АсосийСИËСАТ

Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларни табриклади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мамлакат педагогларига табрик йўллади.

'Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларни табриклади'ning rasmi

Давлат раҳбари табригида ўқитувчилик касби бугун янада обрў-эътиборли касбга айланаётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, ҳозир мамлакатда 40 минг нафар ўқитувчи 1 минг доллар, 1,5 минг нафари эса 2 минг доллардан зиёд маош олмоқда. Жорий йил янги форматда ўтказилган “Йил ўқитувчиси” танловининг 208 нафар туман ва шаҳар босқичи ғолибларига илк бор 616 миллион сўмдан мукофот берилган.

Бундай рағбатлантириш механизмларини келгуси йилдан боғча тарбиячилари ва техникум усталари фаолиятига ҳам жорий этиш режалаштирилган.

Президент сўнгги 10 йилда 1,8 миллион ўринли боғча ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилгани, 10 мингдан зиёд боғча ва мактаб замонавий кўринишга келтирилганини маълум қилди.

Шунингдек, олий таълим муассасалари сони 77 тадан 205 тага етгани, улардаги қамров 45 фоизни ташкил этаётгани қайд этилди.

Таълим соҳасидаги натижаларга тўхталар экан, давлат раҳбари 2026 йилда Ўзбекистон ўқувчилари халқаро олимпиадаларда 228 та медални қўлга киритганини айтди.

Бу йил ўқувчилик даврида хорижий тил ва фан сертификатига эга бўлган ёшлар сони 100 минг нафарга етган. Қарийб 5 минг нафар мактаб битирувчиси олийгоҳларга киришда энг юқори балл тўплаган.

PISA халқаро тадқиқотида Ўзбекистоннинг 15 ёшли ўқувчилари табиий фанларни ўзлаштириш бўйича 32 поғона юқорилаб, 48-ўринни эгаллаган.

Президент келгуси ўн йилни мамлакат учун миллий юксалиш даври сифатида белгилаб, бу жараёнда мактаб, техникум ва олийгоҳлар асосий таянч эканини таъкидлади.

Шунингдек, илғор педагогларни рағбатлантириш мақсадида Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофотини таъсис этишга қарор қилинганини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев устоз ва мураббийларни 1 октябрь байрами билан яна бир бор табриклаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва фаолиятида муваффақиятлар тилади.

    Бошқа янгиликлар

    Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларни табриклади - Darakchi.uz