Бугун, 15 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиш учун ушбу мамлакатга жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
“Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусида ўтадиган саммит кун тартибидан савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация ҳамда экология соҳаларидаги минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Шунингдек, етакчилар рақамли инфратузилмани ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва сунъий интеллект имкониятларидан амалиётда самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашиши кутилмоқда.








