АсосийJamiyat

Ҳокимлар хорижга ишлашга кетганлар хонадонидан хабар олади, меҳнат стажини ҳисоблаш тизими мигрантлар учун ҳам татбиқ этилади

'Ҳокимлар хорижга ишлашга кетганлар хонадонидан хабар олади, меҳнат стажини ҳисоблаш тизими мигрантлар учун ҳам татбиқ этилади'ning rasmi

Аввал хабар қилинганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз элчихоналари ўзга давлатлардаги ватандошларимиз диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамлаши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Юртпарварлик, меҳр-оқибат ҳисси билан хориждаги фуқароларимизга ёрдам бериб келаётган шахсларни эътироф этиш, давлат мукофотлари билан тақдирлаш бўйича таклифлар билдирилди.

Чет элда меҳнат қилаётганларни ватани билан боғлаб турадиган энг катта восита маданият эканини инобатга олиб, улар учун шундай тадбирларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, телевидениеда Ўзбекистон элчихоналари ва консулликларининг халқ хизматидаги фаолиятини кенг ёритиб бориш тавсия этилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга хорижга ишлашга кетган юртдошларнинг оиласидан доимий хабар олиб, ота-онасининг соғлиғи, фарзандларининг ўқиши ва бошқа эҳтиёжларига кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

Хорижда ишлаб, малака орттириб қайтган фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда улар билан манзилли ишлайдиган, молиявий қўллаб-қувватлайдиган тизим яратилиши белгиланди.

Бунинг учун сектор раҳбарлари, меҳнат ва маҳалла идоралари вакиллари ўз ҳудудидаги шундай ташаббускорлар рўйхатини шакллантириб, уларнинг бизнес лойиҳаси билан танишади. Рўйхатдан ўтишга кўмаклашиб, 3 ойгача ижара тўловлари бўйича субсидия берилади. Шунингдек, тадбиркорликни бошлаш учун кредит ресурслари ажратилади ҳамда банк кредитлари таъминоти бўйича суғурта полиси харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Бу мақсадларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан йил якунига қадар 25 миллиард сўм, кредитлар учун 100 миллиард сўм ажратилади.

Яна бир масала – хорижда ишлаётган фуқароларнинг меҳнат стажини ҳисобга олиш тизимида атиги 4,5 минг нафар киши рўйхатга олинган. Шу боис мутасаддиларга ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш ва меҳнат стажини ҳисоблаш тизимини мигрантлар учун ҳам татбиқ этиш бўйича кўрсатма берилди.

Бош вазир ўринбосарларига ташкиллашган миграция бўйича иқтисодий, молиявий ва ташкилий-ҳуқуқий кўмак тизимини жорий этиш юзасидан алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Унда мамлакатимизда касб ва тилга ўргатиш, хорижда ишлаш кўникмаларини шакллантириш, йўлкира, патент, суғурта, пенсия ва кредит масалалари қамраб олинади. Шунингдек, ҳукуматлараро комиссиялар доирасида хориждаги юртдошларимизга муносиб шароит яратиш, чет элдаги банклар орқали уларни кредитлаш механизмлари назарда тутилади.

Йиғилишда белгиланган устувор вазифалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимлари, элчилар ахборот берди.

    Бошқа янгиликлар