Бутун дунёда мутахассислар коронавирусга қарши вакцина яратиш билан шуғулланишмоқда, бироқ у яқин кунларда пайдо бўлмайди. Энг аввало, вакцина хавфсиз ва самарали эканига ишонч ҳосил қилиниши лозим, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси фавқулодда вазиятлар масаласи бўйича катта мутахассиси доктор Катрин Смолвуд.
«Бутун дунё COVID-19 га қарши вакцина яратиш устида ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқда. Халқаро гуруҳлар аҳоли орасида хавфсиз ва самарали қўллаш мумкин бўлган вакцинани яратиш бўйича ўзаро ҳамда ЖССТ билан ҳамкорлик қилмоқда", - деди Смолвуд матбуот анжуманида.
Унинг таъкидлашича, вакцина яратиш жуда кўп ресурс, вақт ва куч-ғайратни талаб қиладиган жараёндир.
«Вакцина яратиш учун амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатларга қарамай, биз у яқин кунларда пайдо бўлади, дея олмаймиз. Ҳозирча бирор бир вакцинанинг хавфсиз ва самарали эканини тасдиқлай олмаймиз», - деди Смолвуд.
Унинг айтишича, айни пайтда клиник синов босқичида турган 100 дан ортиқ вакцинадан тахминан 15-20 таси қўллаш учун номзод ҳисобланади.
«Умид қиламизки, тез кунларда хавфсиз вакцинани топишга муваффақ бўламиз», - қўшимча қилди Смолвуд.
Бундан аввалроқ ЖССТнинг Россиядаги вакили Мелита Вуйнович ҳам РИА Новостига интервью берганда дунёда 140 дан ортиқ вакцина устида тадқиқот ишлари олиб борилаётгани ҳақида маълум қилган эди. Бироқ улар ҳозирча тадқиқотларнинг турли босқичларида турибди.