АсосийJamiyat

Маҳкумларга нисбатан босим ва тазйиқ ўтказилиши мумкин бўлган ҳолатлар олди олинадиган бўлди

'Маҳкумларга нисбатан босим ва тазйиқ ўтказилиши мумкин бўлган ҳолатлар олди олинадиган бўлди'ning rasmi

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўналишида кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Уларнинг аксарияти суд, тергов жараёнида, терговга қадар амалга ошириладиган процессуал ҳаракатлар давомида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланишига қаратилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳаётга тадбиқ этилаётган ҳуқуқий меъёрлар кўплаб хорижий давлатлар томонидан эътироф этилмоқда.

Жорий йил 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унда суд-тергов фаолияти давомида амалга оширилиши лозим бўлган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган.

Фармон билан суд-тергов жараёнида янги тартиблар ўрнатилмоқда. Хусусан, терговга қадар текширув ёки терговда ушланган шахсни ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини гувоҳлантириш уларнинг ёки адвокатининг илтимосномасига асосан 24 соат ичида вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари ёки жазони ижро этиш муассасалари тасарруфида бўлмаган тиббий муассасалар ходимлари томонидан амалга оширилиши шарт, бунда ҳаражатлар илтимоснома киритувчи тараф ҳисобидан қопланиши белгиланмоқда.

Яъни ушбу тартиб орқали терговга қадар текширув ёки терговда ушланган шахс ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган маҳкумларга нисбатан ҳеч қандай босим ёки тазъйқ ўтказилиши мумкин бўлган ҳоллар олди олинмоқда, десак муболаға бўлмайди. Сабаби уларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ишлатилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар кўрилганда, бундан буён мустақил шифокор мутахассислар томонидан кўрик ўтказилади.

Шунингдек, вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳамда пенсия ёшига етган шахсларга нисбатан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.

Бу дегани, терговга қадар текширув ёки тергов жараёнида айб эълон қилинган шахс, агарда аҳолининг юқорида қайд этилган қатламларига қирса ҳамда унинг содир этган жинояти учун жазо Фармонда белгиланган меъёрларга тўғри келса, бундай ҳолатда ушбу шахс очиқда, унга нисбатан бошқа тарздаги эҳтиёт чораси (гаров, муносиб ҳул-атворда бўлиш)  қўлланилган ҳолда ишда иштирок этади.

Бундан ташқари мазкур ҳужжат ўлароқ, жиноят ишларини судда кўришни янада такомиллаштириш бўйича бир қатор нормалар жорий этилмоқда.

Жумладан, шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъий назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартибини жорий қилиш шулар жумласидандир.

Шу билан бирга жиноят ишининг терговга тегишлигиги институтини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам ушбу Фармонда белгиланган.

 

Дилзодахон Довудова

Бош прокуратура Академияси катта ўқитувчиси

    Бошқа янгиликлар