Камбағалликдан чиқиш – бу давлат сиёсати даражасига чиққан энг муҳим муаммолардан бири. Ушбу муаммони ҳар бир вилоят, туман раҳбарият-у масъуллари ўзича талқин этиб, уни бартараф этиш учун ўз ҳудудининг иқтисодий-ижтимоий имкониятидан келиб чиқиб ёндашяпти. Лекин барчага намуна қилишлик бир вилоят борки, у ҳудуднинг масъуллари халққа имконият бераверади, фуқаролар ҳам берилган имкониятлардан ортиғи билан фойдаланиб, бири ташландиқ қурғоқ ерни ўзлаштириб, миллион-миллион долларлик маҳсулот экспорт қилаётган бўлса, бошқаси қир устига минглаб иссиқхона қурдириб, ишсиз эҳтиёжмандларни иш билан таъминлаяпти. Яна бири эса сув чўккан ботқоқ ерларда Ўрта Осиёдаги энг йирик дея баҳоланаётган “Афсоналар водийси”ни яратиб, неча йиллик афсонани ҳақиқатга айланишига эришган. Бу ўлка – Наманган вилояти.
“Наманган тажрибаси”га бағишланган бир неча қисмдан иборат мақолаларимизни кузатиб борсангиз, ёритаётган “бизнес-режа” тавсиялармиздан бирортаси айнан сиз учун асқатиб қолишига ишонамиз. Демак, илк тавсиямиз Наманган вилоятидаги “иссиқхоначилар тумани” дея таъриф этиладиган Наманган туманида иссиқхоналардан қандай фойдаланишлари ҳақида бўлади.
Нима учун айнан Наманган тумани ва нега айнан иссиқхона?
Камбағалликка қарши курашишнинг Наманган тажрибасига кўра ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий ўсиш нуқтаси (драйвери) аниқланиб, уни ривожлантиришга кўмаклашиш орқали аҳоли даромадини ошириш назарда тутилади. Наманган тумани иссиқхоначилик бўйича узоқ йиллик тажрибага эга. У ерда деярли ҳар бир хонадонда иссиқхоналарга кўзингиз тушади. Иссиқхоначилик – туманнинг иқтисодий драйверларидан бири дейиш мумкин. Шу сабабли туманда давлат бюджетидан алоҳида 50 млрд. сўм маблағ айнан иссиқхоначиликни ривожлантириш учун ажратилган.
Бу маблағлар қандай сарфланади?
Туман ҳокимининг 1-ўринбосари Азамжон Аҳмадалиевнинг келтиришича, давлат бюджетидан ажратилган мазкур маблағ иссиқхоначилик билан шуғулланмоқчи бўлган аҳоли учун “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредитлар (3 йилга 6 ой имтиёзли даври билан 15 %)ажратиш орқали, “темир дафтар”га киритилган аҳоли учун 50 фоизли субсидия (кредит суммаси 50 % ининг давлат томонидан тўлаб берилиши) асосида сарф этилади.
Иссиқхонадан қандай фойдаланилади ва қандай даромад олинади?
Наманган туманига қилган пресс-туримизда иссиқхоначилар шуни таъкидлашдики, 2 сотихли ердан йилига 30-40 миллион сўмгача даромад олишлари мумин экан:
Шу тариқа иссиқхонадан 4 фаслда ҳам фойдаланиш орқали тадбиркорлар кредитларини ёпиш баробарида 2 сотихли иссиқхонадан ойлик 2-3 миллион даромад қилишга ҳам эришади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, 2 сотихли иссиқхона қуриш учун 12-13 млн. сўм маблағ сарфланади. Кредит тўловлари эса 600 000 сўм атрофида бўлади.
Туманда камбағаллик даражаси қандай?
Наманган туманида 179 400 нафар аҳоли (46 127 та оила) бўлиб, шулардан 1701 та (3,7 %) оила “темир дафтар”га киритилган. Туманда камбағалликка қарши курашишда ҳам бошқаларга ўрнак бўларли механизм шаклланган. Бу механизмга кўра, рўйхатдаги оилалар “темир дафтар”ини юритишда уларнинг ҳужжатларини 3 та: яшил, қизил ва сариқ тоифаларга ажратилади. Бунда:
Яшил тоифа – маълум даромад манбаига эга бўлиб, “темир дафтар”дан чиқарилган оилалар (779 та оила – 45,8 %);
Сариқ тоифа – 2020 йил октябрга қадар рўйхатдан чиқарилиши кутилаётган, ҳозирда даромад манбалари шакллантирилаётган оилалар (қолган 922 оиладан 825 таси – 89,5 %);
Қизил тоифа – ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, меҳнатга лаёқатсиз, кекса, ногирони бор давлат қарамоғидаги 97 та оилалардир.
Кейинги мақолаларимизда:
Иссиқхоначилик бўйича Наманган тажрибаси камбағалликка қарши курашдаги битта йўналиш ҳисобланиб, кейинги қисмларда беданачилик, савдо контейнерлари, асаларичилик, сочиқ ишлаб чиқариш ва яна бир нечта бизнес тавсиялар бериб борамиз. Бераётган тавсияларимиз нафақат даромад илинжидаги аҳоли учун балки, ўз ҳудудидаги камбағалликка қарши курашаётган туман ва вилоят сектор раҳбарлари учун дастур ул-амал бўлишидан умидвормиз.
Сардорбек Раҳмонқулов