АсосийЖАМИЯТ

“Док-1 Макс” иши бўйича жабрланганларга 16,7 млрд сўм компенсация тўланди

Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси хабар берди.

'“Док-1 Макс” иши бўйича жабрланганларга 16,7 млрд сўм компенсация тўланди'ning rasmi

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда компенсация тўловлари тўхтатилгани ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Судларнинг ижро ҳужжатлари асосида қарздор С. Кариев ва бошқа шахслардан 85 нафар фуқаро фойдасига жами 78 млрд сўм миқдорида зарарни ундириш бўйича ижро иши юритилмоқда.

Ундирувни таъминлаш мақсадида С. Кариевга тегишли Чилонзор туманидаги турар жой бинолари ҳамда “Бешёғоч” маҳалласи, Фурқат кўчасида жойлашган нотурар бино хатланган ва онлайн-аукционга чиқарилган.

Фурқат кўчасидаги нотурар бино 793 млн сўмга сотилган. Чилонзор туманидаги қиймати 7,1 млрд сўмга баҳоланган турар жой бинолари бўйича аукцион савдолари эса давом этмоқда.

Аукциондан тушган маблағлар, шунингдек, С. Кариевнинг оила аъзолари томонидан тўланган пуллар ҳисобидан ундирувчиларга жами 16,7 млрд сўм ўтказилган. Мазкур маблағлар улар ўртасида тенг тақсимланган.

Айни вақтда С. Кариев ва бошқа шахслардан қолган 61,3 млрд сўм зарарни ундириш бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 68 нафар бола вафот этган. Иш доирасида дори воситасини Ўзбекистонга импорт қилган ташкилот раҳбари ҳамда Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари 18–20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

    Бошқа янгиликлар

    “Док-1 Макс” иши бўйича жабрланганларга 16,7 млрд сўм компенсация тўланди - Darakchi.uz