликка келишга қандай ҳадди сиғди? У мен билан қариндошчилик ришталарини боғлайман деб овора бўлмасин! – деди.

Шундай кунларнинг бирида Саиданинг отаси орзу қилган, дидига мос келадиган куёвнинг номзоди чиқди. Аммо Саида унга турмушга чиқишга рози бўлмади. Ўша пайтларда бундай таклифни рад этиш ғалати ва кутилмаган ҳол бўлиб, бу ҳақиқий исён эди. Унинг бу қарори шайх Карим ва унинг яқинларини саросимага солиб қўйди. Жаҳлдан ғазаб отига минган ота исёнкор қизни тарбиялаб қўйиш мақсадида уни кўп нарсалардан маҳрум қилиб, қатъий чекловлар қўйди. Аммо Саида ўз қароридан қайтмади.

Бу воқеаларни эшитган қишлоғимизнинг ғийбатчиларига янги мавзу топилиб, Саиданинг устидан мағзава ағдаришиб, турли-туман, бўлар-бўлмас миш-мишларни тарқатишди. Бу узунқулоқ гаплар шайх Каримнинг қулоғига ҳам етиб келди. Қария қаттиқ ғам-ғуссага ботиб, қадди букилди, бу гапларни кўтаролмай, синфда болаларга дарс ўтаётган вақтида тўсатдан вафот этди. Отасининг ўлимида оиласидагилар ва яқинлари Саидани айблашди. Уни ҳақорат-у, қарғишлар билан сийлашиб, моховдан қочгандай ундан  ўзларини олиб қочадиган бўлишди. Шундан кейин ҳеч ким унинг уйига совчиликка келмай қўйди.

 Орадан йиллар ўтиб, Идрис институтни муваффақиятли тамомлаб, қишлоққа қайтди ва яна севгилиси Саиданинг уйига совчи юборди. Саиданинг оиласидагилар унинг совчиларини олдинги сафаргидан-да, совуқ кутиб олишди, онаси бу ҳақда эшитишни ҳам истамади. 

Орадан йиллар ўтди. Уларни оддийгина қилиб “ўтди” дейиш осон, аммо уларни яшаб ўтиш Саидага жуда оғир кечди. У ўз уйида қамоқдаги асира сингари ёлғиз ва ҳеч кимга кераксиз бўлиб яшади. Идрис бўлса катта амалдор бўлиб, ҳамма орзу қиладиган куёвга айланди. Аммо у ҳам бошқаларнинг ҳасадини келтириб, уйланишдан бош тортди. Идриснинг ҳис-туйғуларидан, қайсар ва ўжар феълидан хабардор бўлган дўстлари ва қариндошлари унинг барча тўсиқларни енгишига ишонишарди.Тўсатдан Идрисни хизмат юзасидан чегарага сафарга юборишди. Қишлоқ аҳли бир неча йил унинг ҳаётидаги янгиликлардан бехабар қолишди. Саиданинг кўзларида аввалги умид учқунлари сўниб, уларда соғинч ва умидсизлик акс эта бошлади.

Идрис чегарадан қирқ ёшли эркак бўлиб қайтди, унинг севги тарихини деярли барча унутганди. Энди қишлоқ аҳлини унинг оила қурмаганлиги, оталик бахтини татиб кўрмаганлиги ҳайратга сола бошлади.  Ҳаммасидан ҳам унинг Саиданинг онасидан яна қизининг қўлини сўраганлиги одамларни баттар ҳайрон қолдирди. Одамлар Саидани бировга ёқиши мумкин бўлмаган қиз деб ҳисоблашга ўрганиб қолишганди.

 Ва ниҳоят айрилиқ ва азобга, вафо ва садоқатга йўғрилган муҳаббатнинг тантанаси бўлмиш тўй бўлди.

                                         Лола ШОИМОВА таржимаси

 

    Бошқа янгиликлар