Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Тадбирни очар экан, давлатимиз раҳбари пандемияни жиловлаш доирасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб, Мустақиллик байрамини бундай шароитда қандай нишонлаш юзасидан кўрсатмалар берди.
Ушбу масалада шифокорлар билан маслаҳат қилган ҳолда шундай хулосага келиндики, пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва сайиллар ўтказишни чеклаш талабини қўймоқда. Шунинг учун ушбу улуғ санани кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.
Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида байрам кунлари қизиқарли, янги форматдаги кўрсатувлар, эшиттириш ва чиқишлар намойиш этиш борасида тавсиялар берилди.






