АсосийJamiyat

2015 ЙИЛДА ОЛИЙ ТА‘ЛИМ МУАССАСАЛАРИДА ТЎЛОВ-КОНТРАКТ АСОСИДА ЎҚИТИШ ҚИЙМАТИНИНГ ОШИРИЛИШИГА ТААЛЛУҚЛИ ШАРҲ

2015 йилнинг 1 cентябридан олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорларининг 15 фоизга ошганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ва уларнинг ота-оналари эътиборига қуйидаги маълумотларни етказади.

Ўзбекистон Республикасида жорий этилган олий таълим тизимига мувофиқ, тест синовлари натижаларига кўра энг юқори баллар тўплаган талабалар давлат гранти бўйича бепул (ўқишга қабул қилинганларнинг ўртача 33 фоизи) ўқийдилар. Ўз навбатида қабул квоталари доирасида “ўтиш” балларини тўплаган талабалар эса, уларни ўқитишга сарфланадиган харажатларни қисман қоплашни назарда тутувчи тўлов-контракт шакли асосида ўқийдилар.

Шу билан бирга талабаларга, уларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт шакли асосида ўқишидан қатъий назар, ҳар ойда стипендия тўлаб борилади. Кўрсатиб ўтиш жоизки, хорижий давлатларда талабаларга ҳар ойлик стипендиялар тўланмайди.

Ҳозирги вақтда стипендиянинг ўртача ойлик миқдори 300 минг сўмни ёки йилига 3,6 млн. сўмни ташкил этади ва у ўқитиш қиймати контракт миқдорига тўлиқ киритилади. Бунда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг 40-60 фоизини стипендия ташкил этади, яъни талабага ўзи томонидан ўқиш учун тўланган маблағнинг тахминан ярми ўқув йили давомида ойлик стипендия кўринишида қайтарилади. Бу механизм талабаларнинг ўқишига зиён келтирган ҳолда пул ишлашга вақт сарфламасдан, бутун диққат-эътиборларини таълим олишга қаратишларига имкон яратади.

Юқоридагиларга асосан янги ўқув йилида тўлов-контракт қиймати миқдорини индексация қилишда, асосий омил сифатида, ўтган ўқув йилида стипендия ва ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорларининг 23,2 фоизга, тўлов-контракт миқдорларининг эса атиги 10 фоизга ошганлиги, аниқроғи олий таълим муассасалари харажатлари уларнинг тушумларидан тезроқ ўсганлиги инобатга олинди.

 

    Бошқа янгиликлар