АсосийShou-biznes

Мулоҳаза “ХУСУСИЙ СТУДИЯЛАРНИ ЧЕТЛАШТИРМАНГ”

Бир фильмни суратга олишда юздан ортиқ ижодкор иштирок этиши мумкин, аммо битта фильмни миллионлаб инсонлар кўради. Бугун кино ишлаб чиқараётганлар томошабин тарбиясига қанчалар маъсул? Улар ўз фарзанди тўкин яшашини ўйлаб, миллионлаб болалар тарбияси устида таваккал қилмаяптимикин? Шу ва бошқа саволлар юзасидан кино соҳасининг таниқли ташкилотчиларидан бири Аъзам Исҳоқовнинг фикрлари билан қизиқдик.

“Мустафоқул Болтабоевнинг сенарийси бўлса, яхши…”

Бадиий кенгашга келган ҳар бир сценарийни кенгаш аъзолари холис баҳолаши шарт. Лекин афсуски баъзида муаллиф таниқли бўлса бир  фикр, янги, нотаниш ижодкор бўлса бошқа фикр айтиш ҳоллари ҳам учраб туради. Бу салбий иллатни Зулфиқор Мусоқов ўзининг  “Осмондаги болалар” фильмида Мустафоқул Болтабоев образи орқали яхши очиб берган. Яъни “Мустафоқул Болтабоевнинг сценарийси бўлса яхши, 10-синф боласининг сценарийси бўлса ёмон”...

Баъзида бадиий кенгаш аъзолари асарни холис баҳолашлари учун асар муаллифини кўрсатмай берган вақтларимиз ҳам бўлган.

 “Хусусий студияда ишлайдиганларда ҳадик бор”

Хусусий студияда фаолият юритаётган режиссёрларнинг кўпчилиги билан суҳбатлашганман. Уларнинг ҳаммаси ҳамкорликка интилади, аммо ҳаммасида ҳадик бор, ғояни ўғирлатиб қўйишдан қўрқишади. Менга сценарийни олиб келиб, кўриб беринг, ғоя яхши бўлса ишни давом эттирамиз, маъқул бўлмаса бошқатдан ёзамиз, дейишарди. Хусусий студия ижодкорлари олиб келган сценарий ҳақиқатдан ҳам оригинал мавзуда бўлса, бюджет маблағи ҳисобидан фильм яратишга рухсат берилган. Масалан, “Телба”, “Дада”, “Бегоналар”, “Севгинатор” сингари фильмлар хусусий студия ижодкорлари томонидан суратга олишга мўлжалланаётган эди, аммо давлат бюджети ҳисобидан суратга олишга имкон берилди. Акбар Бектурдиевнинг хусусий студияда ишлаган “Жазо” фильмини кўриб унга ҳам бюджетдан фильм суратга олишга имкон  берилган. Мирмақсуд Охунов хусусий студияларда ишлаб юрган эди, унга ҳам “9 ой” номли фильмни ишониб топширдик. Умид Ҳамдамовнинг “Назар” номли фильмини кўриб, унга “Онагинам орзуси” номли фильм режиссёрлигини бердик. Хусусий студия ижодкорларини қўллаб- қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш албатта ўз самарасини беришига ишонаман

“Улар осмондан тушганми?”

Хусусий фильм, хусусий студияларга беписанд, менсимай муносабатда бўлмаслик керак. Хусусий студияларда ҳам ўзимизнинг миллий кадрлар ишлайди, осмондан тушган ёки чет давлатдан келган кадрлар йўқ. Статистик маълумотларга қараганда, дунё кино тарихида шу вақтгача яратилган фильмларнинг фақатгина 5 фоизи томошабинлар эътиборига сазовор бўлиб, санъат асари даражасида баҳоланар экан. Қолган 95 фоизи эса фақат томошабин кайфиятига мослаб ишланган, унга ёқиши керак бўлган ўткинчи фильмлар экан. Бугун кўриб, эртага унутиладиган бундай фильмлар фақат бизда эмас бутун дунёда бор.

 

“Оператор ўз ишини қилсин!”

