АсосийЖАМИЯТ

"Одамлар кўчада ётибди": Вазирлик тарқалган видео бўйича муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қабулхонаси олдида одамлар кўчада ётгани акс этган видео тарқалди.

'"Одамлар кўчада ётибди": Вазирлик тарқалган видео бўйича муносабат билдирди'ning rasmi

Вазирлик мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

"Антикоррупция" Telegram-каналида "Таълим вазирлигида кимлар ишлайди?" сарлавҳаси остида эълон қилинган видеолавҳада "Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қабулхонасига яқинда боргандик, одамлар кўчада ётибди", мазмунидаги хабар тарқатилган.

Вазирлик маълум қилишича, видеода акс этган ҳолат жорий йилнинг май ойида содир бўлган. Фуқаронинг мурожаати вазирлик масъуллари томонидан белгиланган тартибда ўрганилган ва унга тегишли тушунтиришлар берилган. Мазкур ҳолат бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар вазирликда мавжуд.

Қайд этилишича, бир неча ой аввал содир бўлган ҳолатни «яқинда бўлган воқеа» сифатида тақдим этиш жамоатчиликни чалғитиши мумкин.

"Ахборот тарқатишда воқеанинг санаси, мазмуни ва ҳаққонийлигини текшириш ҳар бир масъулиятли ахборот тарқатувчининг вазифасидир", дейилади муносабатда.

Вазирлик сўнгги вақтларда мактабгача ва мактаб таълими тизими фаолиятига оид асосли ва асоссиз танқидлар, контекстдан узиб олинган ҳолатлар ҳамда эски видеоларни янги воқеадек тақдим этиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаган.

Шу билан бирга, вазирлик танқид ва жамоатчилик фикрини рад этмаслигини, асосли мурожаатлар тегишли тартибда ўрганилаётганини билдирган.

"Ҳақиқатга асосланмаган, бир томонлама ёки нотўғри талқин қилинган ахборот тарқатиш таълим тизимида меҳнат қилаётган минглаб устоз ва мутахассисларнинг шаънига салбий таъсир кўрсатади", дейилади расмий муносабатда.

Вазирлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ахборот тарқатишда холислик, масъулият ва журналистик-ахлоқий меъёрларга амал қилишга, текширилмаган маълумотларга берилмасликка ҳамда ахборот хуружи ва сунъий шов-шувларга қўшилмасликка чақирган.

"Тизимдаги камчиликларни биргаликда бартараф этиш мумкин, аммо ҳақиқатга ҳурмат йўқ жойда соғлом жамоатчилик мулоқотини қуриб бўлмайди. Ахборот тарқатишда шов-шув эмас, ҳақиқат устувор бўлиши керак", дейилади муносабатда.

    Бошқа янгиликлар

    "Одамлар кўчада ётибди": Вазирлик тарқалган видео бўйича муносабат билдирди - Darakchi.uz