“Ўзбеккино” Жамоатчилик кенгаши режиссёр ва продюсерларни кинолойиҳаларни амалга оширишда коррупциядан воз кечишга чақирди

МАДАНИЯТ 09.07.2020, 08:05
“Ўзбеккино” Жамоатчилик кенгаши режиссёр ва продюсерларни кинолойиҳаларни амалга оширишда коррупциядан воз кечишга чақирди

“Ўзбеккино” МАжамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда  “Ўзбеккино” МАнинг коррупцияга қарши кураш режаси муҳокама қилинди ва қабул қилинди. “Ўзбеккино” бош директори Фирдавс Абдухолиқов томонидан Жамоатчилик кенгаши муҳокамасига тақдим этилган режада соҳага молиявий шаффофлик механизмларини жорий этиш, давлат маблағларининг сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, катта бюджетли фильмлар харажатлари сметасини тузишда коррупция ҳолатлари ва бадиий кенгашда кўп маблағ талаб этиладиган кино лойиҳаларни лоббилашни олдини олиш, кино лойиҳалари учун ҳужжатларни тайёрлашда продюсерлар ва режиссёрларга экспертлар ёрдамини кўрсатиш чоралари назарда тутилган. 

“Биз эксперт комиссиясини туздик, унинг зиммасига эндиликда кино лойиҳалари учун сарф-харажатлар сметасини профессионал экспертизадан ўтказиш вазифаси юклатилган” – деб таъкидлади Жамоатчилик кенгаши раиси Ҳамидулло Ҳасанов.

Жамоатчилик кенгашида, шунингдек, Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати бош бошқармасининг "Ўзбеккино" тизимида 2017-2019 йилларда ўтказилган текширув бўйича ҳисоботи тингланди. Ушбу текширув агентлик раҳбарияти томонидан жорий йилнинг апрель ойи бошида бошланди ва 30 кун ичида “Aвлоний”, “Барон-2”, “Элпарвар”, “Қўқон шамоли”, “101-рейс” ва бошқа бир қатор йирик бюджетли фильм лойиҳаларини қамраб олди. Жамоатчилик кенгаши "Ўзбеккино"нинг кино ишлаб чиқариш соҳасидаги йирик қоидабузарликлар ҳолатлари келтирилган текширув натижаларини инобатга олди. Жамоатчилик кенгаши аъзолари таниқли режиссёр Санжар Бобоевнинг ҳисоботда маълум қилинган фактлар ваколатли органлар томонидан тасдиқланган ҳолатда, ҳуқуқбузар компанияларни бундан буён молиялаштириш тўхтатилиши ва давлат кино лойиҳаларида қатнашишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги таклифини бир овоздан қўллаб-қувватладилар.

Ҳамидулло Ҳасанов, Қамара Камолова, Ботир Базарбоев, Aзамат Эргашев, Aнвар Иргашев ва бошқалар бу борада ўз фикрларини билдирдилар. Шу билан бир қаторда, амалга оширилган кинолойиҳаларга маслаҳат ёрдамини кўрсатиш учун текширув ҳисоботида акс этган ташкилотлар вакилларининг маълумотларини тинглашга қарор қилинди. Шунингдек, йўл қўйилган ҳуқуқбузарликлар муаммолари тайёрланаётган 2020-2030 йиллар учун кино соҳасини ривожлантириш Концепцияси ва Кино тўғрисидаги қонун лойиҳасида уларни  ҳал этиш йўлларини топиш мақсадида ўрганилади.

Жамоатчилик кенгашида, шунингдек, "Aбдулло Қодирий" йирик бюджетли кино лойиҳасининг смета қиймати (19 миллиард сўмдан ортиқ, реж. Умид Ҳамдамов) каби масалалар ҳам кўриб чиқилди. Кино лойиҳасининг айрим қисмларида маблағлар ошириб юборилганлиги қайд этилди, шунингдек, фильм сметасини мақбуллаштириш таклиф этилди. Шунингдек, жамоатчилик кенгаши киноижодкорларнинг жамиятдаги хулқ-атвор этикаси масаласи ҳам кўриб чиқди. Бу борада Камара Камалова, Собир Назармуҳамедов, Aскар Фатҳуллин, Сайёра Худойбердиева, Санжар Бобоев ва бошқа кенгаш аъзолари бу ўз фикрларини билдирдилар.

“Мана анчадан буён Сталин тоталитаризми қурбони бўлган таниқли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий ҳақида фильм яратиш ҳақида сўз бормоқда. Бироқ суратга олиш гуруҳи бўлажак суратга олиш ишларига муносиб равишда ҳозир бўлмаганлиги ва тегишли ҳужжатларни тайёрламаганлиги сабабли масала ҳал қилинмаяпти. ЖК аъзолари режиссёр Умид Ҳамдамов ва суратга олиш гуруҳининг бошқа вакиллари билан нима учун бундай бўлганлиги ва бу муаммони қандай ҳал қилиш ҳақида суҳбатлашдилар. Маълум бўлишича, фильмни яратиш учун аниқ ишлаб чиқилган режа ва режиссёр сценарийси мавжуд эмас, натижада баъзи нотўғри миш-мишлар пайдо бўлган. Кино санъати соҳасидаги катта ва тажрибалироқ ҳамкасблар томонидан бир қатор фойдали маслаҳатлар ва тавсиялар билдирилди”, – дея фикр билдирди журналист Борис Бабаев. 

Таъкидлаш жоизки, Жамоатчилик кенгашининг вазифалари кинематография соҳасида коррупция ва нопрофессионаллик ҳолатларига қарши курашиш, баҳсли, низоли вазиятларни ҳал этиш, шаффофликни таъминлаш ва кино соҳасини ривожлантиришга кўмаклашишдир. Ҳозирги вақтда кенгаш таркиби 18 аъзодан иборат. Булар таниқли режиссёрлар, актёрлар, сценарийнавислар, продюсерлар, киношунослар, фан ва маданият намояндалари, журналистлар ва педагоглардир. 

Маълумки, жорий йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида вазирликлар ва идораларда коррупцияга қарши курашиш масаласини кўтарди. Давлат раҳбари барча тузилмаларда асосий вазифаси очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, фаолиятни рақамлаштиришдан иборат бўлган “Коррупциядан холи” дастурини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1