 “Нега айрим операторлар режиссёрлик қилмоқда, операторлар ўз ишини қилсин” деган эътироз қулоққа чалинади. Бу нотўғри танқид, чунки оператор бугунги замонавий компьютер технологияларидан фойдаланиб фильмда қандай махсус жиҳолар, махсус эффектлардан фойдаланишни билади...

 “Нима учун вилоятларда мумкин-у, пойтахтда мумкин эмас”

Бир пайтлар Андижондаги “Шоҳ Бобур” номли хусусий студия ҳамамизга яхши таниш “Парвона” спектакли асосида фильм суратга олган. Фильмда жуда бачкана, саёз лавҳалар кўп бўлгани,    Ўткурийнинг сочларини орқага турмаклаб ўрилган қиёфадаги такасалтанг қилиб кўрсатишгани, шилқимлик саҳналарини ҳам анчайин бўрттириб тасвирлангани унга “вилоятларда кўрсатилса бўлади, пойтахтда кўрсатиш мумкин эмас”, деган хулоса берилган. “Нима учун вилоятларда мумкин-у, пойтахтда мумкин эмас”, дея фильм ижодкорлари эътироз билдиришган. Анча тортишув, мунозаралардан сўнг фильмни пойтахда ҳам кўрсатишга рухсат этилган. Аммо томошабин барибир бу фильмни томоша қилмади, чунки паст савиядаги фильмнинг баҳосини дидли томошабин ўзи берди ва бу “асар” ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Дарҳақиқат, вақт-буюк ҳакам.

“Байрам” студияси судга берганди”

“Байрам” студиясида  профессионал сценарий муаллифи В.Гусев сценарийси асосида, таниқли режиссёр Фарид Давлетшин томонидан “Янги йил оқшоми” номли фильм суратга олинган. Бахтиёр Зокиров ва бошқа бир қанча профессионал актёрлар роль ижро этишган. Фильм юқори профессионал даражада суратга олинган, унинг бадиий савиясига эътироз бўлмаган. Аммо унда кўрсатилган воқеа, қаҳрамонлар характери бизнинг минталитетга ёд. Шунинг учун бу фильмнинг намойишларига ҳам бошида рухсат берилмаган. Бунинг сабаби: фильмда уч эркак янги йил оқшомида дам олгани дала ҳовлига уч жонон билан боришади. Шу жононларнинг биттаси ўша эркаклардан бирининг қизи бўлиб чиқади. Уйнинг бир четида қиз бегона эркак билан беҳаёлик қилиб турибди, бошқа бурчакда эса ота қизига қараб, нима қилсанг қилавер, фақат онангга айтмасанг бўлди, қабилида иш кўряпти.  Ахир шу бизнинг урф-одатларимига тўғри келадими?!

Студия вакилларининг тўхтовсиз шикоятлари ва мурожаатлари кўриб чиқилиб, истисно тариқасида намойишга рухсат берилди. Аммо бу фильмни ҳам бизнинг томошабин қабул қилмади ва студия раҳбарларининг ўзи фильмни экранлардан олиб ташлашни илтимос қилди.

 “Андоза фильмлар кўпаймасин”

 Тан олиш керак: хусусий студияларнинг аксариятида ғоя топишга, ижод қилишга эриниш оқибатида чет эл фильмларидан андоза кўчириб, мавзуларни ўзлаштириш, қайсидир маънода “ўғирлик” қилиш урфга кирган. Аммо чет эл фильмини худди ўзидек кўчириб қўйса, халқимиз учун мавзуси тушунарсиз, фильмнинг ўзи кераксиз бўлиб қолмайдими?

Нозим Тўлахўжаев режиссёрлик қилган, бош ролларда Бобур Йўлдошев, Раъно Шодиева, Мурод Ражабовалар ўйнаган “Мактуб” номли фильм мавзуси корейс фильмидан  олингани барчага маълум. Бу фильмни яратилишига ҳам бошида шубҳа билан қаралган эди. Кейин ҳақиқатдан ҳам фильм миллийлаштирилгани, мавзуга кўр-кўрона ёндошилмаганини кўриб рухсат бердик.

Режиссёрлар нима дейди?

Юқорида тилга олинган саволларни хусусий студияларда фаолият юритаётган режиссёрларга ҳам бериб кўрдик. Уларнинг жавоблари билан танишинг.

