Яқинда Самарқанд вилоятига меҳмонга бордим. Мени кутиб олган эски танишим шаҳарни айлантирмоқчилигини айтди. “Бу ернинг “ГАИ”лари ўзимизники, бемалол қўрқмасдан юраверинг”, - деди. Ваҳоланки, ҳали бирон сафар ДАН ҳодимларидан қўрқиб машина бошқарганимни эслолмайман. Чунки доим қоидаларга амал қиламан, ҳужжатларим ҳам жойида. Ҳали бирга юрганимизга 10 дақиқа бўлмасидан, дўстим шаҳарни ўргатишни бошлади: “Қизил чироқда ҳам ўтаверинг, бу ерда камералар йўқ”, “50 дан ошираверинг, радар қўйилмаган”, “қарама-қарши ҳаракат йўлидан ҳайдаб юборинг, ўтирасизми кутиб”... Бу гаплар жахлимни чиқаришни бошлади. Меҳмонлигим боис, индамасликка мажбур эдим. Лекин барибир ўз билганимдан қолмадим. Ҳаёлимда бир фикр: “Наҳотки, 10 дақиқалик, 10 километрлик масофада шунча қоидабузарлик содир этишимиз мумкин эди...”
Машиналар сигналидан сергак тортдим. Қарасам, светофорнинг огохлантирувчи сариқ чироғи эндигина ёнган, мен эса тирбандликда тахминан 7-8-навбатда турибман. Ортимдагилар эса сигнал чалишни канда қилишмаяпти. Бу ҳолатдан баттар асабийлашишга тушдим. Бу шовқин-суронлар, ҳайдовчиларнинг бир-бирига ҳурматсиз муносабатлари, ким ўзарга ўйнашлар, огоҳлантирувчи чироқларини ёқмасдан тўсатдан бурилишлар, хуллас, ҳаммаси хунобимни оширди. Туристлар оқими катта бўлган шаҳарда бу жуда уятли ва ачинарли манзара эди. Ҳайдовчилик маданиятимиз шу даражадами?
Бу нафақат Самарқандда, балки республикамизнинг барча манзилларида кузатиладиган ачинарли ҳолат. Банкларга кирсангиз, банк кассасида навбатда турганларнинг аксарияти йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги сабабли жарима тўлаш учун навбатда туришади. Улар ичида миллионлаб сўмларни топшираётганлари ҳам бор. Мана шундай вазиятларда қонунга бўйсинувчи эканлигим учун ўзимдан ҳурсанд бўлиб кетаман. Қоидага амал қилишса, шунча пулни рўзғорининг бирор бир камига ишлатган бўлиши мумкин эдику?... Бу саволни уларга берсам, “Ака, биз бир содда, оми одам бўлсак, қоидани қаердан билайлик”, - дейишади. Ваҳоланки, бу “содда, оми”ларнинг барчаси имтиҳонлардан "ўтиб", давлат герби муҳри туширилган ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишган.
Ўзимга бераётган саволларим шунчалик кўп эдики, минг бир ҳаёллар билан қандай айланганимизниям билмайман. Дўстимиз эса ора-сира менинг машина ҳайдашимдан нолиб қўярди: “Эҳ, агар ҳайдовчилик гувоҳномамни олдириб қўймаганимда, ўзим кўрсатиб қўярдим сизга шаҳарда юришни...”
Сардорбек Раҳмонқулов
Мавзуга оид:
Мантиқсиз йўл чизиқлари бизга нега керак? Йўл ҳаракатига бефарқ эмаслар ўқисин