Учтепа туманидаги учта маҳалла аҳолиси Тошкент вилояти таркибига ўтишга қарши

ЖАМИЯТ 06.08.2020, 22:01
Учтепа туманидаги учта маҳалла аҳолиси Тошкент вилояти таркибига ўтишга қарши

Тошкентнинг Учтепа тумани яшовчилари учта маҳаллани Тошкент вилоятининг Зангиота тумани таркибига ўтказишга қарши чиқди. Туман ҳокими Фарҳод Абдуллаев улар билан учрашувда пойтахт ва вилоят чегараларининг ўзгариши ҳозирда лойиҳа эканини таъкидлаб, ушбу масалани шаҳар ҳокими билан муҳокама қилишга ваъда берди.

Тошкентнинг Учтепа туманидаги «Кўксарой», «Ўрикзор» ва «Зарафшон» маҳаллалари аҳолиси 6 август куни ўз маҳаллаларининг Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудига ўтказилишига қарши норозилигини билдириш учун маҳалла қўмитаси биносига тўпланди. Бу ҳақда «Ўрикзор» маҳалласи раиси Ҳасан Қаландаров ва бир қанча фуқароларга таяниб «Газета.uz» маълум қилди.

Чоршанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимоти билан танишди Унда таклиф қилинишича, пойтахтдан Тошкент вилоятига 1010 гектар, вилоятдан пойтахтга 10196 гектар ер майдони ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида Янги ҳаёт тумани ташкил этилиб, унга Сергели туманидан 1752 гектар, Бектемирдан 267 гектар, Зангиотадан қарийб 328, Қуйи Чирчиқдан салкам 129, Янгийўлдан 263, Ўрта Чирчиқдан 1346 гектар ажратилади ва Янги ҳаёт туманинининг ҳудуди жами 4085 гектарга тенг бўлиши маълум бўлди.

Харитада учта маҳалла — «Кўксарой», «Ўрикзор» ва «Зарафшон» ажратилган. Тошкент вилоятининг Зангиота туманига ўтказиш режалаштирилаётган Тошкентнинг Учтепа туманидаги учта маҳалла. Фото: Google Maps ва «Ўзбекистон 24» телеканали.

Ушбу маҳаллалардан бирида яшовчи ҳамда исми сир бўлиб қолишни истаган фуқаро мазкур учта маҳалла аввал битта «Ўрикзор» маҳалласи таркибида бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, туманнинг бу қисмини Тошкент вилоятига ўтказиш бир қатор сабабларга кўра ноқулайликларни келтириб чиқаради.

«Зангиота туманига ўтказилганидан кейин „Ўрикзор“ туман марказидан узоқда бўлиб қолади. Агарда газ, электр, сув билан муаммолар бўлса, муаммоларни ҳал этиш учун Зангиотага боришимизга тўғри келади. Учтепа туманида биз 1-сонли Республика клиник шифохонасига (Жуковский) ёки 16-шаҳар шифохонаси (РШТЁИМ) мурожаат қиламиз, янги туманга ўтгандан кейин эса Зангиотага боришимиз керак бўлади», — дейди суҳбатдош.

Фото: Telegram.

У янги туманга ўтиш прописка, кадастр ҳужжатлари, автомобиль ҳужжатлари ва рақамларини алмаштиришга тўғри келишини, бу эса қўшимча харажатларга олиб келишини айтиб ўтди.

Бошқа бир фуқаро «Ўрикзор» маҳалла қўмитасига учта маҳалладан 100 нафардан ортиқ киши келганини маълум қилди. «Ўзбекистон 24» телеканалида Тошкент ва Тошкент вилояти чегаралари ўзгариши тўғрисидаги лавҳа эълон қилинганидан сўнг Telegram мессенжерида махсус гуруҳ очилди.

Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаев аҳоли билан учрашувда. Фото: Telegram.

«Ўрикзор» маҳалласи раиси Ҳасан Қаландаров аҳоли билан учрашувга туманнинг тўртта сектор раҳбарлари, жумладан, ҳоким Фарҳод Абдуллаев етиб келганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳоким чегараларни ўзгартириш тўғрисидаги таклиф ҳозирда лойиҳа ҳисобланишини маълум қилиб, ушбу масалани Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан муҳокама қилишга ваъда берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувда Фарҳод Абдуллаев масалани ечишга ваъда бериб, одамларга уйларига қайтиш, чунки аҳолининг тўпланиши карантин қоидаларини бузишини ҳамда турли касалликларга чалиниш хавфини вужудга келтиришини таъкидлайди.

Учтепа тумани ҳокимияти матбуот хизмати ҳозирча бу борада маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

Мамлакат раҳбарияти номига мактуб

Учта маҳалла аҳолиси президент, бош вазир, қурилиш вазири, парламент палаталари раҳбарлари, пойтахт ва туман ҳокимлари номига жамоавий мурожаат (петиция) йўллади. Мактубда нима учун бундай қарорлар ушбу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли фикрини инобатга олмаган ҳолда қабул қилиниши сўралган.

Бундан ташқари, таъкидланишича, «Ўрикзор» маҳалласи Тошкент вилояти билан табиий чегарага эга, яъни Шарқий ва Жанубий томондан, мос равишда Қорақамиш ва Бўзсув каналлари билан ўраб олинган. «Ўрикзор» маҳалласи Тошкент вилояти таркибига киритиладиган бўлса, маҳалла аҳолиси ўз вилояти ёки тумани ичида ҳаракатланиши учун шаҳарга чиқишга мажбур бўлади.

Аҳоли, шунингдек, қайси хорижий тажриба асосида шаҳар чегарасининг белгиланиши халқа йўлнинг жойлашувидан келиб чиқиб амалга оширилиши ҳақидаги саволни ўртага ташлади.

Қайд этилишича, «Ўрикзор» маҳалласи Ўзбекистон мустақилликка эришган даврдан бери Тошкент шаҳри ҳудуди таркибида бўлиб келган. Бу ерга аҳоли кўчиб келиши, уй-жой ёки тадбиркорлик фаолияти учун объект харид қилишида, ҳудуднинг Тошкент шаҳри таркибида эканлиги асосий факторлардан бири бўлган. Маҳалланинг Тошкент вилояти таркибига ўтказилиши, истеъмолчи, яъни уй-жой ёки объект харид қилган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқи бузилишига сабаб бўлади.

«Муҳтарам Шавкат Миромонович, „Ўрикзор“ маҳалласи аҳолиси Сиз томонингиздан сўнгги йилларда олиб борилаётган сиёсатни ва улкан ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келишини, халқ манфаатлари йўлида жон куйдириб олиб бораётган меҳнатингизни юқори баҳолашини маълум қилади ҳамда Ўзбекистоннинг ривожланиши йўлида ўзининг барча куч ва салоҳиятини сафарбар қилаётганини ишонч билан таъкидлайди. Шу билан бирга, айрим мутасадди раҳбарларнинг мантиқсиз, ҳеч кимнинг фикрини инобатга олмасдан ўзбошимчалик билан ишлаб чиқаётган таклифларини мамлакатимиз равнақи йўлига тўсиқ ва тўғаноқ бўлаётганини ҳам қайд этиб ўтиш лозим», — дейилади мурожаатда.

Петицияда аҳоли президентдан ушбу масалани адолат билан кўриб чиқиш, маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда, «Ўрикзор» маҳалласини Тошкент шаҳри таркибида қолиши бўйича қарор қабул қилишинини сўради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1