“Ҳусайн Бойқаро ролини ўйнардим”

Санжар Шодиев, актёр, кинорежиссёр:

Шу вақтгача бешта, “Ортиқча омад”, “Етти ҳайкал битта кал”, “Қалб кўзи”, “Жигарбандим” ва “Қора мушук” фильмларни суратга олганман.

— Ушбу фильмлардан қай бири томошабинни маънавий тарбиясига, эстетик дидига ижобий таъсир қилиб, ёшларни эзгуликка яхши ишлар қилишга ундайди деб ўйлайсиз?

—Фильмларимнинг барчаси тарбиявий аҳамиятга эга.

—Режиссёрлик маълумотингиз борми?

—Мен Тошкент Давлат Санъат институтининг Драма режиссёрлиги ва кино факультетини тугатганман.

— Агар имконият бўлганда қандай фильмга қўл урар эдингиз?

֫—Болалигимдан тарихий фильм олсам деб орзу қилардим, Масалан, Ҳусайн Бойқаро ҳақида фильм олиб, унинг образини ўзим ижро этиш орзусидаман.

— Бунга нима тўсқинлик қиляпти?

— Тарихий фильм олиш учун анчагина катта маблағ керак бўлади. Чунки тарихни қайта жонлантиришнинг ўзи бўлмайди. Бу ишга минглаб одамларни жалб қилиш лозим.

—Маблағ етарли бўлса, тарихий фильмни қониқарли даражада суратга олишга кўзингиз етадими?

—Албатта кўзим етади. Сабаби бизнинг энг катта ютуғимиз —тарихий шаҳарлар декорациясини ясаб, миллион-миллион пул сарфлаб ўтирмаймиз. Бизда тарихий манзилгоҳлар етарли, фақатгина кучли жамоа ва маблағ бўлса бўлгани.

“Кўпчилик бачкана дейди-ю...”

Жавлон Шодмонов, актёр, кинорежиссёр:

—Шу вақтгача 18 та фильм яратганман (!)

— Улар орасида халқ севиб, қайта-қайта талаб қилиб томоша қиладигани борми?

—Менимча ҳар бир ижодкорга ўзи яратган асарларининг барчаси яхши туюлиши мумкин. Бунга томошабин баҳо беради. Баъзилар хафа қилмаслик учун ҳам зўр чиқибди дейишади...

— Фильмларингиздан қайси бирини тарбиявий аҳамиятга эга деб айта оласиз?

—“Энагалар”, “Хазина операцияси” , “Супер қайнона”... Агар тарбиявий аҳамиятга эга бўлмаса “Ўзбеккино” бадиий кенгашдан ўтказмаслигини ҳамма яхши билади.

—Режиссёр сифатида ўзингизга қандай имкониятлар берилишини хоҳлардингиз?

—Агар маблағ томонидан имкониятим чекланмаганда тарихий фильмга қўл урардим. Катта маблағ бўлганда профессионал оператор, сценарист, монтажчиларни жалб қилардим.

—Бу муаммони фақат маблағ ҳал қилади деб ўйлайсизми?

— Ўзимни прафессионал режиссёр деб билмайман, керак бўлса ёнимга ўзимдан кучли деб билган бирор режиссёрни бадиий раҳбар қилиб олар эдим..

Таҳририятдан: Ҳақиқатдан ҳам хусусий студия ижодкорларини “хусусий” деб чекламаслик керак. Аксинча улар қилаётган ишни яхши томонга йўналтириб, йўл-йўриқ кўрсатиб, маслаҳатлар бериш лозим. Лекин хусусий студияда фаолият юритадагин режиссёрларнинг жавоблари ҳам бизни ўйлантирди. Наҳотки, яхши тарихий фильмлар ишлаш учун маблағнинг ўзи кифоя қилса? Уларга бу саволни бераётганимизда, “ўзим тарихий асарларни қайта-қайта ўқиб, ўрганаман, тарихчи олимларни ҳамкорликка чақираман, дунёнинг энг машҳур тарихий фильмлари режиссёрлари фаолиятини ўрганиб, шундан кейингина яхши фильм яратиш учун ишга киришаман” деган жавобни кутгандик. Лекин улар барча муаммони фақат маблағ ҳал қилади деган жавобни беришди...

 

    Бошқа янгиликлар