АсосийJamiyat

ШҲТ Бош котиби: Самарқанд форуми долзарб ва ўз вақтида ташкил этилди

'ШҲТ Бош котиби: Самарқанд форуми долзарб ва ўз вақтида ташкил этилди'ning rasmi

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумини ўтказиш ниҳоятда долзарб ва ўз вақтида амалга оширилган ташаббусдир, дейди Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов.

Унинг таъбири билан айтганда, "дунёдаги аксарият мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ва аҳолиси соғлиғига сезиларли зиён етказган" коронавирус пандемияси туфайли юзага келган шароитлар билан боғлиқ. 

В.Норов Самарқанд форумининг очилиш маросимидаги чиқишида "маънавий-руҳий ва жисмоний саломатлик, таълим, касбий ривожланиш ва фуқаролик фаоллиги нуқтаи назаридан ёндашганда, ҳозирги инқироздан ёшлар ҳаммадан кўпроқ жабр кўрди", дея қайд этди. 

ШҲТ Бош котибининг фикрича, "бугун мамлакатларимиздаги ёшлар давлат, халқаро ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларининг навқирон авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ёшларнинг ижодий салоҳиятидан мамлакатларимиз манфаатлари йўлида фойдаланиш борасида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ташкилий ва ҳуқуқий чоралар кўриш орқали кўрсатадиган ёрдамига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож" эканини таъкидлаш лозим.

"Бугун ер юзи ёшларининг қарийб ярми ёки 800 миллион нафар киши Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маконида истиқомат қилади. Мамлакатларимиз ёшлари ўзларининг шижоати, новаторлиги ва янги ғоялари билан ШҲТнинг келгуси тараққиёт йўлида, фаолиятининг турли жабҳаларида муҳим таянч ҳисобланади. Худди шу боис ёшлар ҳамиша бизнинг Ташкилот диққат марказида туради", деди В.Норов.

 

 Айни пайтда Самарқанд форумида Ўзбекистон Президентининг БМТ 72-сессиясидаги ташаббуси асосида ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси матни кўриб чиқилмоқда.

Конвенция лойиҳасини тайёрлаш борасидаги ишлар икки йилдан кўпроқ вақт давом этди. Ўтган даврда ушбу соҳада тўпланган минтақавий тажриба ва хорижий мамлакатларнинг илғор амалиёти ўрганилди. Минтақавий ва миллий даражаларда турли тадбирлар ўтказилди.

 Ҳозирги вақтда Конвенция матни Муқаддима ва 26 та моддадан иборат. Конвенция муқаддимасида қай этилганидек, "барча мамлакатларда ёшлар ривожланиш мақсадлари учун зарур бўлган асосий одам ресурсларидан бири ва ижтимоий ўзгаришлар, иқтисодий ривожланиш ҳамда техника тараққиётининг асосий иштирокчилари" ҳисобланади.

Шу билан бирга, Конвенцияда "ёшлар глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жўшқин ривожланаётган шароитларда жамиятдаги йирик ўзгаришларнинг ўтказувчилари, манфаатдорлари ва жабрдийдалари ҳисобланиши" ҳам алоҳида таъкидланган. Худди шу омиллар Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциянинг қабул қилинишини тақозо этмоқда.

 

 

 

    Бошқа янгиликлар